СЎЗНИНГ ОБРАЗГА АЙЛАНИШ ЖАРАЁНИ
Бадиийлик ва унга хос хусусиятлар ҳақида адабиётшуносликка оид айрим дарслик ҳамда қўлланмаларда умумий маълумотлар учрайди. Бадиийлик ҳодисасининг миллийлик тамойилларига асосланган яхлит ва чуқур тадқиқини марҳум олим, филология фанлари доктори, профессор Б.Саримсоқовнинг “Бадиийлик асослари ва мезонлари” китобида кўриш мумкин. Китоб дастлаб 2004 йили жуда оз нусхада чоп этилган эди. Орадан салкам йигирма йил вақт ўтиб, олий ўқув юртлари филолог-мутахассислари ва талабалар орасида айни шу асарга эҳтиёж борлиги маълум бўлди. Буни тўғри англаган филология фанлари номзоди, доцент Ҳошимжон Аҳмедов мазкур қўлланмани тўлдириб, қайта нашр эттирди. Қувонарлиси, иккинчи нашр биринчисидан фарқли ўлароқ, профессорнинг бир нечта салмоқли мақолаларини ҳам ўз ичига олган.
Рисоланинг “Бадиийлик моҳияти ва асослари” деб номланувчи дастлабки бобида берилган мақолаларда муаллифнинг бадиий образ ва образлилик тушунчалари хусусида олиб борган баҳслари илмий мезонларга асосланган. Ўрни келганда олимнинг илмдаги плагиатликка, ёлғон ва риёкорликка қарши муросасиз бўлганини таъкидлаш жоиз. Профессор Б.Саримсоқовнинг илмдаги хизматлари, аввало, бирёқлама қарашлар ва чалкашликларга ўз ўрнида барҳам бергани билан аҳамиятлидир. Бадиий образнинг хусусиятлари ҳақида сўз юритар экан, олим унинг инсон онги, руҳи, ҳис-туйғулари орқали акс этган воқеликдан иборат эканини таъкидлайди. Яъни кўриш, эшитиш, сезиш, таъм ва ҳид билиш каби сезгилар орқали киши онгида вужудга келадиган маълумотлар яхлитлашади (синтезлашади). Бу ҳолат Б.Саримсоқовга кўра, “бадиий образнинг моҳиятлилигини таъминлайди”. Муаллиф бадиий образнинг моҳиятлилиги, яхлитлиги, кенг қамровлилиги, шаклдан мазмунга томон йўналганлиги каби тўрт типик хусусиятларига атрофлича тўхталади. Айниқса, адабиётшуноснинг сўзнинг образга айланиш жараёни борасидаги фикр-мулоҳазалари диққатга сазовор: “Сўз бадиий образга айланишида ўзига ҳам мазмуний, ҳам шаклий жиҳатдан катта эстетик юк олади. Агар кундалик нутқимизда “қуёш нури”, “булут”, “ёмғир”, “қор”, “шамол”, “сув” каби сўзлар оддий метеорологик тушунчаларни англатса, бадиий асарда улар муайян нарсаларнинг образига айланиб, шахснинг ҳис-туйғуларига таъсир кўрсатадилар, турлича таассуротлар, кайфиятлар уйғотиб, онгимизни бойитадилар”. Сўзнинг ўз маъносидан кўчиб, муайян нарса ёки ҳодисанинг мажозий, рамзий ёки метафорик тимсолига айланиши ўзбек адабиётидаги бетакрор ижод намуналари мисолида кўрсатиб берилган.
Адабиётшуносликдаги яна бир муҳим муаммо – қайси сўз туркумларининг образга айлана олиши масаласи рисолада соф филологик нуқтаи назардан тадқиқ этилган. Унга кўра, тилдаги барча сўз туркумлари образга айлана олиш имкониятига эга эмас. Фақат от, олмош ва феъл туркумидаги, шунингдек, отлашган барча туркумдаги сўзлар бадиий контекстда образга айлана олади. Сабаби шундаки, образга айланувчи сўз туркуми нарса, шахс ёки унинг ҳолати – ҳаракатини ифодалай олиши лозим. Бу каби илмий кашфиётлар нафақат адабиётшунослик, балки тилшуносликда ҳам қимматли аҳамият касб этади. Сўзларнинг икки усул – маъно кўчимлари ва ўзаро алоқа муносабатлари ёрдамида образга айланиш жараёнлари хусусида фикр юритилган ўринда истиора, метафора, метонимия, синекдоха, оксиморон, ташбеҳ сингари бадиий санъатларнинг истилоҳий маъносидан тортиб, ўзбек адабиётининг ёрқин намояндалари, Миртемир, Рауф Парфи, Абдулла Орипов, Ҳалима Худойбердиева, Хуршид Даврон ва бошқалар ижодида қўлланишигача атрофлича таҳлилу тадқиқ этилган.
Рисоладаги бадиий талқинларни ўқиб, бадиий асарнинг кейинги умри, ҳақиқатан ҳам, адабиётшунос қўлида эканига яна бир бор амин бўласиз. Гарчи бошқа тадқиқотчилар, адабиётшунос олимлар томонидан кўп марта ўрганилган асарлар бўлса-да, Б.Саримсоқов улардаги бошқалар эътибор қилмаган жиҳатларни илғай олган. Масалан, Миртемир шеърияти бошқа адабиётшунослар томонидан етарлича тадқиқ этилган. Бироқ мазкур рисоладаги “Онагинам” шеърининг талқини ҳеч бир олим назарида туйғуларнинг бунчалар ҳаётий ва ёрқин суратини топмаган. Профессор бадиий сўз назариясини муайян бир давр, бўлим ёки йўналиш доирасида эмас, балки бир бутун тизим сифатида, тизимли ҳолда тадқиқ этган.
Ижодкор руҳиятида кечадиган бадиий кечинма ва унинг турли адабий турларда ўзига хос тарзда намоён бўлиши хусусида фикр юритган олим “Бадиий кечинма реал воқелик таассуротларини ўзига хос образлар шаклида жонлантирувчи, фаоллаштирувчи руҳий ва ақлий жараёнлар ҳосиласидан иборат. Образнинг дояси ҳиссиёт бўлса, мураббийси ақл ва мантиқдир”, деб ёзади. Бу ўринда бадиий кечинма замирида яратилувчи образнинг ҳис-туйғу ёрдамида дунёга келиб, ақл ва мантиқ асосида шаклланиши, умуман, бадиий асар яратилишидаги барча омилларнинг ўзаро чамбарчас боғлиқ экани кўрсатиб берилган. Ҳис ва ақлни бадиий кечинманинг “икки қаноти” дея таърифлаган олим образ яратилишида иккала тушунча бир хил нисбатда бўлишининг тарафдори. Аслида ҳам, агар образ таркибида фақат ҳиссий меъёр устунлик қилса, у ҳолда образнинг ҳаётий мантиқ билан уйғунлигига путур етади. Агар ақл устунлик қилса, образнинг таъсирчанлиги, бадиийлиги пасаяди. Демак, бадиий асарнинг мукаммаллиги бадиий кечинмадаги ҳиссий ва ақлий нисбатнинг уйғунлигига боғлиқ. Буни тўғри англаган
Б.Саримсоқов ҳис ва ақл уйғунлигини образлиликнинг бош хусусияти деб кўрсатади. Шу ўринда рисоладаги “Образ таркибидаги ҳиссий компонент фалон фоиз, ақлий ҳисса фалон фоиз бўлиши лозим, бу нисбатни ижодкорнинг ўзи белгилайди ва ана шу нисбат унинг маҳорат мезонига ўлчов бўлади”, деган фикрга бироз эътирозимиз бор. Бизнингча, ижодкор ижод жараёнида, айниқса, илҳом оғушида бўлган кезлари ҳиссий ва ақлий компонентларга мутлақо аҳамият бермайди. Яъни айни пайтда у ўзида бўлмайди, унда ақл ва ҳис ҳақида ўйлашга-да имкон йўқ. Бунда ижодкор ғайришуурий ҳолатда бўлади. Бинобарин, ақл ва ҳис нисбати бадиий асарда ижодкорга боғлиқ бўлмаган тарзда инъикос топади. Демак, мазкур нисбатнинг қай даражада бўлишини ижодкор белгилай олмайди.
Адабий турлар ва улар таркибига кирувчи жанрлар талаби билан боғлиқ ҳолда бадиий кечинманинг турли даражада воқе бўлиши, лирик, эпик, драматик ва паремик кечинмаларнинг ўзига хос хусусиятлари мақолада илмий жиҳатдан асослаб берилган. Ҳар бир адабий турда бадиий кечинма ўзига хос тарзда намоён бўлиши, ҳар бир адабий турга хос ҳаёт воқелигининг танланиши ва тасвирланиши масалалари атрофлича ёритилган.
Бизнингча, олимнинг тўртинчи адабий тур ҳақидаги қарашларини ўзбек адабиётшунослигида илмий кашфиёт даражасида баҳолаш мумкин. Б.Саримсоқов паремия адабий турига хос бўлган хусусиятлар, унинг жанрлар таркиби ва генезиси, шаклий хоссалари, тузилишини назарий жиҳатдан пухта тадқиқ этган. “Паремия адабий турининг адабий жараёнда мавжудлиги инкор қилиб бўлмас ҳақиқатдир. Бу адабий тур айрим ижодкорлар ёки олимларнинг хоҳиш-иродаси билан кашф этилган адабий ҳодиса эмас. Бинобарин, бу адабий турни бутун адабиётшунослик қабул қиладими ёки қилмайдими, бу масаланинг моҳиятини ҳал этмайди. Биз ишонамизки, адабиётшунослик келажакда паремия турини тўла эътироф этади”, дея ўз мулоҳазаларини дадил олға суради ва мазкур фикрларини илмий жиҳатдан чуқур асослаб беради. Қўлланмада, шунингдек, бадиийлик қонуниятлари ва мезонлари бўлмиш ҳаққонийлик, самимийлик, мазмун ва шакл мутаносиблиги, пафоснинг ҳаётийлиги ва тиниқлиги, тасвир ва ифоданинг аниқлиги, образнинг яхлит тизимлилиги, бетакрорлиги, шартлилик миқёси ва даражаси, тил бадиияти каби масалалар ҳам тадқиқ этилган.
Китобдан жой олган “Адабиётнинг ижтимоий табиати”, “Бадик ўзбек маросим фольклорининг мустақил жанри сифатида”, “Эртак олдин яралганми ё достон?”, “Масъулият ва изланиш самараси”, “Ўзбек адабиётида сажънинг пайдо бўлиши масаласига доир”, “Ўзбек фольклорининг ижодий методларини аниқлаш масаласи”, “Ўзбек тўй маросимига оид бир жанр”, “Тажнис”, “Халқ достонлари таснифи ва оралиқ шакллар масаласи”, “Мотам ёр-ёрлари ҳақида” номли мақолаларнинг ҳар бири фандаги муҳим муаммолар ечимига қаратилган.
Умуман, “Бадиийлик асослари ва мезонлари” асари яратилганига салкам чорак аср бўлганига қарамай, ҳамон бадиий сўз талқини ва тадқиқига бағишланган муҳим илмий манба сифатида илмий қимматини йўқотмаган ва йўқотмайди ҳам. Бунда профессор Баҳодир Саримсоқовдаги ижодий ўзига хослик қомусийлик, мантиқийлик билан биргаликда, олим қўллаган илмий услуб, ёндашув усуллари ва тадқиқ принциплари муҳим роль ўйнайди. Айни жиҳатлар олим асарларини умрбоқийлик сари етакловчи омиллар десак, муболаға бўлмас.