“БИЗЛАРГА ДЎСТЛИК ДАРКОР...”
“Литературный Дагестан” ва “Соколёнок” журналлари
Бу йил 8 сентябрда Доғистоннинг улуғ фарзанди, шоир Расул Ҳамзатов таваллудига 100 йил тўлди. Шу сана муносабати билан еттита шаҳар – Махачқалъа, Москва, Санкт-Петербург, Минск, Боку, Тошкент ва Бишкекда кенг қамровли тадбирлар ўтказилди.
Севимли шоиримиз дўстлик ҳақида шундай деган эди:
Бизларга дўстлик даркор, у ҳақда қўшиқ даркор,
Ҳаводан ҳам, нондан ҳам шунга муштоқмиз минг бор.
22 – 23 октябрь кунлари “Расул булоқлари” номли маданий саёҳат дастури доирасида Тошкент шаҳрида тадбирлар бўлиб ўтди. Унда Расул Ҳамзатовнинг фотосуратлари ва китоблари, Доғистон миллий ҳунармандларининг ижод намуналари кўргазмалари уюштирилди, шоир ижодига бағишланган давра суҳбатлари ҳамда адабий учрашувлар ўтказилди. Доғистон Республикасининг санъат усталари томонидан буюк шоирнинг ижод намуналари асосида саҳналаштирилган концерт дастурлари намойиш этилди.
Тадбиркорнинг иккинчи куни биз таърифини кўп эшитган Адиблар хиёбонига, хиёбон ичидаги Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасига келдик.
Бизни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосарлари Ғайрат Мажидов ва Ботир Эргашев, Расул Ҳамзатов асарлари таржимони Асрор Мўминов, таржимон Бобохон Муҳаммад Шариф, шунингдек, Уюшма ходимлари кутиб олишди.
Ғайрат Мажидов йиғилишни очиб берар экан, Расул Ҳамзатов кўплаб таниқли ўзбек адиблари билан дўст бўлганини, ўзбек заминидаги турли йирик адабий тадбирларда ҳам иштирок этганини таъкидлади.
Ўз навбатида, делегациямиз раҳбари, Доғистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Марина Аҳмедова қўшни мамлакат вакиллари маданиятини, адабий муҳитини яхшироқ ўрганиш, адабий алоқаларни мустаҳкамлаш зарурлигини таъкидлади.
Ўзбек адабиётининг Абдулла Орипов, Муҳаммад Али, Зоҳиджон Обидов, Матназар Абдулҳаким, Омон Матжон каби таниқли шоирлари улуғ юртдошимиз шеърларини таржима қилган, бу анъана ҳозир ҳам давом этаётгани бизни жуда қувонтирди.
Улуғ шоир шеърларини таржима қилиб келаётган ўзбек шоири Асрор Мўмин Расул Ҳамзатовнинг “Менинг Доғистоним” китоби ўзбек тилида етти марта қайта нашр этилганини, Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳрида шоирнинг ўлмас қўшиғида тасвирланган “Турналар”га мемориал ёдгорлик ўрнатилганини таъкидлади.
Бобохон Муҳаммад Шарифнинг қўшимча қилишича, ўзбек халқи виқорли тоғлар мамлакати куйчисини азалдан ўзлариники деб ҳисоблаб, уни ўзбек адабиёти ХХ аср шоирлари билан бир қаторга қўйганлар ва севиб мутолаа қиладилар.
– Расул Ҳамзатов асарлари бизни ҳамиша бирлаштириб келган ва бундан кейин ҳам бирлаштиради, – деди доғистонлик шоира Сувайнат Исрафилова. – Мен ушбу бирлик янада янги босқичларга кўтарилиши учун ҳамкорликни кенгайтиришни таклиф қилдим. “Литературный Дагестан” газетаси ўн олти тилда чоп этилади, чунки диёримизда ўн олти халқ ва элат истиқомат қилади. Биз ўзбек адибларининг ижод намуналарини Доғистондаги ушбу халқлар тилига таржима қилиб, чоп этишга тайёрмиз, ўз навбатида доғистонлик ижодкорларимизнинг асарларини ўзбек тилида кўрсак, хурсанд бўлардик. Таклифим ўзбекистонлик ҳамкасбларимга маъқул келганидан хурсандман.
Учрашув сўнгида меҳмонлар ва мезбонлар бир-бирлари билан эсдалик совғалари алмашдилар. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан “Аллея литераторов” китоб-альбоми, Москвада нашр этилган “Антология узбекской поэзии” китоби, Расул Ҳамзатов музейи учун унинг ўзбек тилида нашр қилинган шеърлари тўплами туҳфа этилди.
Учрашув сўнгида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси тарихи музейи билан танишдик.
Билдикки, ўзбек диёри – дўстлар дийдорлашадиган юрт, бу ерда дўстлик ҳамиша азиз. Демак, кўп йиллар аввал Расул Ҳамзатов айтганидек:
Дўстларсиз кичик халқим янчиларди батамом,