October 20, 2023

ҲУНАРМАНДЛАР НАМОЙИШ ЭТАДИ  

Мамлакатлар ўртасидаги муно­са­батларнинг мустаҳ­кам­ла­нишида маданий-маърифий тад­бир­ларнинг алоҳида ўрни бор. Жумладан, халқаро санъат анжуманлари, кўргазмалар, биенналелар бу борада муҳим аҳамиятга эга. Ҳафта бошида Ўзбекистон Бадиий академиясининг Марказий кўргазмалар залида очилган IV Тошкент халқаро амалий санъат биенналеси қизиқарли тадбирларга бой ўтмоқда.

Мазкур санъат ҳафталигида Ҳиндистон, Миср, Япония, Озарбайжон, Тожикистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Франция, Италия каби ўндан зиёд хорижий давлатлардан ўттиз нафар, Рес­публикамиздан эса олтмишдан зиёд амалий санъат усталари иштирок этмоқда. “Глобаллашув ва миллий анъаналарни асраш: танлаш имконияти” деб номланган кўргазманинг намойиши тадбирнинг очилиш маросимига жозиба бағишлади. Марказий кўргазмалар залларида юзга яқин амалий санъат намуналари намойиш этилди. Нилуфар Мусажонова ва Мадина Қосимбоеванинг каштачилик буюмлари барчага манзур бўлди. Наманганлик Ҳаким Тожибоевнинг туркум кашталари ҳам азалий қад­риятлар ва анъаналарни янада бо­йит­гани билан санъатсевар мухлислар эътиборини тортди. Алишер Назиров ва шогирдлари Ҳумоюн Зокиров ва Ҳамидулло Неъматовнинг лойдан ясалган “Бахт қуши” номли композицияси ҳамда устанинг кулолчилик буюмлари, Ирина Лебедеванинг “Йил фасллари. Куз. Ёз” каби қавилган қуроқ панноларида, Тоир Шариповнинг “Озодлик аёли”, “Шарқ аёли”, “Тантанали тўй” деб номланган композициясида қадимий ва замонавий санъатнинг ўзига хос уйғунлигини кўриш мумкин.

– Бу биенналега меҳрим баланд, – дейди М.Акилова. – Илгари маҳобатли каштачилик сўзана ва фалакларим учун Гран-прига сазовор бўлган эдим. Бу сафар мухлислар эътиборига кашталаримни ҳавола этмоқдаман. Тадбирда кўп усталар билан мулоқотда бўлиб, ўзаро таж­риба алмашамиз, янги­лик­лардан хабардир бўламиз.

Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейи­да очилган бухоролик ҳунарманд Нодир Расуловнинг “Бухоронинг заррин жилваси” кўргазмасида амалий санъат дурдоналари намойиш этилди.

– Оиламизда учинчи сулоламан, –дейди уста. – Икки қизим ва ўғлим ҳам шу ҳунар билан шуғулланади. Афзаллик томони шундаки, уйда оила даврасида ҳам зардўзлик билан шуғулланиш мумкин. Ҳам меҳнат қиласиз, ҳам тижорат.

Биеннале қозоғистонлик Лейла Махатнинг “Онамнинг рўмоли”, тожикистонлик Зарафшон Шакардодова, россия­лик Наталья ва Татьяна Тарасова,Татевик Карапетян, қозоғистонлик Сержан Баширов, юртимиздан Ренат ва Ирина Мухаметшинлар кўргазмалари иштирокчилар билан гавжум бўлди.

Ўзбекистон заргарлик санъати ижод намуналари ҳам мухлисларга манзур бўлди. Халқаро маданият карвонсаройида “Ҳамро буви эртаклари” деб номланган кўргазма очилди. Унда Ҳамро бувининг ўйинчоқлари билан бирга Дилноза Назруллаева, Дилором Мухторова, Дилноза Каримова каби усталарнинг кулол ва сопол ўйинчоқлари ўрин олган.

Тошкент фотосуратлар уйида анъанавий тўқимачиликка бағиш­ланган кўргазма очилди. Ҳунарманд Мадина Қосимбоева каштачилик бўйича маҳорат дарсини ўтди. Ҳунарманд кашта тикишга қизиқувчи ёшлар билан шуғулланиб, бу ҳунарнинг сир-асрорлари билан ўртоқлашди. Ўзбекистон Бадиий академияси Анжуманлар зали­да “Амалий санъат манзараси: анъа­налар ва арт-бозор” халқаро илмий-амалий анжуманида мутахассис­лар санъатсевар мухлисларни қизиқтирган саволларга жавоб бердилар.

Куни кеча Тошкент халқаро амалий санъат биенналеси доирасида хорижий ва маҳаллий амалий санъат усталари Самарқандга ташриф буюришди. Меҳмонлари “Кўнгил” номли сайёҳлар қишлоғига саёҳат уюштиришди, Самарқанд шаҳрининг диққатга сазовор жойларида бўлиб, шаҳарнинг маданий ёдгорликлари билан танишишди.

Халқаро Биеннале дастуридан замонавий ўзбек ва хориж бе­зак санъати, миллий кулолчилик, хаттотлик ва миниатюра асарлари ўрин олгани, ганчкорлик, кулолчилик, наққошлик бўйича маҳорат дарслари ўтилгани, миллий ва замонавий либослар намойиши, ижодий учрашувлар, анжуманлар тадбирнинг мазмунан бой бўлишига хизмат қилди. Биенналенинг ёпилиш маросими бугун пойтахтимиздаги Марказий кўргазмалар залида бўлиб ўтади.

С.ҚОСИМОВА