АБАДИЯТ ҚОНУНИ
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан жорий йил 27 июлда имзоланган “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз икки йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорда “Янги ҳаёт учун, Янги Ўзбекистон учун!” деган бош ғояни ўзида мужассам этган ташкилий-амалий, маънавий-маърифий тадбирлар ҳамда тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилишига алоҳида эътибор қаратилган.
Янги ҳаёт, аввало, инсонлар онгида кечадиган ўзгаришлардан бошланиши маълум. Асрлар давомида шаклланган инсоний фазилатлар: эзгулик, яхшилик, виждон, тўғрисўзлик жамиятда инсон манфаатлари йўлидаги қонун устуворлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади. Шу маънода айтиш мумкинки, қайсидир йўллар билан қонунни четлаб ўтишга уринганлар барибир жавобгарликка маҳкум этилади. Бу азалий, абадий қонундир.
Қарорда “кўп миллатли халқимиз шу кунларда Ватанимизнинг ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий ҳаётида бутунлай янги даврни бошлаб берган унутилмас тарихий воқеа – Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз икки йиллик санасини баланд руҳ ва кўтаринки кайфият билан нишонлаш учун қизғин тайёргарлик кўраётгани алоҳида қайд этилган. Шунингдек, мустақил тараққиёт йўлидаги кенг кўламли ислоҳотларни изчил давом эттириш, барча соҳа ва тармоқлар ривожини янги босқичга олиб чиқиш мақсадида бугунги кунда юртимизда миллати, тили ва динидан қатъи назар, ҳар бир фуқаро эркин ва фаровон яшайдиган янги жамият ва давлат барпо этилаётгани таъкидлаб ўтилган.
Ҳар ким байрамга ўз совғаси билан боради деганларидек, суд-ҳуқуқ тизими ходимлари фаолиятига назар ташлайдиган бўлсак, бу соҳада катта ўзгаришлар юз берганини қайд этиш лозим. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 28 февралдаги “2022 – 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясини “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги фармони ва бу муҳим ҳужжатга илова этилган давлат дастури бизнинг ишимизда йўлчи юлдуз сифатида хизмат қилади.
Давлат дастурида аниқ мақсадларга йўналтирилган: вояга етмаганларга нисбатан жиноий жавобгарликни янада либераллаштириш; низоларни муқобил ҳал этишда медиация институтини ривожлантириш орқали фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларни соддалаштирилган тартибда ҳимоя қилиш; айрим тоифадаги жиноий қилмишлар учун жавобгарликни либераллаштириш; суд-тергов жараёнида иштирокчиларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ютуқларидан фойдаланган ҳолда самарали ҳимоя қилишни таъминлаш; маъмурий судга мурожаат қилиш имкониятларини янада кенгайтириш; жиноятларни тергов қилиш жараёнида “Хабеас корпус” институтини қўллаш амалиётини янада кенгайтириш каби вазифалар ижроси янги ҳаёт учун мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор бўлиб хизмат қилиши шубҳасиз.
2026 йилгача Тараққиёт стратегияси доирасидаги бешта муҳим йўналишнинг бири суд тизими эканига эътибор қаратар экан, давлатимиз раҳбари суд тизими мустақил бўлмас экан жамиятимизда ривожланиш бўлмаслигини, суд идорасига иши тушган ҳар бир шахс ушбу даргоҳда қонун ва адолат устуворлигига ишонч ҳосил қилиши лозимлигини, Янги Ўзбекистонда ҳар қандай баҳсли масалага адолатли ечим фақат одил суд томонидан топилиши кераклигини, судьялар ишига ҳар қандай аралашув жазоланишини таъкидлайди.
Янги Ўзбекистоннинг янги ҳаётидаги бундай ўзгаришлар адолат мезонини ташкил этади. Донишмандлар тараққий қилган миллатларнинг тараққиёти омили адолат, деганлар. “Адолат — бу давлатчиликнинг мустаҳкам пойдеворидир”, дейди давлатимиз раҳбари. Бу бутун дунёда эътироф этилган мезон. Шунинг учун бугун мамлакатимизда олиб борилаётган барча соҳалардаги ислоҳотлар, демократик ўзгаришлар Учинчи Ренессанс пойдеворини яратишга хизмат қилишини халқаро ҳамжамият ҳам эътироф этмоқда.
Ўттиз икки йил! Тарихан қисқа бўлса-да, бу даврда ҳаёт қанчалик ўзгарди, жамиятда, инсонлар ўртасида хаёлга келтириш мумкин бўлмаган муносабатлар шаклланди. Истиқлол даврида мамлакатимизда ижтимоий-сиёсий, ҳуқуқий, маданий-маърифий соҳаларда жуда кўп ўзгаришлар юз берганини эътироф этган ҳолда, айниқса, кейинги беш-олти йил давомидаги янгиланишлар қамровини ифодалаб бериш учун ҳар бир соҳанинг ўз мутахассислари таҳлил-тадқиқотлари лозим бўлади.