ЯХШИЛИК КУЙЧИСИ
Ўзбек қўшиқчилик санъатининг буюк дарғалари Жўрахон Султонов, Маъмуржон Узоқов, Комилжон Отаниёзов каби истеъдод соҳибларининг анъаналарини давом эттириб, эл кўнглига йўл топган хонандалар оз эмас. Улардан бири ўзига хос овози билан ўзбек қўшиқчилигида ўз ўрнига эга бўлган ҳофиз, Ўзбекистон халқ артисти Маъмуржон Тўхтасинов эди. Отаси Салимжон ака минг бир ҳавас ва ишонч билан ўғлига машҳур ҳофизнинг исмини қўйган.
Ўрта мактабда ўқиб юрган кезларидаёқ Маъмуржоннинг санъатга иштиёқи баланд эди. Мактабдаги тадбирларда устозлари ва мактабдош дўстларини, албатта, ёқимли қўшиқлари билан хушнуд қиларди. Мусиқа ўқитувчиси Тўлқинжон Эргашев унга кўпгина қўшиқларни ўргатиб, вилоят, туманларда ва республикамизда бўлиб ўтадиган байрам, қўшиқ танловларига пухта тайёрларди. Натижада Маъмуржон кўрикларда қатнашиб, биринчи ўринни эгалларди. 1975 йили ўрта мактабни тамомлаб, Қўқон автойўл техникумига ўқишга кирди. 1978 – 1980 йилларда Икромжон Бўронов раҳбарлигидаги Ҳарбий ансамблда хизмат қилди. Кейин Олтиариқ туманидаги Маданият уйида мусиқа раҳбари бўлиб ишлади.
1981 йилдан Тошкент давлат маданият институтида ўқишни бошлаган Маъмуржон устозлари Раҳматжон Турсунов, Тўлқин Тошматов, Тельман Ҳасанов, Тоҳир Йўлдошев ва Саодат Йўлдошевадан санъат сирларини ўрганди. Устозлари ёрдамида Ўзбекистон радиосининг “Олтин фонди”га қўшиқларини ёздиришга муваффақ бўлди. Маъмуржон санъатнинг оғир йўлида адашмасликка ҳаракат қилиб яшади. Унинг самимияти, камтарлиги одамлар орасида обрўсига обрў қўшарди. Ҳар бир қўшиғини яратиш учун тинимсиз изланди, меҳр билан ишлади, бор салоҳиятини ишга солиб меҳнат қилди. Асосийси, ижро этаётган қўшиғининг ҳар бир сўзига эътибор билан ёндашди. У куйлаган қўшиқлар элнинг назарига тушган видеофильмларнинг безагига айланган, сўзларини ҳар бир томошабин ёд биларди... Шу ўринда Маъмуржон Тўхтасинов таниқли режиссёр Мақсуд Юнусовнинг топилмаси, кашфиёти бўлганини ҳам эътироф этиш лозим. Яхшиликни биладиган, заррача яхшиликни эсдан чиқармайдиган Маъмуржон бир умр устоз Мақсуд акадан миннатдорлигини айтиб яшади.
Кўпчилик Маъмуржон Тўхтасиновни Пиримқул Қодировнинг “Юлдузли тунлар” асари асосида суратга олинган “Бобур” номли кўпқисмли видеофильмда ижро этган ашулалари, айниқса, “Яхшилик” қўшиғи орқали таниган. Аксарият мухлислари уни том маънода “Яхшилик куйчиси” деб биларди. Ҳофиз ижодий изланишлари давомида мумтоз адабиётимизнинг нодир дурдоналарига чуқур ҳурмат билан қарарди. Маъмуржон Тўхтасинов ижодида Алишер Навоий, Фузулий, Огаҳий, Бобур сингари буюк аждодларимизнинг ғазалларига алоҳида ўрин ажратилган эди. Унинг “Яхшилик”, “Буни умр дерлар”, “Нима қолди?”, “Яхшига қилсанг яхшилик”, “Ота-онанг ранжитма”, “Овворамиз” каби ўнлаб қўшиқлари аллақачон санъатсевар халқимиз кўнглидан ўрин эгаллаб улгурган. Ҳофиз яна кўплаб янги қўшиқлар яратиш, шогирдларга устозлик қилиш орзуси билан яшарди. Бироқ буни ҳаёт дейдилар, умрнинг поёни қаердалигини ҳеч ким билмайди...
Бир суҳбатда ҳофиз яхшилик фазилати ҳақида шундай деган эди:
– Мендан, нега айнан яхшилик ҳақида кўп куйлайсиз, деб сўрашади. Бунинг боиси, беш кунлик дунёда биздан фақат яхшилик ва эзгулик қолар экан. Менингча, инсон ҳеч қачон яхшилик қилишдан чарчамаслиги керак. Қилинган яхшилик жавобсиз қолмайди, бир куни, албатта, қайтади. Аслида икки дунёмизни обод қиладиган амал ҳам яхшиликдир. Бировга яхшилик қилган одамнинг қалби яйрайди, умри гўзал ўтади.
Маъмуржон Тўхтасиновнинг санъат соҳасидаги хизматлари инобатга олиниб, унга 1993 йили “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист”, 2000 йили эса “Ўзбекистон халқ артисти” фахрий унвони берилди. Шунингдек, 1992 йили халқаро Бобур мукофотига сазовор бўлди.
2012 йилнинг 25 июнь куни 55 ёшга тўлмаган ҳофизни сўнгги йўлга кузатган олтиариқликлар ва кўплаб ҳақиқий санъат шинавадалари учун қайғули кун бўлди. Кўнгилга таскин берадиган бир жиҳат бор. Энди унинг умри ўлмас қўшиқлари орқали давом этади. Айтиб улгурмаган қўшиқларни энди саҳнага чиқиб келаётган фарзандлари айтишига умид билдирмоқдан бошқа иложимиз йўқ. Маъмуржон Тўхтасинов ҳаммани аяшга ҳаракат қиларди. Лекин ўзини аямади...
“Ўзим ўқитувчилар оиласида тарбияланганим учун қўшиқларим билан одамларни тарбиялашга, озгина бўлса ҳам яхшиликка, эзгуликка чақираман. Бобурнинг бир шеърларида яхшилик сенга қайтмаса ҳам, яхшилик қилавергин, дейилган. Шунинг учун мен ота-она, яхшилик ҳақидаги қўшиқларни айтгим келаверади”, деган эди ҳофиз суҳбатлардан бирида.