December 29, 2023

ЖАДИДЛАР ВА ОНА ТИЛИ  

Тошкентда “Жадидлар: миллий ўзлик, истиқлол ва давлатчилик ғоялари” мавзусида бўлиб ўтган халқаро конференция нафақат ўзбек халқи, балки барча туркий халқлар маданий-маърифий, ижтимоий-сиёсий ҳаётида муҳим воқеа бўлди. Бу анжуман умумий Туркистон ғояси остида биргаликда иш олиб борган жадид боболаримизнинг серқирра фаолияти, миллий адабиёт, миллий давлатчилик, миллий ўзликни англашга оид фикр ва қарашлари, ғояларини чуқурроқ ўрганиш йўлидаги яна бир улкан қадамдир.

Яхши биламизки, жадид­лар фаолиятининг асосий мазмун-моҳиятида “Тилда, фикрда, ишда бирлик” деган ғоя етакчи бўлган ва улар бу ғояни ҳаётга тат­биқ эта бошлаганлар. Жумладан, янгича жадид мактаблари, кутубхоналар, театр ва нашриётлар очиб, газета, журналлар нашр этганлар. Илм, фан ютуқларини ҳаётга татбиқ этиш, шу орқали мамлакатни тараққий эттириш ғояларини илгари сурганлар.

Жадидлар ҳақида кўплаб мақолалар ёзган ва ўзи ҳам “Сўнгги жадид” дея ном олган профессор Бегали Қосимов “Уйғонган миллат маърифати” китобида жадидларнинг асосий мақсади миллатнинг ўз-ўзини англашига эришиш, давлат ва жамият қуришда Шарқ билан Ғарбдаги энг яхши анъаналарни бирлаштиришдан иборатлигини ёзган.

Жадид боболаримизнинг миллий уйғониш, миллий тараққиёт ғоясини рўёбга чиқариш борасидаги қарашлари бугунги кун билан ҳамоҳанглиги Президентимизнинг анжуман қатнашчиларига йўллаган табригида аниқ акс этди. Жумладан табрикда: “Буюк маърифатпарвар боболаримиз томонидан олға сурилган ғоявий-сиёсий, ижтимоий-маърифий ва ҳуқуқий-ахлоқий қарашлар, турли миллат ва элатлар ўртасида бағрикенг­лик ва ҳамжиҳатлик тамойилларини қарор топтириш билан бирга, миллий манфаатларни ҳимоя қилишга қаратилган интилишлар ҳозирги мураккаб ва таҳликали замонда барчамиз, аввало, ёшларимиз учун чинакам ибрат намунасидир. Уларнинг ҳаёти ва жасорати бугунги тинч ва осойишта кунларга осонлик билан эришилмаганини эслатиб, миллий истиқлолимизни, жонажон Ватанимизни кўз қорачиғидай асрашга доимо даъват этиб туради”, дейи­лади.

Жадидлар серқирра фаолиятининг ўзак масалаларидан бири она тилига тааллуқли бўлиб, уларнинг бу борадаги қарашлари ҳозирга қадар аҳамиятини йўқотмаган. Абдулла Авлонийнинг: “Ҳар бир миллатнинг дунёда борлиғин кўрсатадурган ойинаи ҳаёти тил ва адабиётидур. Миллий тилни йўқотмак миллатнинг руҳини йўқотмакдур!” деган сўзларини эсланг. Она тили ҳақида гап кетса, аксарият ҳолларда Авлонийнинг ушбу фикрлари иқтибос қилиб келтирилади.

Абдулла Қодирий: “Сўз сўйлашда ва улардан жумла тузишда узоқ андиша керак”, “Тилимизни камбағал дегувчиларнинг ўзи камбағал. Улар ўз нуқсонларини тилга тўнкамасинлар”, дейди. Адиб она тилимизнинг сўз бойлиги ва ўзига хос жозибаси акс этган “Ўткан кунлар”, “Меҳробдан чаён” романлари билан ўзбек романчилигига асос солди.

Жадидчилик ҳаракати асосчиларидан бири Маҳмудхўжа Беҳбудий 1915 йилда “Ойи­на” журналида чоп этилган “Тилимиз ҳақида” мақоласида туркий халқлар учун соддалаштирилган адабий тил яратиш масаласини кўтаради. Тил бирлиги туркий халқлар жипс­лигининг асоси эканини таъкидлайди. Шунингдек, у шева ва лаҳжаларга араб ва форс тиллари таъсири, тилнинг софлиги, янги сўзлар билан бойиб бориши масалаларига ўзига хос қарашларини билдиради. Ҳатто 1918 йилда Туркистонда ўзбек тилининг давлат тили сифатида тан олиниши ҳақидаги таклиф билан чиқади. У бундай таклифни 1908 йилда ҳам билдирган.

Беҳбудий ҳар бир миллат ўз тили билан фахрланиши, тилини улуғлаши, тараққий эттириши, муҳофаза қилиши билан бирга, бошқа тилларни ўрганишини ҳам тарғиб қилади. Жумладан, 1915 йилда “Ойина” журналида чиққан мақоласига “Икки эмас, тўрт тил лозим”, дея сарлавҳа қўяди. Туркий тилдан ташқари араб, форс ва рус тилини ўрганишнинг аҳамиятини изоҳлаб беради. Рус тилини билишнинг заруратини тижорат, саноат, замон илмини ўрганиш ва шу орқали мамлакатни тараққий эттиришга боғлайди.

Жадид бобомиз Исҳоқхон Ибратнинг: “Бизнинг ёшлар, албатта, бошқа тилни билиш учун саъй-ҳаракат қилсинлар, лекин аввал ўз она тилини кўзларига тўтиё қилиб, эҳтиром кўрсатсинлар. Зеро, ўз тилига садоқат – бу ватаний ишдир”, деган фикрлари ҳам юқоридаги қарашларга ҳамоҳангдир.

Исҳоқхон Ибратнинг ўзи кўплаб шарқ мамлакатларини кезиб, араб, форс, ҳинд, урду, инглиз, француз тилларини пухта ўрганган ва олти тилли луғат тузган. Шунинг­дек, жаҳон ёзувларининг тарихига нигоҳ ташлаб, лотин, юнон, хитой, ҳинд, араб, кирилл ёзувлари келиб чиқиши ҳақидаги “Жомеъ ул-хутут” (“Ёзувлар маж­муаси”) асарини яратади.

Ўзбекларнинг биринчи профессорларидан саналмиш Абдурауф Фитрат она тили бўйича яратган дарслиги, тилга оид ўнлаб мақолалари, асарлари, тадқиқотлари билан йирик тилшунос сифатида ҳам майдонга чиқди. Унинг 1919 йилда “Иштирокиюн” газетасида чоп этилган “Тилимиз” сарлавҳали мақоласи миллий тил учун қайғуришнинг ўзига хос намунасидир. Она тилининг тақдиридан, истиқболидан, бош­қа тиллар юки босаётганидан хавотир ҳисси мақоланинг мазмун-моҳиятига сингиб кетган. Айни пайтда муаллиф мақолада тилимизнинг тарихи, улуғлиги, бойлиги, бошқа тиллар орасида тутган мавқеи, нуфузини асосларкан, биргина “бил” сўзи ўзаклигида 98та сўз яратиш мумкинлигини ва бундай имконият бошқа тилларда йўқлигини илмий асослаб берди.

Фитрат раҳбарлигида ташкил этилган “Чиғатой гурунги” ташкилоти фаолиятида ҳам ўзбек адабий тили, имло, ёзув масалалари етакчи ўринда турган. Имлони ислоҳ қилиш билан гуруҳ аъзолари махсус шуғулланишган ва матбуот орқали кенг тарғиб қилишган.

Қатағон қурбонларидан бири Абдулҳамид Чўлпон “Адабиёт яшаса – миллат яшар”, дея халқ ҳаётида адабиётнинг аҳамиятидан сўз очади. У фикрини давом эттириб: “Адабиёти ўлмағон ва адабиётининг тараққийсига чалишмаган ва адиблар етишдирмағон миллат охири бир кун ҳиссиётдан, ўйдан, фикрдан маҳрум қолуб, секин-секин инқироз бўлур. Муни инкор қилиб бўлмас”, дей­ди. Чўлпон ўзининг ижодий фаолияти орқали тилимизнинг жозибаси гўзаллиги ва имкониятларини кўрсатиб, ўзбек адабий тилининг равнақига муносиб ҳисса қўшди. Тилда арабча, форс­ча ва татарча сўзларни ҳаддан ортиқ кўп қўллашнинг оқибатлари ҳақида бонг уриб, тилнинг софлиги учун ҳаракатга, ўзга тиллар таъсиридан қутулишга чақирди. Айрим даврий матбуот саҳифаларида тилга етарлича аҳамият берилмаётганини танқид қилди.

1938 йилда отувга ҳукм қилинган биринчи ўзбек тилшунос олими профессор Ғози Олим Юнусовнинг меҳнат фаолияти тилшунослик билан боғлиқдир. Олим “Ўзбек уруғларидан қатағонлар ва уларнинг тили”, “Юридик терминлар луғати”, “Ўзбек тили грамматикаси” каби асарлари ва кўплаб тилга оид мақолалари билан ўзбек тилшунослиги ривожига муносиб ҳисса қўшади.

Тилшунос, шоир, фольклоршунос ва таржимон сифатида Машриқ Юнусов – Элбекнинг ҳам жадидчилик даври адабиёти ва маданиятида ўз муносиб ўрни бор. У бош­ланғич синф ўқувчилари учун она тили дарс­лигини ёзган, “Ўзбекча шаклдош сўзлар” луғатини тузган. “Тил” ҳақидаги шеърида эса қуйидаги сатрлар битилган:

Мунгли қушим, сайраб-сайраб кел, англат –

Кимлар эрур турк тилини сотғувчи?

Булбул каби сайраб турғон бу тилни

Уялмайин бу ўлкадан отғувчи?!

Болдан тотли, жондан тунуқ туркчани

Тушунмайин хўрлаб-хўрлаб ётғувчи?!

Очунларда бойлигин кўрсатмасдан,

Кимдур бунга: “ёрарми, ёрамас” деган?

Мунгли қушим, унларни қўй, сен сайра,

Турк тилининг донғин чиқар кўкларга!..

Биз юқорида ХIХ аср охири ХХ аср бош­ларида улкан аҳамият касб этган жадидчилик ҳаракати намояндаларидан саноқли алломаларнинг тил ҳақидаги фикрлари, тил ривожи йўлидаги хизматларига тўхталдик, холос. Аслида уларнинг ҳар бирининг тил ва адабиёт ҳақидаги фикрлари алоҳида тадқиқотларга мавзу бўлади. Негаки, тилга бефарқ бўлмаслик, тилнинг софлигини сақлаш, уни бойитиш, тил имкониятларидан кўпроқ фойдаланиш – буларнинг ҳаммаси жадидлар фаолияти мезонларидан бўлган.

Жадидчилик ҳаракати намояндалари кўтарган кўплаб муаммолар бугунги кунимизга ҳам бегона эмас. Бугун ҳам она тилимиз бошқа тилларнинг таъсиридан қутулгани йўқ. Айниқса, пештоқларни эгаллаб олган, мактаб ўқувчилари ўқув қуролларидан тортиб болалар кийимлари ва ҳатто катталар кийим­ларигача хорижий атамалар босиб кетган. Ишлаб чиқараётган айрим маҳсулотларимиз ёрлиқларида имло хатолар, хорижий сўзлар, кирилл ва лотин ёзувлари қоришиб кетган.

Тўғри, кейинги йилларда мамлакатимизда она тилимизни ривожлантиришга доир Президент фармонлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари қабул қилинди. 21 октябр – Ўзбек тили байрами куни сифатида нишонладиган бўлди. Булар ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузини оширишга кенг йўл очди. Соҳа мутахассислари томонидан тил тарғиботи бўйича самарали ишлар қилинмоқда. Аммо жадидлар орзу қилган миллий уйғониш ҳар биримиз қалбимизда бўлмаса тил масаласидаги аҳволни ўнглаш қийин. Чунки тил билан боғлиқ аксарият муаммоларни асосан ўзимиз, ҳар биримиз келтириб чиқар­япмиз. Бирор бино қурсак номлаш учун ижтимоий тармоқларни титкилаб, хорижий сўз ёки ибора излаб қолаяпмиз.

Президентимиз анжуман қатнашчиларига йўллаган табригида: “Бугунги кунда Янги Ўзбекистонда инсон қадри улуғланадиган адолатли, эркин ва обод жамият, халқпарвар давлат, фаровон ҳаёт барпо этишга қаратилган ислоҳотларимиз жадид боболаримизнинг эзгу ғоя ва дастурларига ҳар жиҳатдан уйғун ва ҳамоҳангдир”, деб таъкидлади. Демак, биз биргаликда тил масаласида ҳам жадид боболаримизнинг илғор қарашларини амалиётга қўллашимиз лозим. Бунинг учун, биринчи навбатда, жуда кўпчиликни чалкаштираётган алифбога оид муаммоларни ҳал қилишимиз, алифбодаги айрим ўзгаришларни жорий этишимиз ва шу билан алифбо масаласига нуқта қўйишимиз зарур.

Жадидлар учун тарих, тил, адабиёт, маориф, илм масаласи ҳамиша долзарб бўлган. Чунки тарихини билган халқ ўзлигини билади. Миллат тимсоли ҳисобланган тилини улуғлаган эл ватанпарвар бўлади. Адабиёти бўлган миллат мангу яшайди. Маорифини кўтарган элнинг келажаги порлоқ. Илм ортидан қувган халқ кўзлаган манзилига етади. Буларнинг ҳаммаси халқ онгида мужассам бўлса, мамлакатнинг тараққий этишига ҳеч нарса ғов бўлолмайди.

Мақоламни адабиётшунос олим Қозоқбой Йўлдошевнинг қуйидаги фикрлари билан якунламоқчиман: “Миллатларнинг глобаллашув даврида, ҳозирги постмодерн замонида тил миллатнинг қиё­фасини, миллатнинг ўзлигини сақлаб қолиши мумкин бўлган энг сўнгги қўрғон. Миллатнинг ери бўлмаса ҳам миллат бўлаверади. Миллатнинг давлати бўлмаса ҳам миллат бўлаверади. Миллатнинг урф-одатлари ҳам бошқаларникига ўхшаб қолиши мумкин, лекин у миллат бўлиб тураверади. Лекин миллатнинг тили йўқолса, у энди миллат бўлмайди”.

Лола ЎРОҚОВА,

Китоб тумани ҳокимининг давлат тили масалалари бўйича маслаҳатчиси,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси