ҚИЗИЛ ОЛМА
Дарахтнинг энг учида
Кўзга чўғдек босилиб,
Турар эди бир дона
Қизил олма осилиб.
Неча кундир Эчкивой
Туролмасди бир жойда –
Олма сари талпиниб,
Ирғишларди бефойда.
Буни кўрган Жирафа
“Эҳ, лапашанг!”, деб қўйди.
Чўзди узун бўйнини
Ва олмани... еб қўйди!
ГУЖУМ
У – баҳайбат, у – кўркам,
Кўчамизнинг ғурури.
Тинмас яшил бағрида
Қушлар чуғур-чуғури.
Одамларнинг дилида
Ҳаяжонли бир туйғу:
– Авлодларга бизлардан
Баҳоси йўқ мерос бу!
Танасини бир нодон
Пичоқ билан ўйибди –
“Гуля плюс Валивой”
Дея ёзиб қўйибди.
Унга боқиб, вужудим
Оғриқларга тўлади –
Аҳмоқона ёзув ҳам
Наҳот, мерос бўлади?!
ҚЎРҚОҚ ФАСЛ
Дарахтларнинг раъйига
Қарамайди сира Куз –
Ҳаммасига ранг чаплар,
Берар бир хил сариқ тус.
Лекин кўм-кўк арчани
Четлаб ўтар наридан.
Журъат этмас бўяшга,
Қўрқар... игналаридан!
БИР ҚУШЧА
Мовий кўкда бир қушча
Чарх урарди айланиб.
Ҳовлимизга сепиб дон,
Мен кутардим шайланиб.
Ерга тушган заҳоти
Югурардим кўргани.
Бора-бора қушча ҳам
Қолди шунга ўрганиб.
Ўрмалаб, дон чўқилаб,
Ёнимдан ҳеч жилмасди.
Сира емиш излашнинг
Ташвишини қилмасди.
Қорни ҳар кун тўқ бўлгач,
Миннатсиз, текин донга –
Ажаб, қушча бутунлай
Учмай қўйди осмонга!
Рустам НАЗАР