Ханс Кристиан Андерсен
Ханс Кристиан Андерсен (1805 — 1875) номи бутун дунё болалари ва катталарига яхши маълум. Унинг ҳаётида жуда кўп қизиқарли воқеалар бўлиб ўтганки, ёзувчи туғилганидан буён ўтган икки юз йил давомида бу ҳақдаги аксарият гапларнинг росту ёлғонини ажратиб олиш мушкул. Аммо қуйидаги воқеаларнинг ҳақиқат эканига шубҳа йўқ.
Андерсенга ёзган эртаклари катта шон-шуҳрат келтирди, аммо у ўзини аввалига эртакчи ёзувчи сифатида кўрмаган. Ханс болалигидан театрни севган, 14 ёшида Копенгагенга машҳур актёр бўлиш учун йўл олган. Бу орзуси амалга ошмагач, пьесалар ёзишни бошлаган ва шу боис қироллик стипендиясига сазовор бўлган. Топганини эса гимназияда таълим олишга сарфлаган.
Эртаклар Андерсенга 1840 йилларда даромад ва машҳурлик олиб келган бўлса-да, у ҳамон драматург ёки романчи сифатида танилиш мақсадида пьеса, шеър ва насрий асарларини эълон қилиб турган. Умрининг охирларига борганда ўзининг эртаклари “дунёдаги энг ярқираган олтинлигини, бу олтин болаларнинг кўзларида оловдай ловуллашини, болалар ва ота-оналар тилида жаранглаб табассум уйғотишини” эътироф этган.
Барча замонлар ва халқларнинг буюк хаёлпарасти ўз ҳаётини ҳам эртакка айлантирган, дейиш мумкин. 1855 йилда унинг меъмуарлари, тўғрироғи, ўз ҳаётига бағишланган қиссаси эълон қилинади. “Ҳаётим эртаги” номли бу китобида Андерсен ҳаётида бўлиб ўтган воқеаларни бир неча афсоналарга уйғунлаштириб баён этади ва асар узоқ йиллар шов-шувларга сабаб бўлади.
Жумладан, эртакчи Дания тахтини эгаллаб Фредерик VII номи билан танилган шаҳзода Фритс билан дўстлиги ҳақида ёзади. Ёзувчи қиролнинг дафн маросимида қатнашишга рухсат олганми, йўқми – бу бизга қоронғу, аммо халқ орасида афсоналар тарқалган. Бироқ андерсеншуносларнинг таъкидлашича, 1833 йилда Андерсен Дания ҳақида ёзган шеърлар туркумини қиролга совға қилганда, у мамнун бўлган экан.
На камбағаллик, на атрофдагиларнинг масхаралаши ёш данияликнинг машҳурлик йўлидаги уринишларига тўсиқ бўлолмаган. Ханс Кристиан биринчи китобини 17 ёшида эълон қилади, 40 ёшга борганда эртаклар ёзиб катта бойлик орттиради.
Турли қулайликлар учун пул сарфлашни истамаган ёзувчи ўттиз мартадан ортиқ саёҳатларда бўлади, Гейне ва Диккенс билан танишади.
Аммо у ўзининг ташқи кўринишига мутлақо эътибор бермаган. Эртакчини одатда оҳори тўкилган эски кийим-бошда кўришган, ўзининг уйи бўлмаган, Андерсен умрининг охиригача ижара уйда яшаган, мухлислари ва ҳомийлари қанчалик кўп бўлмасин, 70 ёшида ёлғизликда вафот этган.
Эртакчининг дафн маросими эртаклардагидек тус олган. Уни сўнгги йўлга кузатиш учун шоҳу гадо келган. Хорижликлар, элчилар, талабалар, қашшоқлар, ҳатто Дания қиролининг шахсан ўзи ҳам маросимда иштирок этган.
Болалар ва ўсмирлар адабиёти халқаро кенгаши (IBBY) 1956 йилдан буён энг яхши болалар ёзувчиларига Андерсен номидаги мукофотни бериб келмоқда, 1966 йилдан бошлаб рассом-иллюстраторларга ҳам бу мукофот берила бошланди.
Андерсен медали икки йилда бир марта, 2 апрелда – эртакчи таваллуд топган кунда тақдим этилади. Болалар адабиёти бўйича бериладиган бу мукофотни “Кичик Нобель” деб ҳам аташади.
Турли йилларда ушбу мукофотга Элинор Фарджон, Астрид Линдгрен, Эрих Кестнер, Туве Янссон, Жанни Родари, Эйко Кадоно ва бошқалар сазовор бўлишган.