October 6, 2023

МАЙСАЗОРДА ЯРҚИРАР ҚИРОВ  

Турсун АЛИ

КУЗ РАНГЛАРИ

Ўксинган юракдай куз йиғлар,

Кўзёшлари осмон йўлидай узун.

Менинг-да руҳиятим, о, куздек.

Ғамгин ҳув тоғларга қарайман илкис,

Унда куз ранглари изғийди нолон.

Менинг ҳам қалбимда тентирайди куз.

Келгин, олисдаги болалик дўстим,

Бир зум ҳасратлашайлик жим,

Бошимизда куз шамоли эсмоқда...

Дунёда ранглар кўп: оқ, қизил, қора,

Куз! Сенга ўхшайман, қара,

Юрагимдан ранг олақол.

ХОККУЛАР

Тун устида учиб боряпман,

Ҳозир, мана ҳозир

Ойга тегар ўжар қўлим.

* * *

Майсазорда ярқирар қиров,

Сен қайдасан,

Келсанг-чи, ёнимга бирров.

* * *

Туманга бурканган боғ ичра

Сен йўқсан-ку, эй гулим,

Наҳот, эшитмасанг маҳзун ҳайқириғим?..

* * *

Куз шовқини тинди,

Ёмғир, шамол йўқ,

Фақат сен борсан, Севгилим!

* * *

Тол соясида қунишдик бизлар,

Тепамизда эса қушлар

Куз қўшиғин куйлашар ғамгин.

* * *

Имант Зиедонис шеърин ўқирдим,

Ташқарида бир қиз

Кечиб борар қор,

Ортидан қоларди ғаройиб бир из,

Менинг юрагимда шеърият виқор...

Тафаккур дунёмда, о, Зиедонис,

Ҳадсиз бахш этарди ранго-ранг туйғу.

Ва севги,

Ҳолбуки,

Аллақандай ҳис

Қалбимга ҳадя айлади чолғу.

ҒИЖЖАК НАВОСИ

Абдуҳошим Исмоиловга

Ажаб куй таралар – ғамгин ва маъюс,

Ўртайди юракни, титрагай вужуд.

Тилимга келмайди ақалли бир сўз,

Кўзларимда дунё чексиз, беҳудуд.

Келасан қайдандир кўзлари нолон,

Оҳ, балки ёшлигим эрурсан юпун?

Онамдурсан, эрта кетган оламдан,

Қалбим тилкалаган севгисан, жунун.

Етим қўзи мисол, о, дилдираган,

Укамсан, синглимсан, кўзида маржон!

Биринчи севгимсан, жим мўлтираган,

Нечундир сирқирар, ўртанар бу жон.

Сузади кўзимда олис қишлоғим,

Болалик дўстларим кўтарар шовқин.

Дарёдек тўлади соғинган бағрим

Ва бирдан туяман умримнинг завқин.

Ажаб куй таралар – маъюс ва ғамгин,

Руҳимни тирнайди ғижжак навоси.

Серғалва дунёда ушбу кез сокин,

Юрагимга чўкмиш қишнинг ҳавоси.

Ажаб куй таралар маъюс ва ғамгин...

ҒУЛОМ ФАТҲИДДИН ЁДИ

Ё фалак, куздан ранг олаётир у,

Овози ҳам куз каби синиқ ва ҳорғин,

Япроқ янглиғ умидлари сочилган унинг.

Бағри унинг кузга ўхшарди, шаксиз,

Эҳ, туйғулари тўкилди куз офтобидек,

Элас кўринар у туман оғушида.

У йиқилди куз япроғидек чилпарчин,

Она замин бир қалқиб олди,

Юзга етган она увлар куз каби.

Бир чимдим тупроққа етмагай қўлим,

Наҳот, ўнгим, тушимми? Билмасман сира,

Сен ўзинг келақол, Ғулом Фатҳиддин.

Куз шохига қўнган қушчага

Энтикиб тикилдим, эвоҳ, у

Ёдга солди фоний дунёдан кетган шоир дўстимни.

* * *

Камолот нелигин билмасдим, зеро,

Ҳассага таянган йўлчиман букун.

Гоҳида кундузим ранг олар қора,

Кўнглимга сиғмайди олам бус-бутун.

Кексалик узлатга чекинмоқ, наҳот?

Сен борсан-ку, йўқсан, ёруғ дунёда.

Шеър айтиб девона Машрабдек ҳайҳот,

Сен сари борурман пойю пиёда.

* * *

Кеч куз. Овлоқ дала ҳувиллар ғамгин,

Шамоллар баргларни тўзғитар бедор.

Ингроқ товуш елар яқиндан бетин,

Не ажаб, ковакда бир ит бемадор.

Ғужанак ҳолатда ётур шўрлик ит,

Тепчир ориқ қорни, юнглари тўзғин.

Вужудимни босди қўрқинч бир сукут

Ажаб, боравердим ит сари яқин.

Кел, Бўйноқ, кел Оқтой, уни чақирдим,

Ит эса инграрди очмай кўзларин.

Овоз йўқ, атрофда кўринмас ҳеч ким,

Ҳавода муаллақ ўтинч сўзларим.

Кўнглимни чайнади итнинг қисмати,

Шу кўйга солган-ку қарилик ори.

Балки етаклаган итнинг мамоти,

Бека хизматига етмай мадори.

Юрагим эзилди, ўкиндим шу кўй,

Юлдуз милтираган осмонга боқдим.

Эзгин хаёлимдан кечди турфа ўй,

Уммонда елкансиз кемадек қалқдим.

* * *

Йўловчи йўлидан адашган каби

Мен ҳам

Ўз сўзидан адашган шоир.

Осмонда адашган турналар сафи

Мисоли қисматим турнага доир.

Зотан,

Ким ҳам ҳаёт йўлида адашмас,

Ҳаттоки, учоқлар адашар кўкда.

Кема бошқарувчи денгизда сармаст

Адашган,

Туғёнли тўфон кўркида.

Барча адашганни кечирар авом,

Барча адашганлар топиб олгай йўл.

Бироқ,

Сўз устида шоир адашса,

ўчиролмас юрак,

На қудратли қўл!

Турсун АЛИ