ТАЪЛИМ ТАРАҚҚИЁТДА АКС ЭТАДИ
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг давлат раҳбари сифатидаги серқирра фаолиятида ҳамиша таълим-тарбияга эътибор етакчи ўринни эгаллаб келади. Бу бежиз эмас. “Биз устозни отадай улуғдеб билган, доимо ардоқлаган маърифатпарвар халқнинг вакилларимиз, – дейди давлатимиз раҳбари. – Мен ҳам ўқитувчи, муаллим деганда ўзим учун энг азиз ва ҳурматли бўлган, зиёли ва замонавий, самимий ва меҳрибон инсонларни тасаввур қиламан. Чункиҳаммамизгаҳамшумуаллимсабоқватаълимбериб, меҳрибон ота-оналарими зқаторида тарбиялаган. Бугунги кунда Ўзбекистоннинг янги тараққиёт даври пойдеворини яратяпмиз. Бунда бизнинг энг яқин кўмакчиларимиз устоз ва мураббийлар, илмий ва ижодкор зиёлилардир”.
Ҳақиқатан ҳам, бу гаплар тасдиғини ҳаётда,Тошкент шаҳар Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси мисолида ҳам яққол кўриш мумкин. Бошқарма тасарруфида бугунги кунда 473 та таълим муассасаси фаолият юритаётган бўлса, шундан 323 таси умумий ўрта таълим, 17 таси махсус ёрдамчи, биттадан Президент ва Ижод, 6 таси ихтисослаштирилган, 125 таси нодавлат умумий ўрта таълим мактабларидир. 964 та Мактабгача таълим ташкилотлари эса давлатга, турли вазирлик ва идораларга, Нодавлат мактабгача таълим ташкилотларига, Давлат хусусий шерикчиликка қарашли бўлгани ҳолда, улар орасида 77 таси Оилавий нодавлат Мактабгача таълим ташкилотидир. Кўрининиб турибдики, ота-оналарнинг талабларидан келиб чиқиб, фарзандларини ўзлари танлаган таълим муассасасида ўқитиши учун етарлича шароит яратилган. Таълим тизимида олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотлар ўз натижаларини бериб, Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясига мос равишда ривожланмоқда. Бу ўз самараларини бериши шубҳасиз. Таълим муассасаларининг фаолиятини методик қўллаб-қувватлаш ишлари бошқарма томонидан мувофиқлаштириб борилади. Бу мактабларда ўзбек тили билан бир қаторда рус, аралаш (ўзбек-рус-қозоқ) тилларида ҳам сабоқ бериб борилади. Бу мактабларда таълим олаётган ўқувчилар сони салкам беш юз минг (490 224) нафар ўқувчини ташкил этаётгани сифатли таълим беришнинг нечоғли масъулиятли эканини англатади.
Жорий ўқув йилидан бошлаб барча мактабларда ҳар душанба куни Давлат мадҳиясини куйлаш ва Байроқ кўтариш амалиёти жорий этилди. Шунингдек, белгиланган кунлари юқори синф ўқувчилари учун ахборот соатлари ташкил этилиб, уларда ёшларни юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, яратилаётган шароит ва имкониятлар билан таништириб бориш йўлга қўйилди.
Барча мактабларда миллий бурчаклар, ЭКО-ҳудудлар ташкил қилиш ишлари давом этмоқда. Улар орқали ўқувчи-ёшларда ватанпарварлик туйғуларини ривожлантириш, табиатни асраш, атроф-муҳитга нисбатан эҳтиёткорона муносабат, масъулият билан қараш ҳиссини тарбиялаш ишларини амалга ошириш кўзда тутилган.
Ўқитишда долзарб ва самарали натижаларга эришишни таъминлайдиган янги сифат босқичига кўтариш мақсадида жорий ўқув йилидан бошлаб 131та умумтаълим мактабларида тажриба-синов жараёнлари амалга оширилмоқда. Хусусан, 7 та мактабда Президент таълим муассасаларининг ўқитиш тизими асосида билим бериш йўлга қўйилди. 15 та мактабнинг 10-синф ўқувчилари учун тўрт йўналишда танлов фанлари белгиланиб, ўқувчиларга танланган фанлардан чуқурлаштирилган ҳолда билим берилмоқда. Жорий ўқув йилида математика-физика йўналишида битта, она тили, чет тили йўналишида олтита, кимё-биология ва математика, чет тили йўналишларида тўрттадан, жами 15 та синфда 500 нафардан зиёд ўқувчига чуқурлаштирилган билим берилмоқда. 12 та мактабда ўқувчиларни иккинчи хорижий тилга ўргатиш ва касбга йўналтириш ишлари амалга оширилмоқда. Шунингдек, иккинчи хорижий тил ва битта касбга ўргатиш бўйича қўшимча 32 та мактаб танлаб олиниб, 2024 йил январь ойидан фаолиятини бошлайди.
Тошкент шаҳар тажрибаси сифатида барча туман мактабгача ва мактаб таълими бўлимларида “Таълим сифатини таҳлил ва ташхис қилиш маркази” ташкил этилиб, ўқитувчиларга методик ёрдам кўрсатиш орқали таълим сифатини ошириш амалиёти йўлга қўйилди.
Мактаб директорлари ва педагогик жамоасининг салоҳиятидан келиб чиқиб ўқувчиларнинг билим ва кўникмаларини баҳолашнинг янги тартиби жорий қилинадиган 87 та мактаб учун Ихтисослаштирилган мактаблар агентлиги билан ҳамкорликда семинарлар ташкил этилди.
Инвестиция ва бошқа дастурлар доирасида мактабларда қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилиши, қўшимча янги ўқувчи ўринлари яратилиши борасида замон талабидан келиб чиқиб катта ишлар амалга оширилмоқда. “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси доирасида мактаблар инфратузилмаси яхшиланиб, мебель ва техник воситалар билан жиҳозланмоқда. Давлат дастурлари билан бир қаторда инвестиция дастури доирасида шарт-шароитларни яхшилаш ишлари изчил олиб борилмоқда.
Турли мавзуларда ташкил этилган анжуманлар, ўқув-амалий семинарлари, семинар тренинглар, устозларнинг миллий форумлари амалий ишларимизга асос бўлмоқда.
Кейинги йилларда болаларга ёшлигидан хорижий тилларни ўргатиш долзарб вазифаларимиздан бирига айланди. Пойтахтимиздаги мавжуд мактабларнинг 322 тасида инглиз тили фани ўқитилмоқда. Шунингдек, 12 та мактабда француз тили, 7 та мактабда немис тили ва 13 та мактабда бошқа чет (хитой, корейс, япон, ҳинд, араб) тиллари иккинчи тил сифатида ўргатилади. Рус синфлари учун аниқ фанлар (физика, математика, химия-биология)дан “Зўр класс” лойиҳаси доирасида 24 нафар россиялик мутахассис фаолият кўрсатмоқда. Шунингдек, корейс тили ўқитиладиган 7 та умумтаълим мактаблари Корея таълим маркази томонидан дарсликлар билан таъминланди.
Ўқувчиларни касб-ҳунарга йўналтириш бўйича 12 та таянч мактаби ташкил этилди. Жорий йил бошқарма мутахассислари, барча туман ММББ бошлиқлари ҳамда 12та таянч мактаб директорлари Самарқанд вилоятининг Оқдарё туманидаги 32-сонли мактабда тажриба алмашиб келди.
Таълим муассасаларида ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, ўқувчи-ёшлар ўртасида ёт ғоялар ва зарарли одатларнинг олдини олиш, уларда мустақил фикрлаш кўникмаларини шакллантиришга қаратилган шаҳар миқёсида элликдан ортиқ тадбир, ижодий учрашувлар, давра суҳбатлари ва семинар-тренинглар ўтказилди. 35 та мактабда ташкил этилган “Инклюзив таълим”га 145 нафар ўқувчи жалб этилди. Шунингдек, 209 та мактаблар қошида логопедия шохобчалари ташкил этилиб, 11022 нафар нутқида нуқсони бўлган бола қамраб олинди. Жорий йилда “Менинг келажакдлаги касбим” мавзусида онлайн видеороликлар танлови ўтказилиши, Тошкент шаҳар вояга етмаганлар билан ишлаш марказида 30 нафар мактаб амалиётчи психологлари томонидан ҳуқуқбузар ва жиноятга мойил ўқувчилар, шунингдек, нотинч, ноқобил оила фарзандлари билан индивидуал суҳбатлар, тренинг машғулотлари олиб борилиши, “Ёшлар ижод саройида” “Таълим ва карьера” халқаро кўргазма ташкил этилиши, унда барча мактаб битирувчиларининг иштироки таъминланиши, турли зўравонликларга учраган ўқувчилар билан коррекцион ишлар ташкил этиш бўйича “Маҳорат дарс”лари амалга оширилиши таълим доирасидаги фаолиятнинг серқирралиги ортиб бораётганини кўрсатади.
Ўқувчилар ўртасида умумтаълим фанлари бўйича Асосий фан олимпиадаларининг туман ва шаҳар босқичлари, ғолибликни эгаллаганларнинг Республика босқичида иштироки таъминланиши, Тошкент шаҳрида жойлашган давлат ва нодавлат олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда ўтказилган фан олимпиадаларига ўн минглаб ўқувчилар иштироки кутилганидан зиёда натижаларни бермоқда.
Маданий-маърифий соҳада бошқарма ташаббуси билан “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” ҳафталик газета ижодкорлари билан ҳамкорликда “Мактаб – менинг ҳаётим” номли китоб нашрдан чиқарилди. Китобда Тошкент шаҳридаги мактабларда намунали фаолият юритаётган 17 нафар фан ўқитувчиси, уларнинг илғор ташаббуслари ва тажрибалари ҳақида мақола ва очерклар жамланган. Республикамизда ва хорижда таниқли шоир-ёзувчилар иштирокида ёзилган бу мақолаларнинг йил давомида “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида бериб борилиши шаҳримиз мактаблари ўқитувчилари қалбида фахр-ғурур, ифтихор туйғуларини уйғотганига китоб тақдимотлари пайтида гувоҳ бўлдик. Бу жараён жуда ҳаяжонли эди. Шу сабабли, бундан буён республикамиздаги нуфузли ва суюкли адабий газета билан ҳамкорликни давом эттириш ниятимиз бор. Пойтахтимиздаги барча мактабларга газетанинг етиб бориши борасида ҳам керакли ишлар амалга оширилмоқда. Давлатимиз раҳбари қайд этганидек, “Адабиёт – халқнинг юраги” дир. Бу юракнинг қандай нафас олишини ҳафталик адабий газета орқали ҳис этяпмиз. Қолаверса, газета она тили ва адабиёти, тарих, тарбия сингари қатор фан ўқитувчилари, ижодкор устозлар фаолиятини ҳамда маънавий-маърифий тадбирларимиз самарадорлигини оширишда муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда.
Жорий йилда Миллий ва халқаро тан олинган сертификатларга эга бўлган фан ўқитувчиларининг улуши ўн фоизга ошишига эришилди. Ўнлаб ўқитувчилар Президент фармонига кўра, орден ва медаллар билан тақдирланишгани ҳам таълимга эътиборнинг бир намунасидир. “Мард ўғлон”, Зулфия номидаги Давлат мукофотларига сазовор бўлган ўқувчиларимиз билан ҳам фахрланамиз.
Мактабгача таълим ташкилотларига қамраб олинмаган 6 ёшли болаларни мактаб таълимига қамраб олиш мақсадида 72 та ДМТТда мажбурий бепул бир йиллик гуруҳлар ташкил этилиб, унга 1260 нафар бола қамраб олинди. Мазкур бир йиллик гуруҳда болаларга “Илм йўли” вариатив дастури асосида таълим-тарбия жараёнлари амалга ошириб келинмоқда.
Мактабгача таълим ташкилотларида таълим сифатини ошириш, таълим жараёнига инновацион усулларни татбиқ этиш мақсадида Пучон Университети ҳамда Тошкент давлат педагогика университети билан ҳамкорлик шартномалари тузилиб, мактабгача таълим ташкилотларида ташкил этилаётган тадбир ва семинарларга мазкур ўқув юртлари ўқитувчилари таклиф қилиниб, турли мавзуларда маъруза ва семинар-тренинглар ўтказилиб келинмоқда.
Шаҳар мактабгача таълим тизимида фаолият юритиб келаётган ходимлар ва тарбияланувчиларни электрон ҳисобга олиш бўйича nodavlat.bogcha.uz дастури ишга туширилди. Ушбу тизимда тарбияланувчилар электрон ҳисобга олиниб, умумий давоматни назорат қилиш имконини бермоқда.
Малакали раҳбарлар муҳитини шакллантириш мақсадида Тошкент шаҳри бўйича энг тажрибали директорлардан иборат “Директорлар кенгаши” ташкил этилади. Мактаб директорлари лавозимга мазкур кенгаш тавсияси билан очиқ танлов асосида тайинланади. Улар учун “Замонавий раҳбар – давр талаби” мавзусида семинар-тренинг ташкил этилмоқда.
Бир сўз билан айтганда, Тошкент шаҳар Мактабгача ва мактаб таълими бошқармасининг жорий “Инсонга эътибор – сифатли таълим йили”да амалга оширган ишлари келгуси фаолиятига асос бўлиб хизмат қилади. Зеро, таълим тараққиётда акс этади.
Тошкент шаҳар Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи