ҲУШТАКЛИ ҚОЗОНЛАР
Бизнинг муқаддас бурчимиз миллий саноатни қўллаб-қувватлашдир. Шу боис, мен матбуот вакилларини ҳуштакли қозонлар ишлаб чиқарадиган заводга таклиф қилишганини билганимда чин дилдан хурсанд бўлдим. Биз матбуотчи ҳамкасблар йиғилдик ва бизни дарвоза олдида кутиб олишди. Завод директори ёқимтой, хушмуомала киши экан. У ҳар биримиз билан ўрнидан туриб саломлашди, қўл бериб сўрашиб, қулай ўриндиққа ўтқазди.
Миллий саноатимиз дадил қадам ташлаб ҳуштакли қозон ишлаб чиқаришни ўзлаштирганидан жуда ҳурсанд бўлдим.
Директор бизни чекишга таклиф қила туриб, қўнғироқ тугмасини босди. Чиройли кийинган одам кириб келди.
– Меҳмонлардан нимани хоҳлашларини сўранг, – деди директор унга. Кейин у бизга юзланди: – Бизда яхши қулупнай шарбати бор.
Биз газетачилар, ўттизга яқин одам йиғилгандик, ҳаммамизга хушмуомалалик билан чой, қаҳва ёки қулупнай шарбати улашишди. Дастлаб об-ҳаво ҳақида гаплашдик, кейин маҳаллий фильмлар хусусида, сўнгра балиқчиликни ривожлантириш чора-тадбирлари муҳокамасига ўтилди. Бир нечта ўткир латифалар айтилиб, қувноқ кулгилар янгради. Орамизда латифагўйликни қотирадиганлар кўпчилик экан, директорнинг хонаси бир зумда гурунгхонага айланиб, ҳар ким ичида борини тўкиб солди.
Кейин завод директори меҳрибонлик билан барчамизни тушликка таклиф қилди.
Дастурхон ноз-неъматларга тўлиб тошган эди. Бу ерда йўқ нарсанинг ўзи йўқ: қўй гўшти, увилдириқ, овланган ёввойи қушлар гўшти ва ҳатто чўчқа гўшти ҳам бор, фақат қуш сути етишмаяпти, дейиш мумкин.
Дастурхон атрофида шунчалик қувноқ ва давомли кулги бўлдики, бир ҳамкасбимиз томоғига товуқ суягига тиқилиб жон таслим қилишига оз қолди.
Тушликдан кейин биз кофе ичиб, чекиб гурунглашдик. Иқтисодиётни шарҳлашга ихтисослашган мухбирларнинг кўпчилиги бошқа шошилинч ишлари борлиги учун директордан кечирим сўраб, кетиб қолишди.
Маълумки, газетачилар ҳамиша барча ишлардан хабардор. Қолганлари ҳам гурунгдан четда қолмай, мусиқа ва атом бомбаси, театр ва реактив самолётлар ҳақида ишонч билан гапира бошладилар.
– Тамаддихонага хуш келибсиз! – дея таклиф қилди директор.
Тамаддихона шунчалик ҳашаматли, дастурхон шунчалар тўкин эдики, тушлик ҳали ошқозонимизда ҳазм бўлишга улгурмаганидан чин дилдан пушаймон бўлгимиз келди. Иштаҳани очиш учун биз ичимликка зўр бердик. Гўштли газак билан ароқ, мевалар билан вино, ширинликлар билан ликёр, керевит, пишлоқ ва ёнғоқ билан – пиво ичдик, кейин эса, виски ва жин каби ҳар хил хорижий ичимликлар аралишиб кетди.
Кейинроқ яна бир гуруҳ газетачилар кетишди. Миллий саноатни ривожлантиришга катта аҳамият бериб, ҳуштакли қозон ишлаб чиқарадиган завод ҳақида нималардир айтишларини кутишга қарор қилдим.
Кечки соат саккизда биз уч киши қолдик: спорт шарҳловчиси, кроссвордлар тузувчи ва мен, фельетончи.
Директор: “Единг, ичдинг, яна нимани кутяпсан?” дегандек бизга қаради. Мен жимгина спорт шарҳловчидан сўрадим:
– Директор мени машинада олиб кетишга ваъда берди, шунинг учун уни кутаман!
Иккинчиси директорнинг эски таниши бўлиб чиқди. Ортиқча гапга ўрин қолмади. Мен хижолат бўлиб директорга юзландим:
– Заводингиз ҳақида қисқача маълумот берсангиз?
Директор негадир менга ғалати қаради ва қаламни тишлаб, ажабланиб сўради:
– А? Нима? Завод ҳақидами?.. Кўрдингизми, заводимиз... заводимиз, таъбир жоиз бўлса, ҳуштакли қозон ишлаб чиқарадиган завод... яъни, нима бўлишидан қатъи назар, ҳуштакли қозонлар. Заводимизда кунига еттита шундай қозонлар ишлаб чиқарилади. Мен бу заводга келгунимча, унинг маҳсулдорлиги кунига атиги бешта қозон эди. Умид қиламанки, яқин келажакда унинг қувватини кунига ўнта қозонга етказамиз. Ҳукуматимиз дастурига кўра, ҳар бир фуқаро ўз уйи, ҳовузи ва айвонли мўъжаз боғи билан бирга ҳуштакли қозонига эга бўлиши зарурлигини биласиз. Шунинг учун фабрикамизнинг ишлаб чиқариш қувватини янада оширишимиз керак...
Албатта, фаолиятимизда баъзи қийинчиликларга ҳам дуч келяпмиз. Лекин бу қийинчиликларни газетада ёзмаслигингизни сўрайман, гап орамизда қолақолсин. Ҳуштакли қозон ишлаб чиқариш учун зарур бўлган материаллар ва қисмлар, яъни: қозонлар, қопқоқлар, мурватлар, ҳуштак ва шунга ўхшашларни биз Америкадан оламиз. Аммо ҳамма нарсани шу ерда йиғамиз ва турк ишчисининг пешона терлари билан тайёр бўлган ҳуштакли қозонларни чиқарамиз. Улар устига “Туркияда ишлаб чиқарилган” деган ёзувли метал ёрлиқни ёпиштирамиз. Биз бу ёрлиқларни ҳам Америкадан оламиз. Заводга аралаш турк-америка сармояси киритилган. Пул бизники, лекин ғоя Американики!..
Бироқ сўнгги пайтларда эҳтиёт қисмлар ва материаллар келиши тўхтаб қолди ва шунинг учун биз ҳуштакли қозонларни ишлаб чиқаришда қийинчиликларга дуч келяпмиз.
Бизнинг қозонларимиз сифати Европа ва Американинг ҳуштакли қозонларидан анча устун. Биринчидан, ҳуштакларимиз овози жуда ёқимли. Мисол учун, сиз ловияни қозонга солиб қўйдингиз ва улар қайнади, тўғрими? Бу вақтда қозон ҳуштак эмас, қулоққа ёқимли шундай оҳанг чиқарадики, гўё Зеки Муреннинг ўзи “Магнолия”ни ижро этаётгандай бўлади.
Америкада ишлаб чиқарилган ҳуштакли қозонлар эса шунчалик кутилмаган ва қулоқни тешувчи ҳуштак чаладики, ҳатто ҳомиладор аёллар унинг овозини эшитиб, қўрқувдан муддатидан олдин туғиб қўйган ҳолатлар ҳам юз берган. Бундан ташқари, ўзимизнинг ҳуштакларимиз узоқроқ чалинади. Бир сўз билан айтганда, маҳсулотларимиз хорижникидан ҳар жиҳатдан яхшироқ.
Лекин, айтганимдек, бизда керакли қисмлар ва материаллар йўқ. Худога шукр, юртимизда ҳуштак етарли, аммо қозон йўқ. Аммо биз муаммонинг ечимини топдик: фақат ҳуштак ишлаб чиқарамиз ва сотамиз. Сиз ўзингизнинг оддий қозонингизни олиб, унда таом пиширишингиз ва вақти-вақти билан қараб туришингиз мумкин. У қайнаши биланоқ, оғзингизга ҳуштак олиб, ҳаммага таом тайёрлигини билдирасиз. Шундай қилиб, сиз оддий қозон эмас, балки ҳуштакли қозоннинг эгаси бўласиз.
Бошқа жиҳатлари қаторида, бу ғоя бир қатор афзалликларга йўл очиб беради. Хоҳиш бўлса, ҳуштак ўрнига саксафон, скрипка ёки ноғорадан ҳам фойдаланишингиз мумкин. Бундай ҳолда, қозон мос равишда саксафонли, скрипкали ёки ноғорали деб аталади. Бу фикр бутунлай бизга тегишли. Агар, масалан, ноғорали қозонда овқат тайёрланган бўлса, унинг пишганидан нафақат уйдагилар, балки бутун маҳалла хабардор бўлади.
Тушунтиришлар учун директорга миннатдорлик билдирдим ва қайтдим.
Директорнинг дастурхони атрофида жам бўлган газетачилар эртаси куни ўз нашрларида “Саноатимиз юксалишда”, “Ҳуштакли қозонларимиз ҳорижникидан афзалроқ”, “Йилига йигирма беш миллион ҳуштакли қозон!” каби сарлавҳалар остида кўтаринки руҳдаги мақолалар чоп этишди.