September 22, 2023

НАВОИЙ “ЎЗБЕК ТИЛИНИНГ АСОСЧИСИ”МИ?

Бир ҳол мени кўпдан таажжублантириб келади. Алишер Навоий ҳақида гап кетганда катта-кичик навоийшунос ва тилшунослар, уларга эргашиб бошқалар ҳам “ўзбек адабиёти ва ўзбек адабий тилининг асосчиси” деган иборани ҳеч иккиланмай айтадилар. Ажабки, бу фикрга қарши ёзилган раддияга ҳам кўзим тушмади.

Бир олим телевидениедаги чиқишида “Кейинги пайтларда “Навоий ўзбек адабий тилининг асосчиси эмас” деган иддао пайдо бўлиб қолди” дея, мазкур мулоҳазага эътироз билдириб, ўзининг фикри­ни, яъни “Навоий ўзбек адабий тилининг асосчиси” эканлигини буюк мутафаккирнинг тилшуносликка оид рисола (“Муҳокамат ул-луғатайн”) ёзгани ва яна ишончли негизга эга бўлмаган одатий далиллар билан асослашга уринди.

Ҳазрат Навоий, ҳеч шубҳасиз, қомусий, даҳо ижодкор. Ижоди маҳсулининг ҳажман беқиёслиги ва яна барининг жавоҳиротлардан иборатлигини ҳеч ким инкор этмайди, этолмайди. Фақат камина мумтоз адабиётимиз султонига берилажак таърифу қиёсу баҳоларга “ўзбек адабиёти ва ўзбек адабий тилининг асосчиси” деган ёрлиқни ҳам тиркаш жоизмикин, деб ўйлаб қоламан. “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да “асосчи” сўзи “Бирор нарсага асос солган, пойдевор қурган шахс; бирор нарсани барпо қилган, таъсис этган ёки бошлаб берган киши, яратувчи” деган маъноларни англатиши уқдирилган. Ажаб, ўзбек (туркий) адабиёти ва адабий тили Навоийдан аввал ҳам бор эди-ку...

“Алишер Навоий ўзбек адабий тилининг асосчиси” эканини тасдиқлаш учун кўп­лаб умумий далиллар келтиришади, ҳолбуки, унинг мазкур адабий тилнинг асосчиси эмаслигини исботлаш учун биргина далил – ул мўътабар зотгача яшаган етук шоирларимиз ижоди кифоя эмасмикин? Узоқ ўтмишдаги ёзма битиклар (“Тўнюқуқ битиги”, “Кул тигин битиги”, “Билга хоқон битиги” ва бошқа) ёки “Рустамхон”, “Алпомиш” каби халқ оғзаки ижоди намуналарини ҳисобга олмаган тақдирда ҳам, Навоийдан бир неча асрлар муқаддам яшаб ўтган мутафаккирлар – дастлаб туркий сўзлар луғатини тузган Маҳмуд Кошғарий, ўз даврининг етук олимларидан Юсуф хос Ҳожиб, Аҳмад Югнакий...

Югнакийнинг “Қадимги ўзбек адабий тилидан классик ўзбек адабий тилига ўтишда... кўприк бўлиб хизмат қилган” “Ҳибат ул-ҳақойиқ” асарини тадқиқотчилар ўша замон ва кейинги давр ижодкорлари учун адабий тил намунаси бўлганини қайд этадилар.

Алишер Навоийдан роппа-роса тўрт юз йил олдин умргузаронлик қилган Аҳмад Яссавийнинг туркий оламга машҳур ҳикматлари ҳам ана шу туркий-ўзбек адабий тилига мансуб эмасми? Атоқли ёзувчи, олим Пиримқул Қодировнинг бу ҳақда кую­ниб ёзишлари бежиз эмас: “Аҳмад Яссавий ҳикматлари ва унинг адабий мактаби шарқда Мўғулистон чегараларигача, шимоли-ғарбда Волга бўйларигача, жанубда Миср­гача бўлган шундай кенг ҳудудларда ижод қилган шоирларни бир адабий тил атрофига жипслаштиргани ва хилма-хил шеваларда сўзлашган туркий халқларнинг ҳаммаси учун умумий бир дорилфунун бўлиб хизмат қилгани илм-фанда ҳали ўзига яраша баҳо олгани йўқ”. “Буюк ватанпарвар Аҳмад Яссавий Х11 асрдаёқ она (эски ўзбек-туркий – Қ. К.)тилимизнинг ҳимоя­чиси ва тарғиботчиси бўлиб майдонга чиққан”.

Тўғри, Навоий асарлари тили билан Югнакий, Яссавийларнинг тили ўртасида сезиларли фарқ бор, лекин бу табиий ҳол-ку. Бошқа соҳалар каби тил ҳам ҳар турли ўзгаришларга учраб, такомиллашиб боради-ку. Қолаверса, ҳар қандай адабий тил жонли сўзлашув тили асосида вужудга келади.

Яна Навоийгача бўлган мумтоз адабиё­тимизнинг машҳур намояндалари – Аҳмад Яссавийнинг издоши, тасаввуфнинг йирик вакили Сулаймон Боқирғоний, “ўзбек тилида наср билан ёзилган” “Қисаси Рабғўзий” асари муаллифи Носириддин Рабғўзий, “Юсуф ва Зулайҳо” ҳақидаги Қуръоний қиссани “биринчи бўлиб ўзбек тилида назм билан баён этган” (таърифлар ижодкорлар ҳақидаги мақолалардан олинди – Қ.К.) Дурбек, Низомий Ганжавийнинг “Хис­рав ва Ширин” достонини ўзбекчага эркин таржима қилган Қутб Хоразмий, “ХIV аср ўзбек адабиётида дунёвий лирика ривожига катта ҳисса қўшган... ўзбек адабиёти тарихида нома жанрини бошлаб берган”, яъни Олтин Ўрда хони Жонибекнинг яқин кишиси Муҳаммад Хўжабекнинг “туркий тилда бир китоб ёзиб бериш” тўғрисидаги илтимосига биноан “Муҳаббатнома” битган яна бир Хоразмий, туркий лисонда Навоийдан олдин хамсачилик анъанасини давом эттиришга киришиб, “Маҳзан ул-ас­рор” номли асар ёзган Хайдар Хоразмий, шунингдек, Хўжандий, Юсуф Амирий, Гадоий, Муқимий, Сайид Аҳмад, Яқиний, Аҳмадий, Ҳусайнийлар-чи?.. Буларни ҳам қўя турайлик, Навоийнинг ўзи устоз мақомида кўрган Атойи, Саккокий, Лутфий ва бошқа адибу шоирларимизнинг салмоқли, умрбоқий асарлари, девонлари, форсийдан ўгирган таржималари Ҳазрат ижод қилган, росмана шаклланган ўзбек (туркий) адабий тилида (лаҳжа, шеваларда эмас!) яратилган ва ўзбек мумтоз адабиётининг нодир намуналари сифатида эътироф этилади-ку!

Яна бир муҳим далил: Навоийдан қарийб бир аср аввал яшаб ўтган ва жаҳон лирик­ларининг сардори Ҳофиз Шерозий билан қиёсланадиган Ҳофиз Хоразмийнинг буюк даҳомиздан юз йиллар илгари икки залворли китобдан, 18632 байтдан иборат девон тартиб берганига нима дейсиз? Филология фанлари доктори, ўзбек мумтоз адабиётининг оташин тадқиқотчи ва тарғиботчиси, Ҳофиз Хоразмий девонини Ҳиндистондан топиб келган Ҳамид Сулаймон “қадимий ўзбек адабиёти ва адабий тилининг ажойиб, бебаҳо ёдгорлиги бўлмиш”мазкур девон муаллифига комил ишонч ва ғурур билан“Бадиий маҳорат ва ўзбек тилида ғоят содда ва равон ғазаллар яратишда уни Навоийгача бўлган ўзбек адабиётининг беназир устози деса арзийди”,дея баҳо берган эди.

Булардан ташқари, Навойнинг ўзи ҳам “Мажолис ун-нафоис” асарида ўзидан аввал ўтган ё яқин замондоши бўлган қирқдан зиёд туркигўй шоирларни тасниф қилиб, уларнинг байтларидан мисоллар келтирган ва юксак таърифлар берган. Шунингдек, у “Соҳибқирон Амир Темурнинг издош фарзанди Шоҳрух султон ҳукмронлиги даврида турк тилида ижод қиладиган бир гуруҳ шоир­лар пайдо бўлдилар” деб ёзган-ку?..

Пиримқул Қодировнинг ўзбек адабий тили тарихи ва тадрижини тадқиқ этишга бағишланган “Тил ва эл” китобидаги “Алишер Навоий – ўзбек адабий тилини мумтоз­лик даражасига кўтарган сиймо”деган хулосаси мақбулроқ ва тарихий ҳақиқатга яқинроқ. (Бу баҳо ҳазратнинг обрў-эътиборига, юксак мартаба-мавқеига заррача путур етказмайди, деб ўйлаймиз). Лекин, ажабки, устоз адиб ҳам ўша мақоланинг ўзида: “...Навоий ўзбек мумтоз адабиёти ва адабий тилининг асосчиси бўлиш билан бирга...” деган иборани қўллаган. Ҳолбуки, адиб шу асарида “Қадимий достонлар ва тош битикларда кўринган мардона услуб, моҳият ва маънони туркий тилдақисқа, лўнда ва ростгўйлик билан ифодалаш анъанаси янада яққол кўзга ташланадиган “Темур тузуклари”нинг ўзбек адабиётида бундан олти аср бурун реализм­ни бошлаб берган автобиографик асар”лигига, бундан ташқари, Шайх Аҳмад ибн Худойдод Тарозий қаламига мансуб, адабиёт назариясига оид “Фунуни балоға” номли илмий асарининг адолатли темурий ҳукмдор, буюк мунажжим Мирзо Улуғбек даврида (ХУ асрнинг биринчи ярмида) туркий тилда яратилганига алоҳида урғу берган. Барҳақки, агар эски ўзбек-туркий тили бўлмаса, ушбу тилдаги автобиографик ва илмий-назарий манбалар қандай вужудга келарди?

Филология фанлари номзоди Машариф Сафаровнинг бу ҳақдаги қараши янада кес­кинроқ: “Ўзбек тилида ёзилган асарлар ХIV асрдан, яъни умумхалқ ўзбек адабий тили пайдо бўлганидан кейин вужудга келди”, деб ёзади у. (“Ҳуррият” газетаси, 2007 йил 19 декабрь сони). Хўш, умумхалқ ўзбек адабий тилиайнан ана шу асрда қандай пайдо бўлиб қолди, мазкур тўхтамга қандай асосларга кўра келинди ва “асарлар...” дейилганда кимларнинг қандай асарлари кўзда тутилмоқда?.. Агар шундай бўлган бўлса, янги тил олдинги тилдан қайси жиҳатлари билан фарқланарди?..

Эҳтимол, “асосчилик...” фикрини дастлаб Навоийдан олдинги мумтоз адабиётимиз билан чуқурроқ таниш бўлмаган русийзабон олимлар (академик Н.И.Конрад ва бошқалар.) соҳанинг пири комили ижодига ҳайратини ифодалаш учун айтса айтгандир. Балки бу тамойил туфайли ҳазрат бобомиз хизматларини мумкин қадар мукаммал ва янада ижтимоий қилиб кўрсатишга уринишдан бошлангандир. Мабодо бундай ёндашувни “туркий” каломининг “ўзбек”га айланиши билан боғлиқ десак, Навоий (ҳатто Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва ундан кейинги ижод аҳли ҳам) ўзларини “ўзбек шоири” дейишмаган ва умуман, у давр­ларда “ўзбек адабиёти” деган атама қўлланмаган. “Ўзбек халқи 1924 йилга қадар шарқий турк тилида ёзилган ёзма обидаларда турк номи билан юритилди, деб ёзади бир умр шу борада тадқиқот олиб борган, чунончи, “Ҳибат ул-ҳақойиқ” асарининг фонетик ва морфологик хусусиятлари” мавзусида номзодлик, “ХII – ХIII асрлар ёзма ёдгорликларининг фонетик хусусиятлари” мавзусида докторлик диссертацияларини ёқлаган олим Қозоқбой Маҳмудов “Қадимги Туркистон” китобида.

Борингки, истилоҳида ҳарфий-зоҳирий ўзгариш юз берган тақдирда ҳам, мавжуд тилнинг моҳияти, тузилиши ўзгариб, бош­қатдан асос солинадиган тилга айланиб қолмайди-ку. Бир мулоҳаза: мумтоз адабиётимиз, классик шоир-адибларимиз ҳақидаги мақолаларда кўпинча “туркий” ва “ўзбек” сўзлари ёнма-ён, лекин алоҳида-алоҳида ишлатилади. Масалан, 4 жилдли “Ўзбек адабиёти”нинг 1-чи жилдида Мавлоно Лутфий ҳақида “...ўз замонининг туркигўй... донгдор шоири...” таърифидан сўнг “Ўзбек тилидаги шеърлари...” дея давом этиладики, бу, шубҳасиз, ўқувчини чалғитади, иккилантиради. Яна, масалан, юқоридаги китобда Юсуф Амирий, Сайид Аҳмад ва бошқаларнинг ҳам “асарларини ўзбек тилида ёзган”лигига, Отойининг эса, “...ўзбек адабиётининг юксалишига катта ҳисса қўшган”лигига урғу берилади. Демак, ўзбек адабиёти Навоийдан аввал ҳам бор экан-ку! Бизнингча, ана шундай ҳар хилликларга, чалғитишларга барҳам бериш учун миллатимиз, миллий адабиётимиз ўтмиши хусусида сўз борганда “туркий-ўзбек” ёхуд “ўзбек (туркий)” шаклини қўллаш маъқулмикин?

Навоий ”Муҳокамат ул-луғатайн”да турк тилини араб тилидан ташқари ер юзидаги яна уч “асл ва мўътабар”,қадимий ва асосий тиллар(турк, форсий ва ҳиндий)дан бири сифатида зикр этиб, туркий тилда ижод қилишга жазм этиши сабабини шундай изоҳлайди: “Аммо шуур ёшиға қадам қўйилғанда Ҳақ субҳона ва таоло таъбимға ғаройиботлар сари майлни зотий, диққат ва заҳматкашликка жасоратни туғма қилгани учун мушоҳада ва мулоҳаза мени туркий тилга йўллади: шундай зеб-зийнатли бир олам кўз олдимда намоён бўлдики, ўн саккиз минг оламдан ортиқ, ва таъбимга шундай фазлу юксаклик осмон табақаси очилдики, тўққиз фалакдан ҳам баланд, бир хазина учрадики, дурлари юлдуз гавҳарларидан ҳам ёруғроқ, бир гулшан йўлиқди: гуллари осмон сайёраларидан порлоқроқ, маскани атроф-тевараги эл оёғи етмакдин фориғ ва ғаройиб нарсалари бегона қўллар дахлидан омонда”.

Агар ушбу тил ўзидан аввал мавжуд ва шоёни эътиборга сазовор бўлмаганида Навоий унинг фазилатларини шунчалар ҳайрату ҳаяжон, он қадар эҳтирос билан ўн саккиз минг оламга қиёс этармиди?

Мен навоийшуносликка зинҳор даъвогар эмасман, бунга ҳаддим ҳам сиғмас, фақат ҳайронманки, нега энди ўз маданиятимиз тарихини, маънавий-маърифий камолимиз ибтидоси ва босқичларини белгилашда жуда муҳим бўлган омилни кўриб-кўрмаганга, билиб-билмаганга оламиз, унга беписанд­лик билан қараймиз? Навоийни улуғлаш учунми? Ахир, ҳазратнинг бошқа буюк фазилатлари, фавқулодда ва бетакрор истеъдодининг ўзи уни ҳар қанча эъзозлаш учун етиб ортади-ку?! Ё “асосчиси” деган сўзнинг луғатларда шарҳ этилмай қолган, бизга ноаён ўзга маънолари ҳам борми? Қолаверса, бутун бошли бир халқ тилининг юзага келишини бир шахс номи билан боғлаш нечоғли мантиқий?..

Мазкур далиллардан шундай хулосага келиш мумкинки, у маҳалларда “туркий”деб юритилган эски ўзбек тили ҳам, ўзбек адабий тили ҳам, ўзбек адабиёти ҳам Алишер Навоийдан бир неча аср аввалдан бор эди ва юзлаб ижодкорларнинг неча асрлардан буён завол билмай, қалбларга нур ва шуур бағишлаб келаётган дурдона асарлари ўша тилда, ўша адабиёт намуналари сифатида яратилган.“Ўзбек классик адабиёти,–деб ёзган эди академик Воҳид Зоҳидов,–ўз бошланғичини жуда ҳам узоқдан, ундан ҳам олдин – фольк­лордан олади. Унинг деярли йигирма асрлик тарихи... жуда мураккаб ҳамда бой” (“Ўзбек адабиёти”, 1-том, сўзбоши, 1959).

Ҳеч шубҳа йўқки, Навоий ўз салафлари анъаналарини давом эттирган ҳолда, форсий, арабий ва бошқа сўзлар ҳисобига ўзбек (туркий) адабий тилини такомиллаштирган, айни вақтда мураккаблаштирган ва унинг заҳирасини, шу билан бирга, мумтоз адабиётимизни ўзининг ҳажман улкан, бадиий жиҳатдан беқиёс баркамол асарлари билан бойитиб, юксак поғоналарга кўтарган. Бу жиҳатдан аллома шоирнинг миллий адабиётимиз, миллатимиз олдидаги хизматлари бемисл ва ҳар қанча таҳсин айтмоққа, байроқ мақомида улуғламоққа чандон муносибдир.

Қамчибек КЕНЖА,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими,

Андижон давлат университетининг фахрий профессори