May 26, 2023

ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОН БАХТИ БИРЛИКДА

Маҳмуд ТОИР,
Ўзбекистон халқ шоири

БАХТИМИЗ БИРЛИКДА

Хуш ният балқитар инсон зотини,

Ким яйраб куйламас бахт баётини,

Нечун жуфт яратмиш қуш қанотини,

Ҳурлик қўшиғини куйланг жўрликда,

Янги Ўзбекистон – бахти бирликда!

Осмонсиз бу замин яшарми, айтинг,

Дарёлар ирмоқсиз тошарми, айтинг,

Дунёни чарх уринг, Ватанга қайтинг,

Ватансиз яшасанг айблар ғўрликда,

Янги Ўзбекистон – бахти бирликда!

Аждодлар армони кўзин ёшида,

Бошлари хам бўлди тақдир тошида,

Бугун таъзимдамиз руҳин қошида,

Улар орзу қилган ушбу ҳурлик-да,

Янги Ўзбекистон – бахти бирликда!

Жонзотлар жонини ўзи асрайди,

Миллатлар шонини ўзи асрайди,

Кимдир қасдларига пичоқ қайрайди,

Муродга етолмас ҳеч ким зўрликда,

Янги Ўзбекистон – бахти бирликда!

Ҳаёт ранг беролмас сочлар қорига,

Эр йигит ярасин тинчлик корига,

Биз елка тутайлик эл саркорига,

Аллоҳ ярлақасин, эрни эрликда,

Янги Ўзбекистон – бахти бирликда!

АҚЛ ОРТИДАГИ ГУЛ

Жунбишга келмайди инсон шунчаки,

Яланғоч бутоқда сайрамас булбул.

Айтарим сиз учун аёндир балки,

Ҳайрат бу – ақлнинг ортидаги гул.

Чироқ чирсилласа ўти сарбаланд,

Қирғоқни емирар сувнинг шиддати.

Муҳаббатнинг мавжи меҳрга монанд,

Қалбга ифор сочар сўзнинг ҳикмати.

Босган изингизнинг баҳори бўлса,

Демакки умрингиз ўтмабди увол.

Онгингиз тонгининг оҳори бўлса,

Мусаффо дил ичра топгайсиз камол.

Соғинган дийдорлар йиғлаб кўришса,

Дийдасин ёшлари кавсар бўлғуси.

Ошиқлар севгани – ёрга эришса,

Ишқи кўзларида гавҳар бўлғуси.

Ниятга яраша амал, кўҳна гап,

Аммо ҳар кўнгилнинг орзуси бўлак.

Шеър асли сўзларга тизилган садаф,

Шоирнинг заргардан туйғуси бўлак.

Қаламим кўзига кўринди нуқта,

Хаёлимни ерга туширди дулдул.

Ҳар сатр қоғозга битилса пухта.

Бўлгай у ақлнинг ортидаги гул.

ЮРАГИДА ЁҒДУСИ БОРЛАР

Кимлар бахтин баҳорин кўрса,

Қалблари ҳам гулга ўхшайди.

Ибратидан иморат қурса,

Ўзларидан узоқ яшайди.

Юрагида ёғдуси борлар,

Ушалмаган орзуси борлар,

Тўкилмаган туйғуси борлар,

Ўзларидан узоқ яшайди.

Ватан деса, вафода собит,

Жондош учун жафода собит,

Бўлса яна оқил-у обид,

Ўзларидан узоқ яшайди.

Муҳаббатда мурод топганлар,

Садоқатда сабот топганлар,

Ўтса ҳамки, ҳаёт топганлар,

Ўзларидан узоқ яшайди.

Изларидан дуо хушласа,

Илму ҳикмат, зиё хушласа,

Икки дунё Худо хушласа,

Ўзларидан узоқ яшайди.

ЗАМИН

Яратган сахийдир, йўқдир таънаси,

Ҳар лаҳза кўргаймиз унинг карамин.

Олганин қайтармас нечун бандаси,

Берганинг ошириб қайтарар замин.

Бир ҳовуч уруғинг бир ботмон бўлгай,

Беш дона буғдойинг битта нон бўлгай.

Билмайсан, устингдан табиат кулгай,

Берганинг ошириб қайтарар замин.

Ниҳолинг бир улкан дарахт бўлади,

Қувончдан вужудинг карахт бўлади.

Кўнглинг ҳам тўлади, қўнжинг тўлади,

Берганинг ошириб қайтарар замин.

Бир Тангри кифоя бутун оламга,

Инсоф, иймон керак ҳар бир одамга,

Атай шу фикрни олдим қаламга,

Берганинг ошириб қайтарар замин,

Биз қачон егаймиз Заминнинг ғамин.

КЎНГИЛ КЎЗ ЁШИ

Кўз ёши шўр бўлар, қадимдан бор гап,

Балки бу сўзда ҳам бир сир яширин.

Шабнамдек пок бўлса сен қилган матлаб,

Кўнгилнинг кўзидан чиққан ёш ширин.

Япроқлар шабнами – тонгнинг кўз ёши,

Ақлнинг оҳлари – онгнинг кўз ёши,

Ғафлатдан уйғотса бонгнинг кўз ёши,

Кўнгилнинг кўзидан чиққан ёш ширин.

Ҳусайни – бу ёзнинг чилгиси эмас,

Чақмоқлар осмоннинг кулгиси эмас,

Бўзламоқ саодат белгиси эмас,

Кўнгилнинг кўзидан чиққан ёш ширин.

Кўз ёшинг шукрингни шарбати бўлсин,

Яшасанг – умрингни ибрати бўлсин,

Шу шеър ҳам Маҳмуднинг ҳикмати бўлсин,

Кўнгилнинг кўзидан чиққан ёш ширин.

ДИЛ ТУҒЁНИ

Боғлар ҳимматини дариғ тутмаса,

Тоғлар сийратини дариғ тутмаса,

Инсон ҳайратини дариғ тутмаса,

Гўзаллик бизлардан йироқ кетмасди.

Инсоф – инсон учун кўзгу бўлолса,

Муҳаббат покиза туйғу бўлолса,

Гуноҳ – кечирилмас қайғу бўлолса,

Гўзаллик бизлардан йироқ кетмасди.

Тулпор туёғида тош йиғламаса,

Бегуноҳ кўзларда ёш йиғламаса,

Насиба узилиб ош йиғламаса,

Гўзаллик бизлардан йироқ кетмасди.

Меҳр зам-замидан ичиблар юрсак,

Қаҳр кечмишидан кечиблар юрсак,

Раҳмондан, Раҳимдан чўчиблар юрсак,

Гўзаллик бизлардан йироқ кетмасди.

Дунёда нима бор инсондан гўзал,

Инсонга берилган иймондан гўзал,

Биз буни билолсак агар муфассал,

Гўзаллик бизлардан йироқ кетмасди.

МЕҲР СУРАТИ

Акмал Нурга

Дунёда ҳар бир ранг Аллоҳ инъоми,

Энг гўзал рангларни мусаввир терар.

Сизга шоирларнинг бўлсин саломи,

Меҳрнинг суратин ким чизиб берар?

Саодат саҳнида кўнгил рақс этар,

Гар ишонч узилса юрак қарс этар,

Барча кўрганларинг кўзингда кетар,

Меҳрнинг сувратин ким чизиб берар?

Таомга тўясан ризқ насиб этса,

Меҳрга тўймайсан у жозиб этса,

Меҳрсиз бу олам гар тўзиб кетса,

Меҳрнинг суратин ким чизиб берар?

Ҳар дилда муҳаббат тополсин жаранг,

Саодат овози энг соҳир оҳанг,

Кўнгилни гул асрар, кўзни гўзал ранг,

Меҳрнинг суратин ким чизиб берар?

Қалблар бир-бирига бўлганда кўзгу,

Вафо чеҳрасига тўлганда кўзгу,

Гоҳ қаро ранглардан сўлганда кўзгу,

Меҳрнинг суратин ким чизиб берар?

ЖИЛМАЙГИН

Гўзаллик кўнгилнинг тубидаги гул,

Хушнуд юр, хасадгўй ҳоки тўкилсин.

Бахтингдан балқиган битта булбулман,

Жилмайгин, чимматинг чоки сўкилсин.

Табассум чеҳрангни чиройи бўлсин,

Чиройки, оламда киройи бўлсин,

Оҳларим оромли хиргойи бўлсин,

Жилмайгин, чимматинг чоки сўкилсин.

Кўнглинг сасларига сабо саргашта,

Ёнган ёноқларинг тўккан оташда,

Мамнунман Мажнундек бўлолсам хаста,

Жилмайгин, чимматинг чоки сўкилсин.

Ойна оразини юзингдан олган,

Юлдуз ёғдусини кўзингдан олган,

Қувонч қўшиғини сўзингдан олган,

Жилмайгин, чимматинг чоки сўкилсин.

Сенга ярашгайдир, мусаффо кулгу,

Лабларинг лоласи мураббо кулгу,

Маҳмудга йўқ бундай, хуш даво кулгу,

Жилмайгин, чимматинг чоки сўкилсин.

МУҲАББАТ ҒОЛИБ

Курашлар кўп кўҳна дунёда,

Бахтли яшанг, совринлар олиб.

Ғолиб йўқдир ундан зиёда,

Бу оламда муҳаббат ғолиб.

Диллар дилни енгиши мумкин,

Эллар элни енгиши мумкин,

Дардин ютиб боқолган сокин,

Бу оламда муҳаббат ғолиб.

Ўз қадридан қанот ясаган,

Гул баргидан сабот ясаган,

Бўзлашидан баёт ясаган,

Бу оламда муҳаббат ғолиб.

Оҳи билан Аллоҳга етган,

Ўзи каби огоҳга етган,

Кундай кулиб, бир моҳга етган,

Бу оламда муҳаббат ғолиб.

Ватан севган – ватанпарвардир,

Баҳор севган – чаманпарвардир,

Гулни севган кўнгил заргардир,

Бу оламда муҳаббат ғолиб.

Муҳаббатсиз яшаш ёлғондир,

Севолмаган ранги сомондир,

Муҳаббат бор – омон-омондир,

Бу оламда муҳаббат ғолиб.

АСИЛ ОДАМ

Халқлар кўпдир бу дунёда,

Бир-биридан хўб, зиёда,

Оломоннинг овози ҳам,

“Янграб” турар бу маъвода.

Ҳар ҳикматнинг ўз шарҳи бор,

Ҳар Ватаннинг ўз халқи бор,

Халқлар кўп-у, оқил айтмиш,

Асил одам эмас бисёр.

ТЎРТЛИКЛАР

Остона ой билан ойланган кеча,

Кўнгиллар қувончдан сойланган кеча.

Болиш баҳорини кўргингиз келса,

Икки дил меҳрга бойланган кеча.

* * *

Таом тузи билан таомдир асли,

Калом маъно билан каломдир асли,

Оломон олдидан ит ҳам ўтмагай,

Ўқиб уқмаганлар авомдир асли.

* * *

Шоҳлар-ку, шоҳона оҳлар уради,

Ва лекин, пойида мотлар туради.

Ватанга вафоси бўлмаган зотнинг

Ёт элда ёнида ётлар туради.

* * *

Ҳасад хитобига чалғимоқ ёмон,

Иғво кўпигида қалқимоқ ёмон.

Ҳақиқат ҳимоя излаб турганда,

Ёлғон ваъдаларга балқимоқ ёмон.

* * *

Ёмон ўқилади осон ёзилган,

Ва лекин кибрига осмон осилган.

Ўзин қўрасидан адашган қўйдек,

Уни бу даргоҳда руҳи эзилган.

* * *

Қошни терган билан камон бўлурми,

Кўксинг керган билан осмон бўлурми?

Бошингдан баландга бунча сакрадинг,

Мушук минг йил яшаб қоплон бўлурми?

Маҳмуд ТОИР, Ўзбекистон халқ шоири