ҒОЛИБ БЎЛГИНГ КЕЛАДИ
Мана, ўқувчилар интиқиб кутган “Билимлар куни”ям келди. Мактаб остонасига қадам қўяр эканман, ширин энтикиш билан жилмаяман. Бола эканман-да, “парта” деса, нуқул кўз олдимга парда келарди. “Мабодо устоз урмоқчи бўлса, парда орқасига бекинаман”, деб ўйлардим. Мих билан ерга бир нималар ёзиб, ўзимча савод чиқармоқчи бўлардим. Гўё мактабга бормай, устозсиз ҳам ўқиш-ёзишни ўрганиш мумкиндек. 1-синфга боргач, “2”ни ёзолмай йиғлаб юборганман: думи гажак эди-да, қурмағурнинг. Мана, шундан бериям орадан қирқ қовун пишиғи ўтди. Ватан Мустақиллиги, таълим ислоҳотлари... эҳ-ҳе, не бир сувлар оқиб кетмади, дейсиз.
Кўз очиб-юмгунча мактабни битирдик, талаба бўлдик. Ўқиган йилларимга ўгирилиб қарасам, худди катта отам: “Сартарош борки, соч олишни сенинг бошингда ўрганди-я?!”, деяётгандай бўлаверади. Дарҳақиқат, бизнинг давримизга келиб, 10 йиллик мактаб 11 йиллик бўлди. Лицейю коллежлар, бакалаврияту магистратуранинг илк қалдирғочлари бўлиш ҳам бизнинг авлодга насиб этди. Ислоҳотлар, ўзгаришлар... ҳаёт давом этаверди. Ёшларнинг онги ўзгарди. Не бир йигитлар ўқитувчининг боласи, туғма педагог бўла туриб, ота касбини танламади. Уйда ҳам, мактабда ҳам таълим-тарбия аёллар қўлида қолди. Бора-бора ўқитувчиларнинг мақомини, ойлик маошларини кўтариш, уларга минг долларгача иш ҳақи тўлаш масалалари кун тартибига чиқди. Кимдир суюнди, кимдир... эртакка йўйди. “Қани, қайси ўқитувчи минг доллар маош олибди? Ойлигимиз икки юз доллардан ошмайди-ку?”, деганларни ҳам кўрдик. Аслида-чи?!
Ёдингизда бўлса, Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 31 декабрдаги “Умумий ўрта таълим муассасаларининг ўрнак кўрсатган ходимларини моддий рағбатлантириш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги 831-сонли қарорига мувофиқ, умумтаълим мактабларида фаолият юритаётган педагогларга 100 фоизлик устама ҳақ тўлаш тартиби белгиланганди. Қарор ижросини таъминлаш мақсадида, 2020–2021-ўқув йили якунида туман халқ таълими бўлими масъуллари томонидан мактабларда фаолият юритаётган муносиб педагоглар рўйхати шакллантирилиб, даъвогарлар ушбу жараёнга жалб этилди. Ўша йилиёқ ўқувчиларининг билим самарадорлиги 80 фоиздан юқори бўлган иқтидорли ўқитувчилар 100 фоизлик устама ҳақ олиш ҳуқуқини қўлга киритиб, “Аъло даражали педагог” номига сазовор бўлишди.
Шайхонтоҳур туманидаги 102-ихтисослашган давлат умумтаълим мактабининг кимё фани ўқитувчиси Ғолибжон Икромов ана шундай салоҳиятли педагоглардан бири. Меҳнат фаолиятини шу таълим муассасасида бошлаган ёш мутахассис 2018 йили “Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси” кўрик-танловининг Республика босқичи ғолиби бўлди. Аттестация жараёнида 100 балл тўплаб, олий тоифали устозга айланди. У фаолият юритаётган мактаб 2019–2020-ўқув йилида табиий фанларга ихтисослаштирилди. Бунда Ғолибжон Толибжоновичнинг ҳиссаси катта, албатта. Сабаби, у таълим берган ўқувчилар ҳар йили фан олимпиадасининг туман, шаҳар босқичларида фахрли ўринларни эгаллайди, олий ўқув юртларига кириш учун бўлиб ўтадиган давлат тест синовларида энг юқори натижаларни кўрсатади. Ғолибжоннинг қўшимча машғулотларида нафақат ўзи фаолият юритаётган мактаб ўқувчилари, балки Тошкент шаҳридаги бошқа мактаб ўқувчилари ҳам иштирок этиб, ижобий натижаларга эришмоқда. Самарали меҳнати, изланувчанлиги сабаб, Ғолибжон Икромовнинг ойлик маоши 2021–2022-ўқув йилидан “Умумтаълим муассасаларида синфларни комплектлаш ҳамда таърификация рўйхатларини шакллантириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қўшма қарорга асосан, олий тоифали ўқитувчиларга 30 соат дарс берилиши тавсия этилган ҳолда ҳисобланди, синф раҳбарлиги ва 100 фоизлик устама ҳақи билан ойлиги 9 040 058 сўмни ташкил этди. Бу қарийб минг доллар дегани.
Узоқ йиллар халқ таълими соҳасида ишлаган бир танишим бор, ўқитувчиларнинг билим даражасини баҳолайдиган қоғоздаги мезонларни ёқламайди. “Ёш ва тажрибанинг аҳамияти йўқ, – дейди у. – Лоақал битта ўқувчиси институтга кирган ёш ўқитувчи қирқ йил ўз-ўзига дарс ўтиб юрган “тажрибали” педагогдан минг марта афзал. Умр бўйи ўқитувчилик қилиб, бирорта болани олий ўқув юртига кирита олмаган ўқитувчи беҳуда ўтган умрига ачинмайдими?” Унча-мунча ўқитувчини жиддий ўйлашга мажбур қиладиган бундай мезон билан Ғолибжоннинг тарозисига тош қўйсак, шубҳасиз, тарозининг ютуқлар палласи тош босади. Чунки кейинги беш йилда 170 нафар ўқувчиси олий ўқув юртларига юқори баллар билан талабаликка қабул қилинди. Қизиғи, уларнинг ҳаммаси кимё-биология фанлари йўналиши бўйича юқори натижаларни қайд этишди.
– Ғолибжон Икромов ёш бўлишига қарамай, Ватанимиз келажаги бўлган баркамол авлодни тарбиялашга катта ҳисса қўшмоқда, – дейди 102-ихтисослашган давлат умумтаълим мактаби директори Раъно Мирзажонова. – Педагогнинг бой тажрибаси, амалий кўникмаси ўқувчиларининг ютуқларида кўриниб турибди. У ўз дарсларини янги педагогик технологиялар, янаям тўғрироғи, замонамиз жадиди деб танилган қоракўллик Тўхтамурод Жумаев мактабининг машҳур методикаси асосида ташкил этади.
Қоракўлча тажрибанинг моҳиятига қизиқаман.
– Бу йил кимё, биология фанларига ихтисослашган махсус синф очдик, – дейди Ғолибжон Икромов. – Таълим сифатини ошириш учун аввал назарий, кейин амалий машғулотлар ўтилади. Ўқувчилар назарий билимларни пухта эгаллашлари учун дарсликдаги ҳар бир мавзуга доир алоҳида махсус қўлланмалар ишлаб чиқилган. Амалий дарсларда эса масалалар, тестлар ечамиз, лаборатория машғулотлари ўтамиз. Ҳафтасига бир, ойига тўрт-беш мартадан тест имтиҳонлари олинади.
– Дарсда, аввало, нимага эътибор қаратасиз?
– Ҳар гал дарсга кирганимда, лаборантимиз Раъно Аҳмедова худди ассистент операция хонасини амалиётга ҳозирлаб қўйгандек, синфхонани амалий машғулотларга тайёрлаб қўйган бўлади. Ўқувчилар билан лаборатория машғулотларини олиб бориш Раъно опа учун ҳам, мен учун ҳам мароқли. Аммо ҳали бирор дарсда ёнғин чиқарганимиз йўқ, – деб кулади у.
Ғолибжоннинг 102-мактабда иш бошлаши жуда қизиқ бўлган. Тўхтамурод Жумаев мактабининг собиқ битирувчиси 2003 йилда Тошкент давлат педагогика институтига ўқишга киргач, ётоқхонада туради. Ҳамхонаси Учқун Раҳматиллаев 102-мактабда биология фанидан дарс берарди. Бир куни у Ғолибжондан ўрнига дарс ўтиб беришини сўрайди. Ғолибжон рози бўлади ва илк бор ўқитувчи сифатида қарийб ўзига тенгдош ўқувчилар билан юзлашади. Мактабнинг ўша вақтдаги директори Махфират Асомова дарсни бевосита кузатиб боради ва, кутилмаганда, кимё ўқитувчиси кераклигини, агар истаса, дарс бериши мумкинлигини айтади. Шундай қилиб, 1-босқич талабасининг илк меҳнат фаолияти бошланади. 1984 йилда туғилган, ҳали қирққа ҳам кириб улгурмаган ёш йигит... шу тариқа бугун йигирма йиллик тажрибага эга, етук мутахассисга айланди.
Ғолибжон Икромовнинг кимё фанига қизиқиши тасодиф эмас. Отаси Толибжон Икромов, онаси Гулбаҳор Худойқулова, опаси Навбаҳор Икромова ҳам шифокор. Зиёли оиланинг фарзанди ота-онасининг қизиқишини такрорладию, касб танлашга келганда, ўқитувчиликни танлади. Талабалик йилларида маош олиб ишлагани учун ўзини ўзи таъминлади, гарчи бунга мажбур бўлмаса ҳам. Айни пайтда у Тошкент давлат педагогика университетининг докторантурасидаям ўқияпти. Мактаб дарслигидаги ҳар бир мавзу учун махсус қўлланмалар тайёрлаган малакали педагог учун докторантурада ўқиб, илм қилиш эса, қийинчилик туғдирмаслиги табиий. Дарвоқе, у 2009 – 2018-йиллари мактабдаги ишига параллел равишда Малака ошириш институтида ҳам ўқитувчилик қилди. Камтарона хизматлари учун Ғолибжон Икромов 2019 йил “Халқ таълими аълочиси” кўкрак нишони билан, 2022 йилда эса “Шуҳрат” медали билан тақдирланди.
– Устозидан ўзмаган шогирд шогирд эмас, – дейди мактаб директори Раъно Мирзажонова. – Бугун Ғолибжондан мукаммал таълим олаётган ёшлар республика миқёсидаги олимпиадаларда ғолиблик қилаётган бўлса, яқин келажакда уларнинг халқаро доираларда эътироф этилишига ишонаман.
Ҳа, Ўзбекистон келажаги ишончли қўлларда. Чунки бўлғуси олимлар, фазогирлар, ихтирочилар, жаҳон чемпионларию халқаро олимпиадалар ғолибларини тарбиялаётган Қоракўлдагидек салоҳиятли билим масканлари, бугун қайнар хумчадай қайнаб ётибди.
Билимлар кунига том маънода муносиб мана шундай интеллектуал салоҳиятли ёшларни кўрганингда, беихтиёр сенинг ҳам бола бўлиб қолгинг, ўқувчилик, талабалик йилларингни қайта яшаб, яратилган қулайликлардан унумли фойдалангинг, ғолиб бўлгинг келади.