October 27, 2023

ЧЎНГ ТОШ ВОҚЕАСИ 

Марказий Осиё давлатлари интеграциялашуви борасидаги интилишлар Янги Ўзбекистон ташқи сиёсатининг муҳим бўғинига айланганини ўзбек-қирғиз халқларининг ҳар соҳада яқинлашиб бораётгани ҳам исботлайди. Минтақа раҳбарларининг доимий учрашувлари эса, бир-бирига қавму қариндош, оға-ини халқларнинг барчаси учун бирдек муҳим бўлган масалаларни ҳал қилишда янги имкониятларни очмоқда. Минтақа ичидаги алоқаларни мустаҳкамлаш, халқларнинг ўзаро мулоқоти учун қулай шарт-шароитлар яратиш имкони барча учун фойдали натижаларга олиб келади.

Ўзбек халқи билан бир дарёдан сув ичиб, бир заминда ёнма-ён қўни-қўшничиликда яшаб келган қирғиз элининг буюк оқини, Қирғизистон халқ шоири, Қирғизистон Фанлар академияси академиги Аали Тўқомбоевнинг қуйидаги самимий сатрларидаги дилдошлик ўткинчи иддаолардан устун турган ҳолда, ҳушёрликка даъват этаётгандек:

Алишер, сенинг тилинг – менинг тилим,

Алишер, сенинг дилинг – менинг дилим.

Кел, бирга жўр бўлайлик, орзуларинг

Очилди чаман бўлиб мана бугун.

Ўзаро самимий муносабат, меҳру муҳаббат, тил ва дил бирлиги икки қондош ва жондош халқнинг оддий турмуш тарзидан тортиб дунёнинг глобал муаммоларини ҳамжиҳатликда ҳал этишда ҳам намоён бўлмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Прези­денти Шавкат Мирзиёев давлат раҳбари сифатидаги фаолиятининг дастлабки йилларидаёқ “Қирғизис­тон бизнинг яқин қўшнимиз. Шунинг учун бизнинг орамизда ҳеч қандай чегара бўлиши мумкин эмас. Биз бир-биримизга қалбимизни, бағримизни очдик”, деганида халқларимиз ўртасидаги алоқаларнинг бугунги босқичга чиқишига тамал тошини қўйган эди.

Ўзбеклар бошидан турли даврларда кечирган оғир-енгил кунлар қирғиз халқининг ҳам ўтмишидир. Ўтган асрнинг ўттизинчи-эллигинчи йилларида бўлиб ўтган қатағонлар миллатнинг асл фарзандлари, эл-­юрти бахтини ўйлаган фидойиларнинг буюк мақсадларига етишларига йўл қўймади. Қирғиз Республикасида ҳар йили 7-8 ноябрда Тарих ва аждодлар хотираси куни нишонланади. Бу йил Ота Ба­йит хотира мажмуаси тарихи – қатағон қурбонлари кунининг 85 йиллигини нишонлайдилар. Шу муносабат билан Қирғизистонда 10 жилдлик “Қирғиз Республикасидаги сиёсий репрессия қурбонлари китоби” (1920 – 1953.) чоп этилди. Ҳозирги Ўзбекистон ҳудудида туғилган ва Қирғизистондаги қатағонда қурбон бўлган ўзбеклар ҳақида алоҳидаги китоб эса “Ота Ба­йит” мажмуаси директори, тарих фанлари доктори Булат Абдураҳмонов ва Қирғиз Респуб­ликасидаги “Қирғиз – ўзбек дўстлик жамияти” раи­си, таниқли ёзувчи Бегижон Аҳмедов ҳаммуаллифлигида чоп этилди.

Жорий йилнинг 5 ноябрида муд­ҳиш Чўнг Тош воқеаси содир бўлганига 85 йил тўлади. Китоб тақдимоти шу санада бўлиб ўтади.

Ҳеч кимга сир эмас, Тошкент шаҳри Туркис­тон ўлкасининг бош кенти сифатида минтақа рес­пуб­ликаларига раҳбар кадрлар етказиб беришда муҳим роль ўйнаган. Жумладан, Қирғиз Рес­публикасидаги аксарият раҳбарлар ҳам Тошкентда ўқиб, етакчилик сир-ас­рор­ларини ўрганишган. Ўша вақтларда Қирғизистонда яшаб, ишлаган сирдарёлик, тош­кент­лик, водийлик ўзбеклар ҳам қатағон қилинган. Бу ҳақда ҳали яна изланишлар олиб бориб, уларнинг қилган ишлари, олиб борган фаолиятлари, аччиқ тақдир-қисмати ҳақида алоҳида китоблар яратиш эҳтиёжи кун тартибидан тушмаслигини Қирғиз Респуб­ликасида яхши англашади.

Бир инсоннинг ҳаётдан ноҳақ кетиши замину самони титратиб юбориши ҳақида турли халқларнинг қадим муқаддас битикларидан тортиб қонун устувор дунёвий давлатларнинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги ёзувларигача катта ҳарфларда сабт этиб келинади. Инсон ҳимоясида бўлмаган жамият ҳалокатга маҳкум эканини мус­табид тузумларнинг узундан-узун туганмас қисмати исбот этган. Ўтган асрнинг иккинчи чораги давомида бўлиб ўтган қора қирғин собиқ иттифоқ ҳудудидаги турли халқларга катта талофатлар келтириб, уларнинг энг илғор қисмини ноқонуний равишда НКВД органлари томонидан йўқотиб юборди. 1937 − 1953 йилларда Ўзбекистонда 100 минг одам қатағонга учраб, уларнинг 13 минг нафари отиб ташланди.

Эндиликда уларнинг номларини тиклаш, хотирасини абадийлаштириш йўлида талай ишлар амалга оширилмоқда, китоблар ёзилиб, музейлар ташкил қилинмоқда.

Бу офат бир ёки икки халқ бошигагина ёғмади, собиқ иттифоқ ҳудудидаги барча халқларни, Марказий Осиё минтақаси республикалари, жумладан, Қирғизис­тонни ҳам қора қирғин четлаб ўтмади.

Булат Абдураҳмонов Қирғизистон миллий хавфсизлиги тизимида ишлаб юрган кезлардаёқ кўпмиллатли Қирғизистон ҳудудида 1920 – 1953 йиллар давомида ноқонуний ишлар амалга оширилиб, минг-минглаб одамлар йўқотиб юборилганини билар эди. Ўша замон тили билан айтганда, ўзи ҳам чекист бўлган Булат Абдураҳмонов минг-минглаб инсонлар тақдири қора тарихнинг қора қаърида қолиб кетиши мумкин эмаслигини фаҳмларди. Вақти келиб, заҳматли меҳнатлар ва тинимсиз қора тер тўкиш эвазига у виждонли ҳамкасблари, шогирдлари ёрдами билан қатағон қилинган 20 минг инсоннинг номларини аниқлаб, рўйхатини тузиб чиқди. Йиғилган материаллар асосида “Қирғиз Рес­публикасидаги сиёсий репрессия қурбонлари китоби” 10 жилдни ташкил этди. Орадан салкам бир аср – 100 йил ўтганидан сўнг авлодлари ўз аждодларининг қисматидан хабардор бўлиш имкони яратилди. Тикланган номлар орасида қирғизлар билан бирга рус, ўзбек, украин, яҳудий, немис, уйғур, хитой, корейс миллатларига мансуб одамларнинг исм-шарифлари ҳам учрайди. Ўтган асрнинг йигирманчи-эллигинчи йиллари Қирғизистондаги қатағон қурбонлари орасида 959 нафар ўзбек бўлгани “Қирғиз Рес­публикасидаги сиёсий репрессия қурбонлари китоби”нинг алоҳида жилдида қайд этилади. Улар орасида Қирғизистон Республикасида туғилган ўзбеклар 753 нафарни, Ўзбекистон Республикасида туғилган ўзбеклар 171 нафарни, Хитой Халқ Республикаси ҳудудида туғилган ўзбеклар 15 нафарни, Қозоғистон Респуб­ликасида туғилган ўзбеклар 12 нафарни, Тожикистон Республикасида туғилган ўзбеклар 6 нафарни ташкил этади. Шунингдек, улар орасида икки нафари – 1910 йилда таваллуд топган Қозибой ҳожи Қосимов ҳамда Мирзамурод Мирзараҳматовнинг қаерда туғилгани қайд этилмаган. Чамаси, отиш, чопиш, ўлдириш, йўқ қилиш маҳоратини пухта эгаллаган терговчилар ўзлари нариги дунёга жўнатаётган мақтулларнинг ҳужжатларидаги “туғилган жойи” қисмини тўлдириб ўтиришга ҳафсала қилмаган кўринишади.

Осиб ўлдирдингиз – кўрдик.

Босиб ўлдирдингиз – кўрдик.

Чопиб ўлдирдингиз – кўрдик.

Минордан ташладингиз – кўрдик.

Тўпга солиб отдингиз – кўрдик.

Қудуққа ташлаб ўлдирдингиз – кўрдик.

Энди буни бошқача ўлдирайлик...

Қандай?

Китобда Қирғизистондага қора қирғинда қирғиз халқи билан бирга келиб чиқиши Россия, Қозоғис­тон, Тожикистон ҳамда республикамизнинг Тошкент, Андижон, Наман­ган, Марғилон, Фарғона, Қўқон вилоятларидан бўлган қатағон қурбонлари ҳақида маълумотлар берилиши бу офатдан ҳеч ким эмин қолмаганини исботлайди. Чўнг Тошда отиб ташланганлар орасида атоқли адиб Чингиз Айтматовнинг отаси Тўрақул Айтматов ва унинг ҳамсафлари бўлгани ҳам аниқланди.

Инсон зотининг қувончидан суюниб, қайғусига ҳамдард бўлиш юксак маданият мезонини ташкил этади. Айниқса, ўз миллатдоши қисматига бефарқ бўлмаган қардоши одам боласининг суянч тоғидир. Шу маънода, Чўнг Тош воқеаси қирғиз-ўзбек халқларининг, умуман олганда эса, Марказий Осиё халқлари томирлари чамбарчас боғланиб кетганини исботлайди. Чўнг Тошда фотиҳаси ўқилмай дафн этилган ўзбек, қирғиз, қозоқ, туркман, тожик қавму қариндошлар бир-бирига елка тутиб, кафтларини дуога очган ҳолда бир-бирини қучиб ётган марҳум ота-боболари шаънига дуолар қилишдан тарихий сабоқ олишади.

Шойим БЎТАЕВ