June 1, 2023

«ГУЛ ЭКУРМАН ЖАҲОНА…»

Ижодкор дунёни мукаммал кўргиси келади. Урушлар бўлмаслигини, одамлар доимо тинчликда, фаровон яшашини истайди. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, Қорақалпоғистон халқ шоири Рустам Мусурмон ҳам токи дунё гулзор бўлмагунча гул экишни хоҳлайди. Бу, чиндан, эзгу ният. Мақоламизга сарлавҳаси сифатида олинган ушбу сатр ижодкор қиёфасини, ички дунёсини бор бўй-басти билан кўрсатади.

31 май куни Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида улуғ венгер шоири Шандор Петёфининг ўзбек тилидаги “Озодлик” шеърлар тўплами ҳамда таниқли шоир Рус­там Мусурмоннинг “Бир жуфт сўз” китоби тақдимоти ўтказилди. Унда давлат ва жамоат арбоблари, шоир ва таржимонлар, адабиётшунос олимлар, талаба ёшлар иштирок этди. Тадбирни филология фанлари доктори, профессор Баҳодир Карим олиб борди.

Тақдимотда Венгрия Республикасининг Ўзбекис­тондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Дюла Ковач, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, халқ шоири Сирожиддин Саййид, Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раиси Рустам Қурбонов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналистлар, таниқли шоир ва адиб­лар Салим Ашур, Қўчқор Норқобил, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Тошпўлат Маткаримов сўзга чиқиб, жаҳон адабиётининг ёрқин вакиллари яратган асарлар ҳар бир миллий адабиёт учун қадрли эканини, бу борада бадиий таржиманинг аҳамиятини таъкидлашди.

– Шандор Петёфи дунёга танилган асарлари энг кўп таржима қилинадиган можор шоири, – дейди Венг­рия Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Дюла Ковач. – Шоир атиги 26 йил яшаган бўлса-да, ҳаётлик пайтидаёқ шеърлари хорижий тилларга ўгирила бошланган. Рустам Мусурмон таржимаси Шандор Петёфини ўзбек ўқувчиларига янада яқинроқ таништирди. У Шандор Петёфи таваллудининг 200 йиллигига бағишланган, Венгрияда ўтказилган халқаро шеърий таржима танловида қатнашиб, ғолиб бўлди. Бундай ижодий ҳамкорлик Ўзбекистон ва Венгрия ўртасида маданий, дипломатик алоқалар ривожида муҳимдир.

Бугун ўзбек ўқувчилари “Озодлик” номли китобида Шандор Петёфининг юзтача шеърни ўз тилида ўқиш имкониятига эга. Венгер адабиётининг биринчи таржимони Исҳоқ Иброҳим XIX асрда яшаб ижод қилган. Рустам Мусурмон можор адабиёти таржимасида Исҳоқ Иброҳим анъаналарининг давомчиси бўлди.

Атоқли чех шоири Ян Неруда венгер адабиётининг бу ёрқин вакили ҳақида шундай деган эди: “Петёфи венгер адабиётини жаҳон адабиёти билан бириктирган олтин кўприкдир. Гўзал ва ўтюрак венгер миллатининг ундан ҳам кўра буюкрок ўғлони йўқ. Петёфи туғилган кун бу миллатнинг энг бахтли айёмидир”.

Дарҳақиқат, можор халқи Шандор Петёфини миллий қаҳрамони деб билади.

Ўқувчиларга тақдим этилган “Озодлик” китобига Шандор Петёфи асарларининг Рустам Мусурмон томонидан амалга оширилган янги таржималари киритилган ва бу унинг ижодий фаолиятида янги босқич бўлди.

Рустам Мусурмон айни пайтда фаол ижод қилиб келаётган таниқли шоирларимиздан бири. Унинг қаламига мансуб “Руҳимнинг товуши” (1995), “Хиргойи” (1997), “Бозбарак” (2021), “Бир жуфт сўз” (2022) каби шеърлар ва достонлар тўпламлари, “Муқанна” қиссаси ўзига хос бадиий талқини ва халқона фалсафаси билан китобхонлар эътиборига сазовор бўлган.

Тақдимотда Рустам Мусурмон венгер ва ўзбек адабий алоқалари ҳақида гапириб, Шандор Петёфидан таржималари ва ўзининг шеърларидан намуналар ўқиб берди.

Йиғилганларга Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан “Озодлик” ҳамда “Бир жуфт сўз” китоблари совға қилинди.

Фозил ФАРҲОД,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси