August 18, 2023

СИНФДОШЛАР  

Виктор КОКЛЮШКИН

(ҳажвия)

Фавқулодда Интернетга кириб қолдим, унда “Одноклассники” сайти бор экан – ўзимизникилар ҳаммаси шу ерда, Петка ҳам! У мактабда фақат иккита тўрт баҳо олган, бу ерда бўлса қандайдир девор олдида турибди ва “Мен Стокгольмдаман”, деб ёзиб қў­йибди.

Эҳ, мен ярим кечгача ухлолмадим. Эрталаб Ботаника боғига бордим! Қандайдир кактус олдида суратга тушдим ва суратни “Мен Мисрдаман” деган ёзув билан Интернетга жойладим.

Эртаси куни сайтга қарадим – Петка хотини билан мамнун қиё­фада. Меники бўлса, уйда бўлмаган пайтдагина хурсанд. Тунда ортимдан юради, ҳожатхонада ўтирганимда чироқни ўчиради.

Майли, деб ўйладим. Театр олдида машҳур актри­сани кутдим, бирга суратга тушишга кўндирдим ва суратни “Бахтиёр келин-куёвлар Гаи­тида ўта­­ди­ган асал ойи олдидан”, деган ёзув билан сайт­га қўйдим.

Кейинги куни сайтни очсам, Петка болалари билан турибди! Иккита – ўғил ва қиз. Менда ҳам улар иккита: қутидаги тош­бақа ва мушугим Борсик. Ҳа, мен болалар боғчасига бордим, тарбиячидан илтимос қилиб, болалар билан суратга тушдим – улар йигирматача бор! Ке­йин – Интернетга! Остига эса “Оила даврасида бахтли соатлар” деб ёзиб қўйдим.

Петка жимиб кетди. Кейинроқ қарасам, сурат пайдо бўлди: Петка от устида! “Менинг севимли Арғуним 50 минг евро туради” деб ёзиб қўйибди. 50 минг... мен ўзимнинг Борсикимни ювиндихонадан топиб олганман.

Ҳайвонот боғига чопдим. Филнинг олдида суратга тушдим ва “Бу менинг филим Филя, 500 минг туради, эрталаблари шиппагимни келтириб беради”, деб ёздим.

Петка икки кун жим қолди, кейин кўрдимки, у “Мерседес” ёнида турибди! Остида ёзув: “Иккинчисини нега сотиб олдим, билмайман!”

Ҳа-а, ҳозир биласан, дедим! Марказга бордим, “Лексус”, “Роллсройс”, “Ягуар”лар билан суратга тушдим ва ёзиб қўйдим: “Автомобилларни коллекция қилиш одати болалигимда – марка тўплаб юрган пайтларимда пайдо бўлган”.

Петка писиб кетди, ке­йин кўрсам – у яхта ёнида турибди. “Мен ва менинг яхтам “Изолда”. Хотиним шарафига номланган”, деб ёзиб қўйган.

Мен Москва дарёсига бордим! У ерда ўзиюрар “Ахтубинск” баржаси – юк кемаси. Суратга тушдиму Интернетга жойладим. “Мен ва менинг қайнонам шарафига номланган баржам “Ахтубинск”, деб ёзиб қўйдим.

Петка тиним билмади, кейин қарасам, у ярамас дубулға кийиб самолёт ёнида турибди! Ёзув: “Менинг қизиқишим осмон!” Осмон эмиш... ўзи болохона айвонига ҳам эҳтиёт чораларисиз чиқишга қўрқарди!

“Мен яшашни хоҳлайман!” деб қичқирдим. Ҳа, майли, Шереметьевога бор­дим, у ерда девор орти­да ҳаво лайнерлари турибди, суратга тушдим ва ёзиб қўйдим: “Фақат “Боинг-737”ни сотиб олгачгина, менга нима етишмаганлигини тушундим!”

Тамом, дея ўйладим мен. Энди Петканинг овози ўчади! Аммо... қарасам у қўлида китоб билан турибди ва шундай ёзув бор: “Менга Букеров мукофотини топшириш маросимида”.

Эҳ, сен каллаварам, деб ўйладим! Саккизинчи синф­гача тўртта ҳарфли сўзда иккита хато қилардинг. Тўққизинчида эса “Лев Толстой”ни “Лев Толстий” дердинг.

Ҳа, мен уч кун ўйландим, нима қилиш керак, кейин юзимга қоракуя чаплаб расмга тушдим ва ёзиб қўйдим: “Менга қўйилган ёдгорлик, ҳайкалтарош Церетели ишлаган. Менинг шарафимга номланган “Боронкин” шоҳкўчасига ўрнатиш режалаштириляпти”.

Ана шунда қўққисдан бир нима “шақ” этди! Сайтни қарадим – учрашув оқшоми ҳақида хабар! Ўйлаяпман: Петка, ярамас, “Мерседес”да келади, мен-чи, трамвайдами?! Яна онам еттинчи синф­дали­гимда олиб берган катта камзулда-я?

Қўшнимнинг қайтарма шойи ёқали мовут костюмини сўраб олдим, томида ўчиб-ёнадиган чироғи бор БМВ ҳайдовчиси билан келишиб қўйдим: у мени мактабга олиб бориб, сигнал чаладиган, ҳамма деразадан қараганда, менга эшикни очадиган ва ҳурматимни жойига қўядиган бўлди.

Кетаяпмиз, қарасам Петка кетяпти... хомуш, кийи­лавериб қийшайиб кетган пойафзалда. Унга раҳмим келди, машинага чиқариб олдим, мактабимизга етиб келганимизда эса, ҳайдовчи сигнал чалди, Петка билан машинадан тушдик. Майли, барча бизда ҳаммаси яхши деб ўйласин!

Русчадан Ҳабиб СИДДИҚ таржимаси