July 9, 2023

ЯЛПИЗ ИСИ АФСОНА

Вафо ФАЙЗУЛЛОҲ

ГИЛОСЛАР ШАҲРИ

Апрел келганида тонглардан ошиб,

Тоғларда ол лолалар тутганда қадаҳ.

Қўша-қўша бахтдан қоламан шошиб,

Кўнглимни ғарқ этади ўзгача фараҳ.

Гилослар очилар қизлардай қийғос,

Оппоқ кўйлакларда турар расида.

Тўлдирар кўчаларни нурдай оқ либос,

Асалари бўлгим келади жуда.

Қора булутларга қаҳрим келади,

Камалакнинг олтин камарин таққан –

Варраклар дил изҳорим кўкда елади,

Гилосларга тўймай боққаним боққан.

Тоғларга кетай десам лолалар излаб,

Гилосларни асло қиймайди кўзим.

Улар тош шаҳримни кетардай ташлаб,

Энг мусаффо сирим очилган тилсим!

Кимгаки гул тутмаган бўлса асл ишқ,

Гилослар ғунчасига тикилсин бир бор.

Қалбидан отилади мардона қўшиқ,

Кўнгилдан бош кўтарар беғубор изҳор.

Гуллашнинг меваси бор, баҳорнинг ёзи,

Гилослар қалъасида гуллар оқ ният.

Шундай ўтган умри ғарибдан рози,

Гилослар гуллаб турса ўлмоқ ҳам уят.

Бошқа бир таъбир ҳам бор, қўрқмам айтгани,

Тоғлар лунжидаги ҳаётий ҳикмат:

Келмоқнинг қолмоғида энг олий маъни,

Гилослар гуллаб турса ўлмоқ ҳам бир бахт!..

АНОР НОВДАСИ

Мунгли хаёлларга бўлганча қойим,

Эслаб бевафонинг тантиқ ваъдасин,

Шу сўқмоқдан ёлғиз ўтганда доим

Елкамни сийпалайди анор новдаси.

Кўзим ярқ очилар, ўтлар сочилар,

Ҳайратдан асар сезмас титрайди юрак.

Менга дунёларнинг бағри очилар,

Бирдан кучга тўлар безавол тилак.

Бир девона дилман, меҳр гадоси

Озод кўтараман ҳаёт бодасин.

Сезаман айни лаҳза Ҳақнинг вафосин,

Елкамни сийпалаб тур, анор новдаси!

* * *

Тошлоқ йўлда шам бор тилимда,

Ой фонуси менга бегона.

Беғубор бир наво дилимда,

Девонаман. Яна девона.

Юлдузларнинг милтираши сир,

Чорламайди кимсасиз хона.

Юраккинам титрайди дир-дир,

Девонаман. Яна девона.

Димоғимни қитиқлар хотир,

Қари ялпиз иси афсона.

Бу дунёга келмаган шоир –

Девонаман. Яна девона...

ОҚ МУШУК

Хомуш кўрдим ариқнинг рошида кўзи юмуқ,

Ҳутни ҳам унутгандай паришон қари мушук.

Йўлларни кесиб ўтмас, фол очмас думи бўлиқ,

Итлар ҳам терс қарайди, нонуштаси йўқ шўрлик.

Олдига бориб аста бошин силасам, титраб,

Жунлари бирам момиқ иссиқ қорнинг ўзи нақ.

Малак кўзларин очди, пинжимга кирди ихраб,

Бир-биримизга боқдик, унс топгани каби қалб.

Қарилик шундай ошна, дедимми таскин излаб,

Ташлаб кетар барчаси, нафс боис гиргиттонлар.

Оқ бўлсанг яна ғариб, устингдан кулар қувнаб,

Ёлғончи дунёларга ўзин сотган пиёнлар...

Дилдирама, титрама, ғуссани қулочлаб от,

Чопонимнинг барига ин қўйгин, индамасман.

Оқ мушуксан сен, ахир, оқларга зордир ҳаёт,

Бир умр оқ мушук бўл атрофимдан кетмасдан!

ЗАНГОРИ ГУМБАЗЛАР ЧОЙХОНАСИДА

Ҳошимжон Мирзааҳмедов хотирасига

Дўстим!

Йўл олардинг кўнглинг қон саҳар

Зангори гумбазлар чойхонасига.

Шунда чекинарди жамики кадар,

Киргандек Хайёмнинг майхонасига.

Есениндан шеърлар ўқирди давра,

Ҳофиздан хонишлар қиларди ҳофиз.

Қандай бахтли эдинг дардлардан, жўра,

Қандай бахтли эди сени севган қиз.

Ўша кунлар қани?

Бўлганми абас?

Сен кетдинг-у, шомлар ғуссага ботди.

Ғова* тоғларида бойчечак кулмас,

Юракни тирнар энди орзулар тоти...

Барибир,

Йўл оламан бир оппоқ саҳар,

Зангори гумбазлар чойхонасига.

Дунё кенгаяди оламлар қадар,

Киргандек Хайёмнинг майхонасига!

* * *

Қачон кўрсам гулдай турасан кулиб,

Шамнамдай покиза-ю шуъладай маъсум.

Лекин хаёлимда йиғлар зор уриб

Қиличнинг оч дамида тақдири ярим.

Ёстиғингни кўз ёш этади дарё,

Кўчада ўктамлигинг қолган дилдираб.

Лабларинг булутларга етмаган саҳро,

Баҳорнинг йўлларида йитган қовжираб.

Қаро қароғингнинг тубида гулхан

Ёндирар шамолларнинг телба хасини.

Тўзғин сочларингда яширин кишан

Қулоққа олиб келар ингроқ сасини...

Қўлларингдан тутиб кетолмасман шод,

Олисга етолмасдан, сочилар қаҳрим..

Оёғимга кишан солгандир ҳаёт,

Менинг тоғ ортида қонаган бағрим...

Қачон кўрсам гулдай турасан кулиб,

Шабнамдай покиза-ю, шуъладай маъсум.

Лекин хаёлимда йиғлар зор уриб,

Дунёларни берса арзир табассум...

АЛДАМЧИ БАҲОР. 2021

Бундай ҳолат келар балки юз йилда,

Ўрикларнинг гулин опичлади қор.

Музларнинг қиличлари ботган кўнгилга,

Жувонмарг лолаларга топилмас мозор...

Кўзим тиниб кетар боғларга боқиб –

Барглар орасида йўқ бир довуча.

Довул ноғорасин турадир қоқиб,

Кўксида қони қотган – қип-қизил ғунча.

Кўклам кетган укам тушди ёдимга,

Жигардай дарахтларни туртаман бир-бир.

Замон қулоқ солмас арзу додимга,

Гулларни этиб тарож изғир замҳарир.

Алданмаган нима қолди очунда?

Ҳар ким ўз дамига бек бўлгани соз!

Совчисиз оқ толалар қизлар сочида,

Шафтоли ширасисиз қаршиланса ёз...

Фарзанд доғи билан куйган волида,

Яшил ёбонларнинг кийгани кафан.

Узумларнинг тили чиққан ҳовлида

Райҳонлар оёғига солинган кишан...

Уйғонган борлиқнинг айбими – журъат?!.

Эрта уйғонганни кутадими дор?

Сени не атайин, майли, ўзинг айт? –

Ўтрикчи офтоб мирзо, алдамчи баҳор!..

Вафо ФАЙЗУЛЛОҲ

*Ғова – шоир ва журналист Ҳ. Мирзааҳмедов туғилган қишлоқ.