ХОМЧЎТ
Ишдан қайтсам, бекатда сақичу сигарет сотиб бозорчилик қиладиган хотинимни қизиқ бир машғулот устида учратдим. Кунлик фойда-зарарини ҳисоблаётгандир-да десам, олдида “қора дафтар”мас, қанақадир газета! Бир газетага қарайди, бир қўлидаги рақамлари тамоман ўчиб кетган калькулятор тугмаларини босади.
– Ов, нимани бунча ҳисоблаяпсан? – дедим лўлаболишни биқинимга тортганча. – Тур, эрингга чой қўй! Ташла ишингни! Чой қўй дедим сенга, чой!
– Бирпас сабр қилинг, хўжайин! – деди хотиним қўлидаги калькуляторни силкилаганча. – Чой қочиб кетмас! Бу ерда бир одамнинг тақдири ҳал бўлаяпти!
– Қанақа одамнинг? – дедим анграйганча. – Наҳотки, нима, касодга учрадингми?!
– Напасингиз бунча совуқ! – деди хотиним олдида ётган газетани менга узатиб. – Киоскачидан бир кечага сўраб олдим, тағин дарров кроссвордини ишлаб қўйманг!
– Бир марта газета оберсанг оберибсан! – дедим газеталарни фақат писта ўраш учун чиқарилади, деб ўйлайдиган хотинимни қизиқтириб қўйган қандай нарса чиққанига ҳайрон бўлганча.
– Мана бу ерга қаранг! “Хомчўт” деган жойи бор-ку! – деди хотиним бармоғи билан нуқиб. – Тест саволарига яширмай-оширмай жавоб бериб, одам қанча умр кўриши мумкинлигини хомчўт қилиб чиқса бўларкан!
– Тушунмадим! – дедим хотинимнинг менинг ҳам ақлим етмайдиган нарсаларга бўлган қизиқишини ҳазм қилолмасдан. – Тест фақат ё имтиҳонларда бўлади ёки психолог қабулида! Жиннихонанинг ёнидан ўтмаганмидинг мободо?!
– Худога шукр, куни билан бир жойда ўтираман! Сандирақлаш сиздан бери келмасин! – хотиним тумтайганча дастурхондан бўш чойнакни олиб, ошхонага чиқиб кетди.
Чой етиб келгунча текинга келган газетани тез-тез варақлаб чиққач, хотинимни қизиқтириб қўйган хомчўт-тест билан танишиб кўрай-чи деб, энди ўқишни бошлагандим, орзиқтирган чой ҳам етиб келди.
– Қизиқ нарсамикан? – деди хотиним аразига нуқта қўйганча елкамга ёндошган кўйи газетага мўралаб. – Энди саволларнинг ярмига етгандим, чой-чой деб туриб олдингиз. Келинг, саволларга биргаликда жавоб топиб, ким қанчадан умр кўришини хомчўтлаб чиқамиз!
– Ўзи шундоғам маълум-ку ажалимдан беш кун бурун ўлишим! – дедим ажабланиб турган хотинимга изоҳ берганча. – Аёлларникига нисбатан эркакларнинг ўртача умри шундоғам ўн йилга кам. Сендай хотин билан яшаган эркак эса ўшанданам камроқ яшайди.
– Ўлманг илойим, орқамда қолинг! – деди хотиним “алдагани бола яхши” қабилида муроса йўлини тутиб. – Қани саволларни ўқинг, мен иккаламизнинг жавобларимизни қоғозга белгилаб борай. Охирида балларни ҳисоблаб, қанчадан яшашимизни хомчўтлаймиз.
Тест саволларига кўра одамнинг зарарли иллатларию фойдали фазилатлари унинг қанча умр кўришига сабаб бўларкан. Чекасанми, ўртача эллик йиллик умрингдан беш йилини олиб ташла. Ичадиган бўлсанг яна шунча умринг қулоғини ушлаб кетаркан. Ҳазил-ҳузулни яхши кўрсанг, марҳамат – умрингга беш йил сийлов, кўпроқ пиёда юрсанг – яна шунча!
Эр-хотиннинг газета тестига кўра қанча яшашимизга доир қилган хомчўтимиз кутилмаган натижаларни берса, денг! “Орқамда қолинг, хўжайин!” дея тилёғламалик қилган хотиним нақ юз йил умр кўрса, камина эса, аллақачон бандаликни бажо келтирибман!
– Вой ўлмасам, – деди хотиним кўзларига ишонмай. – Нима, ўн йилдан бери арвоҳ билан яшаётган эканман-да!
– Ҳой, юз йил тутаб яшагандан қирқ йил ловуллаб яшаган яхши! – дедим қўлбола хомчўтимизга хулоса ясаб.