ҚИРҒИЗ-ЎЗБЕК ДЎСТЛИГИ ТИМСОЛИ
Давлатимиз раҳбарининг ташқи сиёсат масалаларида олиб бораётган очиқлик ва шаффофликка асосланган ёндашувларидан келиб чиқиб, ўзбек-қирғиз муносабатлари ҳамкорлигининг турли соҳаларида авваллари хаёлга келтириш ҳам мумкин бўлмаган мулоқотлар йўлга қўйилди. Бу ҳол Қирғизистон ҳам аъзо бўлган Туркий давлатлар ташкилоти фаолиятида, Халқаро туркий маданият ташкилоти (ТУРКСОЙ) томонидан амалга оширилган ва оширилаётган савобли ишларда ҳам ўз ифодасини топмоқда. Хусусан, “Туркий адабиёт дурдоналари” 100 жилдли асарлар тўпламининг 9 жилдини қирғиз адабиёти ташкил этгани ҳам бунинг ёрқин далилидир. Албатта, адабий алоқалар ҳақида сўз кетганда, Ўзбекистоннинг улкан дўсти, буюк адиб ва жамоат арбоби, ўзбек халқи учун ҳам азиз ва қадрли Чингиз Айтматов сиймоси кўз ўнгингизда гавдаланади. Истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш “Улуғбек” жамғармаси раҳбари, академик Оқил УмурзоқовичСалимов бу йил таваллудининг 95 йиллиги нишонланаётган атоқли адиб Чингиз Айтматов билан узоқ йиллик дўстона алоқаларга эга давлат ва жамоат арбобидир. Чингиз Айтматов билан ўзбек зиёлилари ўртасидаги ижодий муносабатлар мустаҳкам боғланиб туришига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келганини инобатга олиб, бу мавзуда у киши билан суҳбат уюштиришга азм этдик.
– Оқил Умурзоқович, Сиз Чингиз Айтматовни ёзувчи сифатида танила бошлаган чоғларидан яхши биласиз...
– Тўғри айтасиз. Ўтган аср ўрталарида адабиёт ва санъатдаги схематизмни ёриб ўтишга табиий истеъдоди билан уринган бир қатор ёшлар кириб кела бошлади. Улар сохта ҳамду сано, тўқиб чиқарилган воқеа-ҳодисалардан кўра кўпроқ ўз кўзлари билан кўриб, ўзлари гувоҳ бўлган нарсаларни қоғозга тушира бошладилар. Бизнинг эс таниб, болаликдан ўсмирликка ўтар чоғларимиз Иккинчи жаҳон уруши даврига тўғри келган эди. Чингиз Айтматов ҳам бу урушнинг барча қийинчиликларини бошидан ўтказиб улғайган. Қийинчилик кўрган одамлар қаҳри қаттиқ бўлади, деган гап тўғри эмас. Улардаги меҳр ўзгача, ҳаёт шукронаси ҳам шундай. Чингиз ана шу кўрган қийинчиликлари, оғир ҳаёт жабҳасида ажойиб одамлар борлигини топиб ёзди. Қолаверса, адабиётга тоза нафас кириб кела бошлаши билан маданият ва санъатнинг, адабиётнинг бир қолипга тушиб қолганини айтиб чиқадиганлар ҳам топила бошлади. Бу янгилик эди. Адабиётдаги янгилик эди. Адабиётнинг жамият ҳаётидаги ролидан ташқари, унинг объекти қандай бўлади, инсонга муносабати ва олиб чиқадиган муаммолари-чи, деган саволларга жавоб излаш имкониятлари юзага чиқишида Чингиз Айтматовнинг роли катта бўлди. Бу жараёнда эркин ҳаво таъсиридаги ўзбек адабиётига ҳам ўзгача нафасдаги истеъдод эгалари кириб кела бошлади. Одил Ёқубов, Пиримқул Қодиров каби катта ёзувчилар ҳам илк асарларини ўшанда эълон қилишган эди. Улардаги дадиллик, ўзига хослик дарҳол китобхонлар эътиборини тортиб, ўз мухлислари пайдо бўлди. Қирғиз ва рус тилларида самарали ижод қилган Чингиз Айтматов бу сафнинг бошида турди. Жаҳонга машҳур бўлган чоғида ҳам у ўзбек адабиётини катта қизиқиш билан кузатиб, фикр-мулоҳазаларини билдириб борарди. Ўзаро суҳбатларимизда шу ҳақда кўп гаплашардик.
– У маҳалларда рус тилида ижод қилиш кўпроқ аҳамиятга эга бўлганми?
– Ҳа, шунақа. Кўп миллатли давлат ҳисобланса-да, Шўро ҳукумати мафкурасида “совет кишиси” деган тушунча шаклланган эди. Рус тили кишилар ўртасини боғлаб турарди. Расул Ҳамзатов рус тилига таржима қилинган шеърлари орқали ном қозониб, Ўлжас Сулаймонов ҳам шу тилда ижод қилишса-да, миллийликларини йўқотишмаганди. Биз ҳам рус тилида иш олиб борганмиз. Шароф Рашидов ҳам рус тилида иш юритган. Бу ҳодисанинг мазмун-моҳиятига тузук-қуруқ етмай туриб, бугунги кунда негатив муносабатда бўлаётганларни ҳам тўғри тушуниш керак. Аммо гап шундаки, “совет кишиси” тушунчаси мана шу кўп миллатлардан бирортасининг маҳрамига тушмаган бўлса-да, аҳоли нуфузининг кўплиги ва бошқарув қўлида бўлган Москванинг инон-ихтиёрида эди. Шунинг учун, бугун бой берилган бу кишилар русларнинг ўзигина эмас, бошқа миллатлар вакиллари ҳамдир. Чингиз Айтматовнинг, адашмасам, айниқса, Ўрта Осиё республикалари адабиётидаги тенгдошларидан бир ҳисса устун жиҳати ҳам шунда, давр тақозосига кўра, рус тилида ижодини бошлаганида бўлса, ажабмас. Чингиз Айтматов ана шу муҳитнинг фарзанди эди. “Абай” трилогиясини битган улкан қозоқ адиби Мухтор Авезовни ўзининг устози деб биларди. Чингиз Айтматовнинг жамият ва халқ ҳаётига оид ёрқин фикрларга бой илк асарлари марказий нашрларда эълон қилиниб, кенг жамоатчилик назарига туша бошлаганига рус тилида ижод қилгани таъсири ҳам катта бўлганини инкор этиб бўлмайди. Ёзувчининг машҳур “Жамила” қиссасини шу тилдан машҳур француз ёзувчиси Луи Арагон французчага ўгирди, “Жаҳондаги энг гўзал севги қиссаси” номли мақола ёзди. Унинг бу мақолада Чингиз Айтматовга тан бергани бутун Иттифоққа шов-шув бўлиб кетгани кечагидек ёдимда. “Гюго ва Бодлерлар маскани бўлган Парижда, қироллар ва инқилоблар маскани бўлган Парижда, ҳар бир тоши бирор тарих ёки афсонадан шаҳодат берадиган кўп асрли рассомлар маскани Парижда, бошидан кўп савдоларни кечирган, кўп нарсаларни кўрган ва билган шу Парижда “Жамила”ни ўқидиму, ногаҳон “Вертер” ҳам, “Вероника” ҳам, “Антоний ва Клеопатра” ҳам, “Манон Леско” ҳам, “Севги тарбияси” ҳам, “Доминика” ҳам – ҳамма-ҳаммаси кўзимга кўринмай қолди. Ромео ва Жульетта ҳам, Паоло ва Франческа ҳам, Эрнани ва Доля Сол ҳам... Чунки мен жаҳонда тенги йўқ энг гўзал севги қиссаси – “Жамила”ни ўқиган эдим”.
– Бу қисса ҳақида турли-туман баҳсталаб тортишувлар ҳам бўлиб туради.
– Бу ёғи энди мутахассис адабиётшуносларнинг иши. Мен ўзим гувоҳ бўлган Чингиз Айтматовнинг ҳам ёзувчи, ҳам шахс сифатида юксалиб боришидан хабардорлигимни айтаман. Чингиз Айтматов буюк ёзувчи эканидан ташқари, дунёни жуда кенг кўламда идрок этадиган бағрикенг инсон эди. Хабарингиз бор, менга улуғ давлат ва жамоат арбоби, ўзбек маданиятининг жаҳонга чиқишини орзу қилиб, ўзи ҳам кўплаб асарлар ёзган, республикамизни узоқ йиллар бошқарган Шароф Рашидов билан ёнма-ён ишлаш насиб этган. Мен идеология масалаларига масъул эдим. Шунинг учун Шароф Рашидовнинг ҳузурига келиб-кетадиган барча ижодкорлар билан учрашиб суҳбатлашиш, уларнинг дарду ҳасратларини тинглаш, амалий ёрдам кўрсатиш каминанинг зиммасида эди. Бир нарсани холисона айтишим керак, Шароф Рашидов адабиёт ва санъатга жуда кенг имкониятлар яратиб берган эди. “Йилт” этган истеъдод учқуни унинг назаридан четда қолмасди.
Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Муҳаммад Али, Ҳалима Худойбердиева сингари ёшлар ҳали элга танилмаган бўлса-да, Шароф Рашидовнинг эътиборида турарди. Иттифоқнинг турли бурчакларидан келадиган машҳур шоир-ёзувчилар ҳам Шароф Рашидов билан кўришишни орзу қилиб, республикамизда ижод аҳли учун яратилган шарт-шароитларни мақтаб кетишарди. Ўша пайтларда қардош республикаларда тез-тез ўтказиб туриладиган адабиёт ва санъат делегацияларига раҳбарлик қилиш кўп ҳолларда каминанинг зиммасига тушарди. Шу туфайли, тақдир тақозосига кўра, Чингиз Айтматов билан тез-тез кўришиб, суҳбатлашганмиз. Унинг Шароф Рашидов билан дўстона алоқалари мустаҳкам эди. Улар учрашиб қолсалар, турли масалалардаги суҳбатлари қизғин кечар, адабиёт ҳақида мароқ билан фикр юритганларига кўп бора гувоҳ бўлганман.
Умуман олганда, Чингиз Айтматовнинг барча суҳбатлари сермазмун, қизиқарли, ҳаётий воқеаларга бой бўларди. Унинг бизга муносабати самимий, ўзбек халқининг ўтмиши улуғлиги, бой маданий меросга эга эканини ифтихор билан сўзларди. Биз Тошкентда, гоҳо Москвада кўп учрашиб, ҳамсуҳбат бўлардик. Унинг собиқ иттифоқ маркази ва республикаларида дўстлари кўп эди. Александр Твардовский, Расул Ҳамзатов, Константин Симонов. Ўлжас Сулаймон, Одил Ёқубов, Пиримқул Қодиров, Мухтор Шаханов билан дўстона алоқаларини узмасди.
– Сиз ёзувчининг асарлари ҳақида нималар дея оласиз?
– Бу асарлар фазилати, назаримда, барчага баробарлиги билан ҳам ўлчанади. Оддий ишчи-ю деҳқон ҳам, ҳайдовчи-ю чўпон ҳам, олиму уламо ҳам ундан ўзига керакли нарса топа олади. Ҳаёт ҳақида фикрга толдиради. Адабиёт шундай бўлиши керак, деб ўйлайман. Мен сиёсий фаолиятим давомида асосан фан, таълим, адабиёт ва санъат соҳалари билан шуғулланганим туфайли бу соҳалар вакиллари билан алоқаларим соз эди. Адабиёт ва санъатга ихлосим ҳеч қачон сўнмаган. Ҳозир ҳам ҳузуримга шоир-ёзувчилар келиб туришади. Китоб мутолаа қилишга ҳам доим вақт ажратишни асосий бурч ва вазифаларимдан бири ҳисоблаб келганман. Аҳли илм ва ижодкорлардан дўстларим кўп. Қалам соҳибларига ҳурматим ва эҳтиромим чексиз. Чингиз Айтматовнинг “Юзма-юз”, “Жамила” қиссалари собиқ иттифоқ маркази бўлмиш Москванинг ўз даврида таниқли ва ўқишли “Октябрь” ва “Новый мир” журналларида нашр этилган. Бу журналлар бутун иттифоқ ҳудудига тарқаларди. Унинг обуначилари ва мухлислари жуда кўп эди. Ўша давр адабиётининг илғор ва машҳур ижодкорлари – рус шоири Александр Твардовский, қозоқ халқининг улуғ ёзувчиси Мухтор Авезов, француз халқининг йирик адиби, оташин публицисти Луи Арагон ҳамда буюк бастакор Дмитрий Шостакович кабиларнинг эътиборига тушган Чингиз Айтматов ҳақида барча миллатларнинг адабиёт аҳли ўртасида илиқ фикрлар билдириларди. Унинг асарлари миллионлаб нусхаларда чоп этилиб, муҳокамаларга сабаб бўларди. Матбуот саҳифаларида у ҳақда чиқишлар қилинарди. Чингизга асарлари олқиш ва шуҳрат келтирди. Улар қўлма-қўл бўлиб кетарди. Ўша вақтлари Лев Толстой, Эрнест Хэмингуэй, Михаил Шолохов каби ёзувчилар қаторида Чингиз Айтматов номини ҳам тилга олишарди. Буларни ёзувчининг бир мухлиси ва дўсти, асарлари шайдоси сифатида хотирлаб тилга олмоқдаман. Ўша замонда “Жамила” қиссаси нашр қилинган “Юманите” газетасида сонма-сон повестнинг боблари босилганди. Бу газета икки юз минг нусхада нашр этилар, бу одамларда матбуотга нисбатан интилиш ва қизиқиш нақадар юксак бўлганини кўрсатади. Улуғ ёзувчининг ҳар бир ёзган асари ўзига хос фалсафий ва бадиий пафос ҳамда янги шакл ва мазмунда эди. Шарқона руҳ, халқчил сўз ва содда тил билан фикрини баён этарди. Ҳар бир асарида ёзувчининг юксалишини кўраман.
Мен дўстимнинг асарларини доимо ўқиб боришдан ташқари, газета-журналлар саҳифаларидаги чиқишларини мунтазам кузатариб турардим. У нафақат ёзувчи ва жамоат арбоби, балки иқтидорли ташкилотчи, етук дипломат, билими жуда кенг халқпарвар, фикр-мулоҳазали инсон эди.
Чингиз Айтматовнинг бир оёғи ўз юртида бўлса, иккинчи оёғи Москвада бўларди. У бу бориб-келишларда, албатта, Тошкентни четлаб ўтмасди. Ўзбекистонга кўп келарди. Унинг бу сафарлари давомида Мирзачўлнинг ўзлаштирилиши, фидойи ака-укаларимиз ҳақида ёзган мақолалари марказий нашрларда тез-тез эълон қилиб бориларди. Албатта, бу биз учун фахр эди. Шундай чиқишларининг биридаги, 1988 йилда “Правда” газетасида эълон қилинган “Омонлик дарахти” номли мақоласидаги “Қадим-қадим ўзбек маданиятининг Ўрта Осиёга кўрсатган таъсирини қўҳна Византиянинг қадимги Русга кўрсатган таъсири билан қиёслаш мумкин. Советгача бўлган даврларда ва совет даврида ҳам Ўзбекистон бизнинг Шарқдаги сўзимиз ва юзимиз бўлиб келган. Биз Туркистон тоғлари ва кенг чўлларида бирга яшаймиз. Ўзбек халқи ўзининг гўзал миллий хусусиятлари билан ҳеч қандай шак-шубҳасиз барча тан олган шундай ҳурматга лойиқ”, деган сўзлари, айниқса, ўша пайтларда биз учун жуда муҳим эди. Анча олдинроқ бошланиб, халқимизга жуда кўп азиятлар олиб келган “пахта иши” баҳонаси билан, хизматга туҳмат қабилида халқимиз номи қораотлиқ бўлиб қолаёзган кезларда бундай гаплар билан марказий газетада чиқиш қилиш жуда катта жасоратни талаб қиларди. Бу гапни Чингиз Айтматовдан бўлак одам айтса, қай ҳолга тушишини тасаввур этиш мушкул, аммо уни халқаро миқёсдаги обрў-эътибори сақлаб қолди. Миллионлаб одамларнинг халқимизга муносабати шу мақоладан кейин ижобий томонга ўзгара бошлади.
Адабиёт, маданият, санъат кишиларни бир-бирига яқинлаштиради. Китоблар қалбни поклайди. Инсонни донишмандлик сари етаклайди. Чингиз Айтматовнинг ҳар бир асарида йирик масалалар кўзга ярқ этиб ташланади. Улар дунё аҳамиятига алоқадор ва аҳамиятли. “Асрга татигулик кун”, “Қиёмат”, “Кассандра тамғаси” романларида давримизнинг умумбашарий, умуминсоний муаммолари, Она замин, коинот ва башарият тақдири каби масалалар қамраб олингани бу асрларга умрбоқийлик бахш этди. Унинг ҳар бир асарида кўтарилган ва ўртага ташланган муаммоли масалалар дунё аҳамиятига молик эди. Одамларни теварак-атрофга сергак қараш ва масъулиятни қалбан ҳис этиб, табиатга эътибор қилишга чорларди. Шу сабабли, улар китобхон мухлисларнинг севимли асарларига айланди.
Чингиз Айтматов Москвада “Иностранная литература” журнали бош муҳаррири, кейинроқ эса собиқ иттифоқ ҳамда Қирғизистон Республикасининг Люксембург ва Бельгиядаги элчиси бўлиб фаолият юритди. У қаерда ишламасин, дўстларини, таниш-билишларни унутмади, мунтазам алоқада бўлиб турди.
– Ёзувчининг “Иссиқкўл форуми”ни ташкил этгани ҳам катта воқеа бўлганди.
– Албатта. Бу унинг саъй-ҳаракати билан бўлганди. “Иссиқкўл форуми” халқаро тинчлик, ҳамжиҳатлик ҳаракати, дўстлик, биродарлик ришталарини мустаҳкамлашда, долзарб ижтимоий соҳаларга таъсири кучли эди. Бу форумда кўтарилган масалаларнинг аксарияти бугунги кун учун ҳам муҳим ҳисобланади.
– Инсон сифатида Чингиз Айтматовнинг қандай бўлгани ёшларни кўпроқ қизиқтиради.
– У жуда танти инсон эди. Нафақат дунё адабиётининг йирик намояндалари, таниқли давлат арбоблари ва эл назарига тушган улуғ шахслар билан дўстона алоқада бўларди, балки турли соҳа вакиллари билан мулоқот қилишни хушларди. Инсон қадр-қимматини асосий тамойил деб биларди. У бутун ҳаётини инсоният манфаати йўлига бахш этди. Донишманд Шарқ халқлари қадриятларини жаҳон минбарларига олиб чиқа олгани билан ёзувчи ва жамоат арбоби сифатида номи тарих саҳифаларида муҳрланиб қолди. Чингиз Айтматовнинг матбуотдаги чиқишларидан ташқари, жонли мулоқотларига ҳам талпинувчилар кўплиги шундан эди. Унинг мақолалари чиққан газета-журналларни дўконлардан топиш амримаҳол эди. Одамлар бир-биридан телефон орқали сўраб-суриштириб топиб ўқишарди. Собиқ иттифоқда ўтказилган мажлислардаги Чингиз Айтматовнинг чиқишлари ҳам одамларнинг қалбидан ўрин олар ва унда қандайдир сеҳр бордек кўринарди. Ёзувчининг бу сеҳри инсонлар қалбига яқинлигида, уларнинг ҳаётидан келиб чиқиб ҳақиқатни баралла айта олишида эди. У ўз даврининг фарзанди, ўша давр идеалларига ҳамоҳанг равишда ижод қилган бўлса-да, истеъдоди юксаклигидан қобиқларни ёриб чиқа олди. Кейинчалик, Марказий Осиё минтақаси республикалари мустақил бўлганидан сўнг ҳам мешчанлик, инсоний қадриятларга нописандлик, адолат тамойилларининг бузилишларига қарши у айтган очиқ-ойдин фикрлар халқларнинг минг машаққат билан қўлга киритган озодлигини қадрлашга ўргатарди. Эркинликка ғов бўладиган, ҳар қандай миллатнинг оёғига болта урадиган иллатлар ҳақида изтироб билан ўйларди. Бу ёзувчининг виждони уйғоқлигидан, умуминсоний муаммоларга мурожаат қилишидан далолатдир.
Депутат сифатида давр ўзанига сиғмаган сўзларни дадил айта билди. Буни давр ва жамият бошқаруви етакчиларига тан олдира билиш учун жасорат ва ақл-заковат, журъат ва матонат лозим эди. Шу ўринда Марказий Осиё республикаларидан СССР халқ депутатлигига сайланган вакилларимизни эслаб ўтмоқчиман. 1989 йил Москвада Кремль съездлар саройида Чингиз Айтматов ва Одил Ёқубов нутқлари тарихий аҳамиятга молик бўлди. Уларнинг чиқишларида муҳим масалалар кўтарилиши иттифоқ раҳбарларини ҳам ўйлантириб қўйганди. Чингиз Айтматов маърузаси бутун залда ўтирганларни эмас, телевидение орқали эфирга узатилган мажлисни кўраётган барча одамларнинг диққатини тортган эди. Бизнинг ажойиб ёзувчимиз Одил Ёқубов дўсти, қадрдони Чингиз Айтматов ҳақида “Чингиз Айтматов – адиб ва чин инсон” номли мақола ёзганидан ҳам хабарим бор. Унда, жумладан, шундай сўзлар битилган: “Умуман, Чингиз Олмонияда биздагидан ҳам машҳур. Ҳатто бизда унча донг чиқара олмаган ёзувчининг “Кассандра тамғаси” романи ҳам Олмония ва бошқа хорижий давлатларда жуда катта шуҳрат қозонган, сўнгги бир-икки йил давомида, Ассамблея ишлари сабаб, Чингизни қачон суриштирсам, рафиқаси аксар ҳолларда уни гоҳ Олмонияга, гоҳ Парижга, гоҳ Америкага китобхонлар билан учрашувга кетди, деб жавоб берарди. Чингизнинг ўзи эса, бу ҳақида гап кетганида хиёл маъюсланиб: “Эндиликда менинг асарларим ўз элимдан кўра хорижда кўпроқ ўқилади, – деди хўрсиниб. – Чет эл китобхонлари ҳалиям бўлса ҳақиқий адабиётнинг қадрини яхши билади”.
Марказий Осиё халқлари маданияти Ассамблеяси дастлаб “Туркистон умумий уйимиз” шиори остида 1995 йилда ташкил этилган эди. Чингиз Айтматов унга Президент этиб сайланган, Одил Ёқубов биринчи вице-президент ҳамда бошқа қардош республикалардан ҳам унинг ўринбосарлари бор эди. “Байналмилал” дўстлик маркази ҳам Ассамблея билан фаол ҳамкорликда иш олиб борарди. Ассамблея таркибида “Марказий Осиё маданияти” номли халқаро газетаси ҳам бор эди. Ўша газета беш тилда нашр этиларди. Чингиз Айтматовнинг бир оёғи Тошкентда бўлиб қолганди. Ассамблея ва унинг фонди қўллаб-қувватланиб туриларди. Мустақил имконият ва имтиёзлар берилганди. Шунингдек, республикалараро кўплаб амалий ишлар ҳамкорликда бажариларди. Чингиз Айтматов 1995 йилда Ўзбекистоннинг ”Дўстлик”, 1999 йилда “Буюк хизматлари учун” орденлари билан мукофотланган. Ёзувчи нафақат асарлари, ўзбек халқи учун қилган олий хизматлари, дўстлик ришталарини мустаҳкамлашга қўшган ҳиссаси учун ҳам эъзозланади. Улуғ ёзувчи, етук дипломат, тажрибали ташкилотчи, жамоат арбобини нафақат жаҳон халқлари, Марказий Осиё халқлари ҳам қадрлайди ва номини ҳар лаҳза ғурур билан тилга олади. Кейинчалик яхши ният билан қилинган бу бирлик пароканда бўлиб кетди. Мана энди, Шавкат Мирзиёев давлат раҳбари бўлиб келган кунлариданоқ “Ягона тарих – умумий келажак” шиорини ўртага ташлаб, минтақада бирдамликка даъват эта бошлади. Натижаларни ҳамма кўриб турибди. Дўстим Чингиз Айтматов ҳаёт бўлганида, бу ишлардан жуда қувонарди. Чунки у Марказий Осиё минтақаси республикалари орасида чегаралар бўлишини тасаввурига ҳам сиғдира олмас, ўзаро ҳамкорлик минтақа тараққиётининг, бу минтақада истиқомат қилувчи қавму қариндош халқларнинг бахтли-саодатли ҳаёт кечиришининг бош омили, деб биларди.
– Эндиликда юртимизда Чингиз Айтматов хотирасига муносиб эъзоз кўрсатилаётгани ҳақида нималар дея оласиз?
– Қайд этиб ўтганимиздек, Шавкат Мирзиёевнинг давлат раҳбари сифатидаги фаолиятининг бошланишидаёқ қўни-қўшни мамлакатлар билан алоқалар мустаҳкамланиб, уларнинг муносиб фарзандларига эъзоз кўрсатила бошланди. Президентимиз томонидан 2018 йил 2 апрелда “Буюк адиб ва жамоат арбоби Чингиз Айтматов таваллудининг 90 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарор қабул қилинди. Мамлакатимизда атоқли адибнинг ижоди ва фаолиятини ўрганиш борасида ўзига хос янги давр бошланди. Ижодкорнинг асарлари мактаб ўқув дарсликларига киритилди. Республикамиздаги нашриётларда ёзувчининг китоблари қайта-қайта чоп этилди. Республика ҳудуди бўйлаб ёзувчига бағишланган кўплаб тадбирлар ўтказилди. Тошкент шаҳрининг марказий кўчаларидан бирига Чингиз Айтматов номи берилиб, унинг барельефи ўрнатилди. Бу жойлар адиб ихлосмандлари қадами узилмайдиган масканга айланди. Паркент туманидаги 33-сонли умумтаълим мактабида адиб бюсти қўйилди. Шунингдек, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида “Чингиз Айтматов ва Ўзбекистон” деб номланган доимий экспозиция ташкил қилинган. Ҳозир бу маскан музей бўлиб, талабадан тортиб профессор-ўқитувчию, барча-барча мухлисларнинг севимли масканига айланиб қолди. Юртбошимиз ташаббуси билан ўтган йили Самарқанд шаҳрида “Туркий цивилизациянинг янги даври: умумий тараққиёт ва фаровонлик сари” шиори остида ўтказилган саммит давомида Туркий давлатлар ташкилоти доирасида таъсис этилган Алишер Навоий номидаги халқаро мукофот Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан туркий дунё бирлигига, халқлар ўртасида дўстлик ришталарини мустаҳкамлашга, инсониятни тинч-осойишталикка, бир мақсад йўлида жипслашишга ҳисса қўшгани учун улуғ адиб ва жамоат арбоби Чингиз Айтматовга берилди. Бу юксак мукофот туркий халқларнинг севимли ёзувчисига берилганида хаёлимдан академик Рустам Раҳмоналиевнинг қуйидаги сўзлари ўтди: “Туркий дунё Алишер Навоийдан қарийб беш юз йил сўнг адабиёт чўққисига Чингиз Айтматовни олиб чиқди”. Унинг сўзларида асос мавжуд.
– Ёзувчи асарларининг бугунги кундаги аҳамияти ҳақида нималар дея оласиз?
– Чингиз Айтматов ўз асарларида инсон муаммоларини ўртага олиб чиққани билан даврдан ўзиб кетганди. Шунинг учун унинг ижодига қизиқиш Европада ҳам жуда юксак бўлган. Акс ҳолда, Европани анча-мунча нарса билан ҳайратга солиб бўлмайди. Бунинг илдизида Чингиз Айтматовнинг шахс сифатида бошидан кўп қийинчиликларни ўтказиб, маънавий-эстетик тамойилларини бошиданоқ тўғри белгилаб олганида янаям яққол кўринади. У ҳали жуда ёшлик кезларидаёқ, Қирғизистон ёзувчилари ҳузурида чиқиш қилиб, айтган сўзлари бугунги кунда ҳам аҳамиятини йўқотмаган. “Бизнинг экранларимизда ҳинд ва араб кинолари тўхтовсиз намойиш этилади, – деган гапларни ҳам айтган эди у ўшанда, бундан олтмиш йил аввал. – Бунинг ёмон жойи йўқ. Кўплаб томошабинлар уларни оҳ-воҳ деб, кўз ёши қилиб, қайта-қайта суқланиб кўришади. Сабаби, уларнинг мавзулари қизиқарли, мусиқаси, қўшиқлари ёқимли. Баъзан юксак профессионал талқинлар ҳам учраб қолади. Aммо бадиий санъатнинг баланд талабларидан келиб чиқиб, бу фильмларга танқидий кўз билан қарасак, улар ўта жўн, примитив мелодрамалардан бошқа нарса эмаслиги маълум бўлади. Кўпчилиги арзимас сентиментализм, мешчанлик руҳида суратга олинган, муҳим ижтимоий муаммолардан узоқ ишлардир. Фильм ижодкорлари қаҳрамонларнинг йиғи-сиғиси билангина чекланишади. Бундай енгил фильмлар таъсирида қолиб кетган томошабин дунё кинематографиясининг энг яхши намуналаридан бири бўлган “Яйдоқ орол” фильмини охиригача кўрмайди, чунки уни тушунмайди, фильмнинг ғояси уларга оғирлик қилади. Бу ерда ажабланарли ҳеч нарса йўқ, гап енгил-елпи мелодрамаларга ошиқ бўлган томошабиннинг ички маданияти паст, чинакам санъатни тушунмаслиги ҳақида бормоқда. Адабиётга дахлдор киши бундай тутқунликка тушиб қолса жуда ёмон. Чунки ундан ҳақиқий санъат асарини кутиш қийин”.
Энди шу фикрларни ҳозирги пайтда миллий студияларда яратилаётган, телеэкранларда намойиш этилаётган, одамларнинг қимматли вақтини олаётган савиясиз кинофильмлар ва сериалларга татбиқ этиб кўринг. Қандай натижа чиқади? Бу ёғи энди газетхонларнинг ўзларига ҳавола.
Оқил Умурзоқович Салимов Чингиз Айтматов ҳақидаги фикр-мулоҳазалари давомида бугунги кунда юртимизда адабиётга берилаётган эътибор, Президентимизнинг “Адабиёт – халқ юраги” деган сўзлари замирида халқ бадиий тафаккури юксалишига қаратилган юксак мақсадлар мужассамлиги ҳақида кўпни кўрган донишманд инсон сифатида сўз юритди. Суҳбатимиз якунида севимли “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетамиз номидан мурожаат қилдим:
– Оқил Умурзоқович, суҳбатимиз якунида “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси мухлисларига тилакларингизни билмоқчи эдик.
– Жуда яхши. Бу газета “Ўзбекистон маданияти” номи билан чиқар эди. Шароф Рашидов унинг ҳар бир сонини бошидан охиригача ўқиб чиқиб, ўрни келганда, бош муҳаррирга фикр-мулоҳазаларини айтар эдилар. Газета саҳифаларини кўпайтириб, унинг номини “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” деб номлаш фикри ҳам у кишидан чиққан. Газета юз минглаб нусхаларда нашр этилиб, адабиётимиз ва санъатимизнинг кўзгуси бўлиб келди. Ҳозир ҳам бу шарафли вазифани виждонан бажармоқда. Унинг ўқувчилари юксак интеллектуал салоҳиятли инсонлардир. Уларнинг барчасига соғ-омонлик, омад тилайман.