May 18, 2023

ЭКИЛДИМ МИСОЛИ ДОН

Хосият БОБОМУРОДОВА

Мен шеър ёзсам

Мен шеър ёзсам, деразамдан ой кирди,

Юрагимни нишон олиб ёй кирди,

Етмишда ҳам Ватаним деб ҳайқирдим,

Томиримга дарё кирди, сой кирди!

Сўз изласам, тунлар тонгга уланди,

Уйғоқ дилим бир нурларга беланди,

Ҳамма ором оғушида ухласа,

Тизлар чўкиб, олов сўзлар тиландим.

Энди билдим, азобларга эшикман,

Қонларида сўз ухлаган бешикман,

Ҳамма каби бўлолмайин ҳайронман,

Одаммасман, қўшиқман мен, қўшиқман!

Кўндим ҳар тун ўжар сўзлар тўлғоғига,

Тилларимни қайта-қайта тилмоғига,

Нима қилиб қўйдинг мени шеърият,

Денгиз дилим сиғмай борар қирғоғига!

* * *

Сен деб юрак бўлди қон, хабаринг йўқ,

Мендан кетиб борар жон, хабаринг йўқ.

Тунларнинг жабрига кўндим қачонлар,

Отиб бораётир тонг, хабаринг йўқ.

Тупроққа қоришиб кетдим, кунба кун,

Экилдим мисоли дон, хабаринг йўқ.

Чўққиларга чиқиб боқдим йўлингга,

Лолаларнинг бағри қон, хабаринг йўқ.

Юрагим қўшилиб олгач қуёшга,

Юртимда тўрт ёқ ён-ён хабаринг йўқ.

Гарчанд атрофимда гуллар хандаси,

Дилимни оғритар тикон, хабаринг йўқ.

Менинг йиғлаганим нима бўлипти,

Ёш тўкди ҳатто осмон, хабаринг йўқ.

Шаҳримнинг исми қанд, бағри тўла бол,

Дилда сенинг меҳринг кон, хабаринг йўқ.

Оҳларим овози тутди Сурхонни,

Қўшилиб титради Сурхон, хабаринг йўқ.

Ёлғон айтдим сенга сабрлиман деб

Кутмоққа қолмади имкон, хабаринг йўқ.

Жуфтини соғинган оққушдай ғариб,

Унутилди Хосиятхон, хабаринг йўқ.

КУНДАН КУНГА

Ёши ортган сари камайиб куни,

Умрин гулдай экар экан одамзод.

Кўнгли аршга интилган сари,

Аста-аста чўкар экан одамзод.

Эрта тонгда кутиб саҳарларини,

Кун-кундан йўқотиб оҳорларини,

Боласига бериб баҳорларини,

Ғамни ўзи чекар экан одамзод.

Гоҳида қул бўлса, гоҳида султон,

Бош ёрилса, бўрк остида сақлаб жон,

Тўйларида ёзиб катта дастурхон,

Бор-йўғини тўкар экан одамзод.

Йўнган сари йўғон тортиб ўраси,

Бирда бўшаб, бирда тўлиб қўраси,

Сўраб қолса содиқ дўсту жўраси,

Ёлғиз жонин тикар экан одамзод.

Тиришган тош ёрар, дея тош ёриб,

Баланд эшикларга уриб, бош ёриб,

Фақат ёр олдида сирри фош ёриб.

Дарё каби оқар экан одамзод.

Жон бериб эришса омад, зафарга,

Дўстлар сони етса минг-минг нафарга,

Кетса ёғоч отда сўнгги сафарга,

Ортига бир боқар экан одамзод.

ЮРАК, НИМА ҚИЛАМИЗ?

Тилга чиқмас сўз кўзларга чиқади,

Пинҳон нигоҳ билан имо қиламиз.

Дўстларим қўшилиб азоб чекади,

Юрак, чорамиз йўқ, нима қиламиз?

Ёнсанг сувлар қолиб, ўтга чопарлар,

Андишани билмас, бетга чопарлар,

Ғолиб келсанг, излаб айбинг топарлар,

Юрак, чорамиз йўқ, нима қиламиз?

Ичимда бешафқат замон яшайди,

Давоси йўқ бир ишқ ҳамон яшайди,

Мени топтаб, рақиб томон яшайди,

Юрак, чорамиз йўқ, нима қиламиз?

Гоҳ бизни қорага қориб, эркаклар,

Тиғ ҳам ўқталишар ғариб эркаклар,

Тап тортмай пастликка бориб эркаклар,

Юрак, чорамиз йўқ, нима қиламиз?

Мард бўлиб туғилдик, марддек ўтамиз,

Дунё азим тоғдир, гарддек ўтамиз,

Қон ичиб, сўз излаб, дарддек ўтамиз,

Ўзга чорамиз йўқ, нима қиламиз?!

* * *

Парча-парча бўлиб кетди юрагим,

Гул бир силкиндию йиқилиб тушдим.

Заранг ер кафтига тегди курагим,

Ўзимни хазонлар сафига қўшдим.

Кўнглимга нохосда санчилган тикан,

Ўткир қилич зарбича бор экан.

Уялмай бунчалар йиғладим қон-қон,

Юрак ёлғиз қолса, дунё тор экан.

Ўзни оқламоққа келмайди тилим,

Ахир, вафомиди, ёлғиз гуноҳим.

Номалар битмакка бормайди қўлим,

Энди кимга керак нолаю оҳим?!

О, менда йўқ экан озгина ғурур,

Биргина сўзингдан чўкиб қолдим тиз.

Ёв бўлсанг қачонлар келардим ғолиб,

Дўстим, сенга қарши тополмайман сўз...

* * *

Харсанг тошга юракни урдим,

Томошалар қилди халойиқ.

Ўзи нега бу йўлга кирдим,

Ниманг ҳам бор, эслашга лойиқ?

Мени кутган кунинг бормиди,

Бедор ўтган тунинг бормиди,

Рост ваъданг ё чининг бормиди,

Ниманг ҳам бор, эслашга лойиқ?

Нега сени кўтардим кўкка,

Нега дилни ташладим чўққа,

Кўзларингга боқмадим тикка,

Ниманг ҳам бор, эслашга лойиқ?

* * *

На хабар бор, на бир имо, ишора,

Йўлларингга кўз тутиб жоним ҳалак.

Эгнига дилимни кийиб мободо

Гулларингга қўнмадими, капалак?

Кўрмадингми, кўйлагида доғини,

Сезмадингми, танлаган гул боғини?

Танидингми, суяб турган тоғини,

Қўлларингга қўнмадими, капалак?

Кўрган бўлсанг, нима деди кўзлари,

Қанотида не дардларнинг излари,

Унга ўхшар бу дунёнинг қизлари,

Гулларингга қўнмадими, капалак?

Елкасига ортган эдим дилимни,

Султоним де, деган эдим қулимни.

Мен билмайман ишқ аталган илмни,

Қўлларингга қўнмадими, капалак?

Мен ожизман, сиғмайди сенга ҳаддим,

Ошкор қилар, чекар бўлсам фарёдим,

Мендан кўра капалакчалар дадил,

Гулларингга қўнмадими, капалак?

* * *

Аҳволингга қараб йиғлагим келар,

Бегонага иши тушган хор кўнгил.

Маломатлар билан тиғлагим келар,

Ҳамиша бир дўстга интизор кўнгил.

Мақтовларни бунча яхши кўрасан,

Ишонасан ёлғон йиғи, ёшларга.

Ўтлар босиб кетган уйга кирасан,

Сирингни айтасан нега тошларга.

Бу шифтлар бошингга пастлик қилади,

Сени сиғдиролмас, бу эски кулба.

Сенинг жойинг баланд тахтда бўлади,

Қачон эс киради, сенга эй телба?!

Хосият БОБОМУРОДОВА