ДАВРОН МУАЛЛИМНИНГ ХАЗИНАСИ
Тарих ҳақидаги китоблар, телекўрсатувлар, матбуот нашрлари ва, албатта, музейлар ўтмишни ўз кўзимиз билан кўриб, қўлимиз билан ушлаб, ўрганиш имконини берадиган манбалар саналади. “Боғишамол” қишлоғида Даврон Жўраев ташкил этган уй-музейдан нафақат Бекобод тумани ва шаҳри ўтмиши, бутун минтақанинг узоқ тарихидан ҳикоя қилувчи экспонатлар ўрин олган.
Хўш, бу тарихий хазина қандай қилиб Даврон аканинг уйидан жой олди? Осори атиқалар ҳақиқатда ҳам ноёб ва диққатга сазоворми? Қишлоқнинг бир чеккасидаги бу уй-музейдан нега одамларнинг оёғи узилмайди?
– 15-16 ёшларимда бир синфдошимнинг уйида антиқа нарсани кўриб қолдим, – дейди 76 ёшли фахрий ўқитувчи Даврон Жўраев. – Хонадон соҳиби Дониёр отадан унинг нималигини сўрадим. “Бу – тошчироқ, уни 50-йилларга қадар ишлатганмиз. Пахтадан пилик қилиб, пахта ёғи қуйилади-да, кейин ёқилади”, деб жавоб берди 80 ёшли отахон. Ўртоғим иккаламиз уни амал-тақал қилиб ёқдик ва аждодларимиз илгари қандай шароитларда яшаганини тасаввур қилдик. Отахоннинг рухсати билан тошчироқни уйимга олиб келдим ва шундан буён қаерда қандай тарихий буюм кўрсам йиғиб юраман.
Даврон ака 42 йил мактабда ёшларга тарих фанидан сабоқ берди. 1999 йилда ўзи ишлаётган 13-мактабга тўплаган осори атиқаларни олиб келиб, ўлкашунослик тарихи музейини ташкил этди.
– Талай тарихий ёдгорликлар тўпланиб қолгач, менда музей ташкил этиш истаги пайдо бўлди, – дейди кекса педагог. – “Зафар” шаҳарчасидаги “Далварзинтепа” қабристонидан эски кўза, лаган, товоқ, қувур каби буюмлар чиқаётганидан хабар топиб, уларни жамлай бошладим. Одамларнинг уйлари, ҳовлиларидан ҳам осори атиқалар топилди. Музей очаётганимизни эшитиб, ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари кўплаб экспонатларни тақдим этишди. Топилмалар тури ва сони ортиб, истиқлолнинг 8 йиллигида музейимизни очдик.
Музей экспонатларини кўздан кечирамиз: хум, кўзалар, лаган, товоқ ва обдасталар, турли ҳажмдаги қувур бўлаклари, тақинчоқлар, тангалар, қоғоз пуллар, шамдонлар, камон ўқлари... Турли даврларга оид бу осори атиқаларнинг ҳар бири бир тарих.
– Мана бу идиш VIII – IX асрларга тааллуқли, – деди домла қумғонга ўхшаш ашёни кўрсатиб. – Арабистондан симоб келтирилиб, рудаларни қайта ишлашда фойдаланилган.
Қизиғи, экспонатлар орасида “Тетес” денгизи чиғаноқлари, камон ўқлари, пилта милтиғи, Хитойдан келтирилган Х асрга оид чинни буюм ва бошқа ноёб топилмалар мавжуд. Айтганча, камон ўқлари Чингизхон даврига оидлиги исботланган. Жумладан, олим Г.А.Фёдоров – Давидов томонидан типологик ва хронологик тасниф берилган. Тошдан йўнилган ашёга тикилиб турганимизни кўриб, Даврон ака изоҳ беради:
– Бу – тош қолип, у ҳам ўша даврга мансуб. Бундай ускуналарда уй-рўзғор буюмлари ясалган. Шу усулда тайёрланган мана бу сопол лаган, кўза ва товоқларнинг сифатига қаранг. Бетонга ташласангиз синмайди. Негаки, улар соз тупроқ, тухум сариғи, қамиш кули ва лилбўта (авваллари атторлик дўконларида сотилган ҳушбўй суюқлик) аралашмасидан ясалиб, махсус печларда пиширилган. Шундай печлардан бири “Зафар” шаҳарчасида яшовчи Шербўта Бобоев ҳовлисида ҳозир ҳам сақланади.
Домланинг таъкидлашича, қадимда ҳозирги “Роҳат” қишлоғи атрофидан “Зафар” қабристони, Мундалоқ, Оқ том қишлоқларига қадар катта работ бўлган. Деярли барча ёдгорликлар ана шу ҳудудлардан топилмоқда.
– 2010 йили бир гуруҳ тарихчи олимларни, жумладан, академик Юрий Брюков, археолог олим Раҳмонали Ибрагимов, этнограф олим Салимбой Турсуновни туманимизга таклиф этдим, – дейди Даврон ака. – “Далварзинтепа” работи жойлашган ҳудудларни, музейни кўрсатдим. Қазиш ишларини олиб бориш, топилмалар тарихини ўрганишда ёрдам беришларини сўрадим. Ундан олдин ҳам бу ҳақда бир қанча инстанцияларга мурожаат қилган эдим. Аммо... натижа бўлмади.
Музейнинг нумизматика бўлимида дунёдаги 112та давлатнинг қоғоз пуллари ва тангалари сақланаётган экан. Унда Сомонийлар даврига оид мис дирҳамлар, Қорахонийлар ва Хоразмшоҳларнинг мис тангалари, Амир Темур бобомиз зарб этган пуллар ҳам ўрин олган. Бир қанча давлатларнинг ҳозиргача муомалада бўлган пуллари ҳам музейдан ўрин олган. Қадимги урф-одат ва анъаналаримиздан ҳикоя қилувчи меҳнат қуроллари, кийим-кечаклар, тақинчоқлар, шолча ва гиламлар эса музейнинг этнография бўлимига жойлаштирилган. Уларда моҳир аждодларимизнинг нозик диди ва нафаси уфуриб тургандек. Музей асосчисидан экспонатларни мактабдан ўз хонадонига кўчириши сабабини сўрадик:
– Нафақага чиққач, мактабдаги музейни шогирдларимга топширдим, ўзим тез-тез бориб турдим. Ноёб экспонатлар қаровсиз қола бошлагач, уйга кўчирдим. Мана энди 3500дан ортиқ осори атиқаларни иккита хонада сақлаб, жой йўқлигидан қадимги буюмларнинг бир қисмини сандиқларга солиб қўйдим. Ҳажми каттароқ ноёб буюмлар эса, ташқаридаги айвонда.
Туман раҳбариятининг бу масалага муносабатини сўрагандик, домла бир неча йилдан буён музей учун бино ажратиш масаласи ҳал бўлмаётганини айтди. Ҳатто 2021 йил 15 июлда халқ депутатлари Бекобод туман Кенгашининг VI чақириқ VII сессиясида “Ўлкашунослик музейи” ташкил этиш ҳақида махсус қарор қабул қилингани, аммо бу қарор ижро этилмай қолиб кетганини ҳам яширмади.