August 3, 2023

ОНА ЕР ФАРЗАНДИМИЗ  

Тонг отмоқда. Тонг ўқлар отар,

Тонг отмоқда – қуёш замбарак.

Яраланган Ер шари ётар –

Бошларида яшил чамбарак.

Рауф Парфи маҳорат билан тасвирлаган Ер шарининг ўттиз йил олдинги коинотдан олинган сурати билан бугунги кундаги тасвири таққосланса, она сайёрамиз бошидаги яшил чамбарак йилдан-йилга сийраклашиб, дунёдаги энг катта чўллар ҳам тобора шаҳарлашиб бораётганини кўриш мумкин. Бу эса, ўз навбатида иқлим ўзгариш­ларига, абадий музликлар эриб, табиий офатлар кўпайишига, энг ёмони, айрим биологик турларнинг йўқолиб кетишига сабаб бўлмоқда. Инсоният тамаддуни экотизмга жиддий талофат етказаётган бундай пайтда сув, ҳаво, тупроқ софлигини сақлаш ва экологик билимларимизни янада бойитиш ҳар қачонгидан ҳам муҳимдир.

Ўқувчилик йилларимизда мактабларда ”Табиат”, “Биология”, “Одам анатомияси”, “Умумий биология” фанлари ўтилар, наботот ва ҳайвонот олами, инсон тана тузилиши алоҳида-алоҳида ўргатилар эди. Бугунги кунга келиб, маънан эскирган дарсликлар замон ва тараққиёт нуқтаи назаридан мазмунан янгиланиб, 5-синфдан 11-синфга қадар ўтиладиган дарсликларнинг барчаси “Биология фани” деб юритила бошлади. Мавзулар ҳам оддий турмуш тарзимиздаги ҳодисалар талқинидан келиб чиқиб ҳаётийлаштирилди.

–Кўрган бўлсангиз, ивитилган сомон юзида вақт ўтиши билан оқ парда ҳосил бўлади, – дейди Олмазор туманидаги 185-мактаб ўқитувчиси Сурайё Шоқосимова. – Ўша оқ пардани микроскоп остида кузатсангиз, ҳаракатланаётган беҳисоб ҳужайраларни кўрасиз. Бу биз биологлар тилида “инфузория туфелка” дейилади. Инфузория туфелка ҳайвон ошқозонида яшаб, ҳазмни осонлаштирадиган тирик организмдир. Табиийки, инсон организми ҳам бундай микроорганизмлардан холи эмас. Чунки биз ҳам осмондан тушган олий хилқат эмас, жисму жонимиз билан шу ер фарзандимиз.

Маълумки, табиатда кераксиз яратиқнинг ўзи йўқ, оддий амёбадан онгли хилқат – инсонгача ҳар бир тирик организмнинг биологик занжирда ўз ўрни ва вазифаси бор. Қизиғи, бу занжир ҳалқалари бир-бири билан шундай чамбарчас боғлиқки, ҳатто оддий кўз билан кўриб бўлмайдиган битта ҳужайранинг иккига бўлиниб, кўпайиш жараёни ҳам (аслида ҳаёт давомийлигининг асоси шу) биздан минглаб чақирим узоқликдаги ой таъсирида юз беради. Моҳиятни теран тушуниш учун ушбу биологик жараённи астрономия илми билан уйғун ҳолда ўрганиш лозим бўлади.

– Космонавтика соҳаси ривожланиб, коинотга ўз сунъий йўлдошимиз учирилишини орзу қиламан, – дейди Сурайё Шоқосимова. – Ўзбек ёшлари орасидан ҳам сунъий йўлдошлар орқали экологик ўзгаришларни кузатиб, глобал муаммоларга ечим топаоладиган етук биолог олимлар, космонавтлар етишиб чиқишини истайман. Мактаб ўқувчилари космонавтика соҳасининг етук олимлари билан бевосита ҳамкорлик қилиб, астрономия, биология фанларини амалий, ҳам назарий жиҳатдан ўрганишса, дейман. Тўғри, ҳали бу соҳада у қадар кенг имкониятларга эга эмасмиз. Аммо Навоий вилоятида махсус ускуналар билан жиҳозланган ҳаво шарлари учирилиб, коинотни, атмосфера ва табиатни ўрганиш учун шарт-шароитлар яратилган. Жорий йилнинг 6-7 июнь кунлари Президентимиз ташаббуси, Инновацион ривожлантириш агентлиги ва Олмазор тумани ҳокимлигининг қўллови билан тумандаги 33та умумтаълим мактабининг иқтидорли ўқувчилари қатори 185-мактабнинг битирувчилари ва тажрибали устозлари ҳам Навоий шаҳрида бўлиб қайтишди. Улар коинот сирларини ўрганиш мақсадида Турин политехника университети талабалари ҳамда таниқли мутахассислар билан бирга “Sat” лойиҳаси доирасида ҳавога “Спутник” учиришди, сўнг атмосфера босими, тупроқ эррозияси, ҳайвонот ва наботот оламига оид маълумотларни тўп­лаб, таҳлил қилишди. Қайтишда Самарқанддаги Мирзо Улуғбек расадхонасида бўлиб, ўқувчиларимизнинг кимё, биология ва астрономия фанларига оид назарий билимларини мустаҳкамладик.

Муаллиманинг соф адабий тилда сўзлаши, ташаббускорлиги эътиборимни тортди. Шахсияти, таржимаи ҳоли билан қизиқдим: онаси Раҳима опа шифокор бўлгани учун қизига ўқувчилик йилларидаёқ қон олиб, лаборатория таҳлилидан ўтказишни ўргатган ва ўз касбига қизиқиш уйғотган. Отаси Абдуғофур Алимов эса меҳнат (ҳозирги технология фани) ўқитувчиси бўлиб, қизининг ўзига муносиб издош бўлишини истарди. Гоҳ шифохона, гоҳ мактабга бориб, ота-онасининг супур-сидир, ёзув-чизув, лаборатория ишларида кўмаклашиб юрган қиз касб танлашга келганда ўрта йўлни танлади – “кимё, биология фанлари ўқитувчиси” ихтисослигини эгаллади.

Талабалик йилларидаёқ бош­лаган ўқитувчилик фаолиятини давом эттириш баробарида оила қурди, фарзандли бўлди. Афсуски, ўзига нисбатан ўта талабчан, илмга ташна ёш ўқитувчини ўз интеллектуал кўрсаткичи қаноатлантирмади. Оиласи, тайинли иши бўлишига қарамай, уйдагиларидан бемаслаҳат Тошкент тиббиёт институтига ҳужжат топширди. Унга яна бир бор талабалик бахти насиб этди-ю, кутилмаганда: “Ё оила, ё ўқиш... иккисидан бирини танлайсан”, деган шарт қўйилди. Ёш Сурайё ҳеч иккиланмай ўқийман, деди. Аммо келажак авлод тарбиясини ҳар нарсадан устун қўйган, қирқ йиллик педагогик тажрибага эга отаси: “Мени ҳурмат қилсанг, ўқишни эмас, оилани танлайсан”, деб уни ўз аҳдидан қайтаради. Табиатан доим биринчи бўлишга интилиб, оддий ўқитувчи бўлишга кўнмаган ўжар қиз ота насиҳатидан сўнг ҳеч кимга ўхшамаган, энг зўр ўқитувчи бўлишга қарор қилади. Мана, 38 йилдирки, у ота-онасининг ишончини оқлаб, ёш авлодга кимё-биология фанларидан сабоқ бериб келмоқда. Ундаги ғайрат-шижоат, нуктадонлик, ноанъанавий педагогик ёндашув яққол сезилиб туради.

– 2011 йили Олмазор туманидаги 28-мактабда Ўзбекистон таълим тизимини ўрганиш мақсадида халқаро симпозиум ўтказилганди, – деб эслайди 185-мактабнинг собиқ директори Феруза Исломова. – Юзлаб хорижий давлатлардан келган меҳмонлар қаршисида ўз маҳоратини намойиш этиб, мамлакат шарафини ҳимоя қиладиган ўқитувчилар сараланди. Сўнгги босқичда инглиз, рус тилларини чуқур биладиган бухоролик ўқитувчи билан Сурайё Шоқосимовадан бирини танлаш керак бўлиб қолди. Бухоролик ўқитувчидан нима қилмоқчилиги сўралганда, у дарсни тўлиқ инглиз тилида ўтмоқчилигини айтади. Сурайёхон эса: “Инглиз тилида дарс ўтиш керак бўлса, қисқа муддатда тилни ўрганиб, чет элдаги инглиззабон ёшларга ўз тилида дарс ўтишга тайёрман. Аммо Ўзбекистонда, тағин ўзбек ўқувчиларга инглиз ё рус тилида эмас, ўз она тилимда дарс ўтишни истайман”, дейди. Шу бир оғиз гап билан дунёнинг энг етук мутахассислари қаршисида ўзбек ёшларига давлат тилида дарс ўтиш масъулияти унинг зиммасига юкланди.

Педагогларнинг таъкидлашича, ўқитувчининг феъл-атвори юқумли бўлади. Ўқувчиларингиз фазилату иллатларингизни беихтиёр ўзлаштириб, ўзингизга ўхшаб қоларкан. Сурайё Шоқосимованинг бу йилги битирувчилари ҳам устозига ўхшаб жуда талабчан. Муддатидан олдин ўтказиладиган тест синовларида битирувчиларнинг 85 фоизи юқори натижа кўрсатди. Икки нафар ўқувчи мактабни олтин медаль билан тамомлади.

–Ўқувчи шахсиятига ҳурмат билан қараб, дўстона муносабатда бўлиш, кўргазмали қуроллардан, замонавий технологиядан унумли фойдаланиш дарс самарадорлигини оширади, – дейди Сурайё опа. – Ўқувчиларга номаълум янгиликлар билан дарсни мазмунан бойитсангиз, вақт қандай ўтганини сезмай қолишади. Ўқитувчига, фанга нисбатан меҳр ошади.

Дарвоқе, унинг илмий-педагогик қарашлари “Ёпиқ уруғли ўсимлик­лар”, “Балиқларнинг ички тузилиши”, “Уруғланиш мавзуси”, “Менделл қонунлари”, “Ўсимлик оилалари”, ”Нерв системаси касалликлари” номли методик қўлланмаларида ўз аксини топган. Тажрибали педагог биология фанини ўқитиш методикаси бўйича нафақат туманда, балки Республикада ўз ўрнига эга бўлган амалиётчи. 2010 – 2011 ўқув йилида дарсликларни оптималлаштириш жараёнида Респуб­лика бўйича ташкил этилган комиссия аъзоси бўлиб, ихтисослиги бўйича фикр-мулоҳазалари билан иштирок этган. 2011 йилда Давлат тест маркази томонидан тайёрланган умумтаълим муассасалари учун тест яратиш бўйича ишчи гуруҳ таркибида иш олиб борган. Сурайё Шоқосимова томонидан яратилган тестлар бугунги кунгача Респуб­лика мактабларида кенг фойдаланилмокда. Электрон дарсликлардан, “Ziyo Net” ахборот таълим порталига жойланган дарс ишланмаларидан фойдаланган ҳолда янги мультимедия дарсларини яратди. Дарс жараёнида 300дан ортиқ кўргазмали қуроллардан фойдаланади. Таълим-тарбия жараёнида мустақиллик ғояларини ўқувчилар онгига сингдириш, уларни ватанпарварлик ва она – Ватанга садоқат руҳида тарбиялаш ишларига улкан ҳисса қўшиб келмоқда. Ўқувчилари “Билимлар беллашуви”, фан олимпиадаларида доим фаол. Сурайё Шоқосимованинг ютуқлари ҳукуматимиз томонидан эътироф этилиб, у 2017 йили “Шуҳрат” медали билан тақдирланган.

– Ота-онам, устозларимдан ўзимни доим қарздор сезаман, – дейди Сурайё Шоқосимова. – Уларнинг насиҳатлари, йўл-йўриқлари билан ҳаётда ўз ўрнимни топдим. Обрў-эътибор қозондим. Беминнат хизматлари учун уларга, айниқса, ота-онамга олтиндан тож кийдирсам оз. Кошки, энди улар ёнимда бўлса-ю, ютуқларимни кўриб боши осмонга етса...

Дарвоқе, замин ҳам бизнинг онамиз. Она сайёрамизнинг бошига яшил тож кийдириш эса ҳаммамизнинг фарзандлик бурчимиздир.

Шуҳрат АЗИЗОВ