ИЛҒОР ҚАРАШЛАР ЯНГИЧА ЁНДОШУВЛАР
Халқаро таълим бўйича Америка Кенгаши томонидан “Иқтисодиёт, молиявий саводхонлик, тадбиркорлик асослари ва меҳнат бозорида рақобат қилишга тайёргарлик” фани бўйича ишлаб чиқилган стандарт, ўқув дастур ва контентлардан умумий ўрта таълим мактабларининг 8-, 11-синфлари учун тажриба-синов жараёнини самарали ташкил этиш, уни амалиётда қўллаш бугунги таълим тизимида ўзига хос янгиликлардан ҳисобланади.
Шу муносабат билан, жорий йилнинг 23 июлидан Фарғона вилоятида ўз ишини бошлаган 8 кунлик “Ўзбекистонда ёшларни ишга жойлашиш кўникмаларини шакллантириш” дастури доирасида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадидаги изланишлар, муҳокамалар айни кунларда ҳам давом этмоқда. Улардан келиб чиқадиган хулосалар мамлакатимизда таълим соҳасига берилаётган эътиборга жавобан натижаларга олиб келиши табиий. Вилоятнинг Фарғона, Олтиариқ, Учкўприк туманлари учун пилот(тажриба-синов) мактабларида дастур, дарсликларни тажриба-синовдан ўтказиш мақсадида ташкил этилган семинарда тренер ва ментор ўқитувчилар малакасини ошириш кўзда тутилди. Ҳар қандай янгиланишлар, ўзгаришлар соҳага ўзининг тушунча ва таърифларини атамаларини ҳам олиб киради. Шунинг учун бугунги кунда “Тренерлик ва менторлик нима? Тренерлик ва менторликнинг роли нималарда кўринади? Тренерлик ва менторлик учун қандай услублар ва техникалар қўлланади?” каби саволларга замонавий ўқитувчи ҳар қадамда дуч келади.
Давлатимиз раҳбарининг АҚШга расмий ташрифи чоғида ўтказилган музокараларда сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш муҳокама этилган эди. Икки давлат ўртасида таълим соҳасида ҳам ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйишга эса катта эътибор қаратилган эди. Фарғонада ўтказилган тадбир икки давлат ўртасида таълим соҳасида йўлга қўйилган самарали ҳамкорликнинг амалий натижаси сифатида аҳамият касб этди. Айниқса, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 26 майдаги ПФ-79 “Мактабгача ва мактаб таълим вазирлиги ҳамда унинг тизимидаги ташкилотлар фаолиятини самарали ташкил этиш чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармоннинг 1-иловасида ўқув ва тарбия жараёнига халқаро талаблар асосида ишлаб чиқилган ўқув режа, дастур ва ўқув-методик мажмуалар ва замонавий педагогик технологияларни жорий қилиш назарда тутилган.
Қолаверса, Румий бир пайтнинг ўзида инсонга руҳий, биологик ва ижтимоий илдизга эга мавжудот сифатида қарайди. Румий меросининг эскирмаётганини, аксинча, тобора – ҳар даврда уни энг илғор замондошлар сафига олиб чиқаётган сабаблардан бири ҳам айнан шу ерда – унинг улуғ мутасаввуф шоирлигидан ташқари, жуда катта қомусий олим эканлигидадир.
Тажриба алмашиш, мамлакатимизда таълим соҳасида олиб борилаётган туб ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятидан келиб чиқиб ёшларни шиддат билан ўсиб бораётган замонга мос билим ва кўникмага эга Янги Ўзбекистон фуқаролари қилиб тарбиялаш юксак мақсадидаги қалби ёниқ малакали ўқитувчилар республикамизда кўплаб топилади. Таълим соҳасида дунё янгиликларини ҳаётга татбиқ этиш учун изланишда, доим ҳаракатда, ўз устида ишлашда фаол бўлган фидойи устозлар фаолияти таҳсинга сазовордир. Улар орасида пойтахтимиз Тошкентнинг Яшнабод туманидаги 166-умумтаълим мактабининг олий тоифали “География ва иқтисодий билим асослари” фани ўқитувчиси Саодат Боранбоева ҳам бор.
– Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 25 январдаги “Халқ таълими соҳасидаги илмий-тадқиқот фаолиятини қўллаб-қувватлаш ҳамда узлуксиз касбий ривожлантириш тизимини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгилаб берилган устивор вазифалар бизга маёқ сифатида хизмат қилади, – дейди Саодат Ҳасановна. – Унда халқ таълими ходимларини уларнинг малака даражаси, билими, илмий-педагогик салоҳияти, иш тажрибаси ҳақида сўз борар экан, психологик тайёргарлиги ва индивидуал касбий ривожланиш траекториясига мос келадиган табақалашган малака ошириш дастурлари бўйича ўқитиш амалиёти зарурлигига аҳамият берилган. Бундай амалиётнинг йўлга қўйилиши жуда зарур. Нега деганда, анъанавий малака ошириш билан бир қаторда касбий ўқитишнинг уйғунлашган, иш жараёни билан биргаликда олиб бориладиган, масофавий ва бошқа турлари жорий этилиши ҳозирги давр талабидан келиб чиқади. Қарорда бу ҳақда ҳам айтиб ўтилган. Бугунги кунда бизнинг фаолиятимиз марказий йўналишини мана шу тарзда ташкил этилиши таълим соҳасидаги янгиланишларнинг амалий исботидир.
Саодат Ҳасановна фаолият юритаётган 166-мактабда таълим-тарбия рус тилида олиб борилади. Ўқувчилар сони 2700дан ортиқ мактабда 76та синф борлигини тасаввур этиш ҳам бу ўқув масканидаги таълим-тарбия ишлари кўламини тасаввур этишга ёрдам беради. Саодат Ҳасановнанинг 33 йиллик ўқитувчилик тажрибаси янгиланишлардан хабардорлик, доимий изланишлар туфайли бойиб боради. Обрў-эътибори ҳам шунга яраша барча ҳавас қилгулик.
– Ҳар бир дарс катта бир асар эканлиги ҳақидаги ўгит энди-энди педагогик фаолиятимни бошлаган кезларимдаёқ қулоғимга ўрнашиб қолган, – дейди у. – Шунинг учун ҳар бир дарсга ўқувчиларга дунё ҳақидаги кўламли йирик асарни тақдим этишим кераклиги масъулиятини унутмаган ҳолда тайёргарлик кўраман, бир соат дарс ўтади кетади, деган гапга қўшилмайман, мурғак қалблар оламни сенинг сўзларинг орқали идрок этади – бу унинг тақдирини ҳал қилади, дунёнинг келгуси манзарасини ана шундай тақдирлар ҳал қилади.
Сўнгги йилларда таълим соҳасида илгарилари хаёлга келтириш мумкин бўлмаган лойиҳаларнинг пайдо бўлиши Саодат Ҳасановнанинг ўқитувчи сифатида салоҳиятини, истеъдодини янада кенг намоён этишига имконият яратди. “Солиқлар”, “Молиявий саводхонлик” лойиҳалари шулар жумласидан бўлса, “Онлайн-мактаб” орқали ўрта мактаблар учун 150дан ортиқ дарс, “Онлайн-репетитор” орқали 10дан ортиқ машғулотлар, “Онлайн – ўқитувчилар малакасини ошириш” орқали курслар, “Таянч-мактаб”да география ва иқтисод билим асослари фани бўйича туман ва шаҳар мактаблар ўқитувчилари учун олиб борган семинар ва тренинглари унинг малакасини оширишга хизмат қилди.
– Республика таълим маркази услубий кенгаши аъзоси сифатида Саодат Ҳасановна ўқув дастурлари ва дарсликларни сифатли, ҳар томонлама мукаммал чиқишида жонбозлик кўрсатиб келади, – дейди мактабгача ва мактаб таълим вазирлиги ҳузуридаги Республика таълим маркази методисти Майрам Ҳожиева. – Умумтаълим мактабларининг 2017 йил 11-синф “Тадбиркорлик асослари”, 2019 йил “Иқтисод билим асослари” 2022 йил 7-синф география дарсликлари, 7-10-синф география фани ўқитувчилар учун методик қўлланмаларни, ўқув дастурлари ва дарсликларини яратишда, 6-синфга мўлжалланган “Табиий фанлар” (SCIENCE) ўқув дарсликларини ҳам Саодат Ҳасановна таржима ва тақриз қилиб берганини айтиш лозим. “География” ҳамда “Иқтисод билим асослари” фанлари бўйича ўтказилаётган олимпиадаларда унинг ўқувчилари ҳамиша ғолибликни қўлга киритиб келади. Ҳар йили “Озон қатлами муҳофазаси” деб номланган давримиз учун ғоят долзарб ҳисобланган танловда иштирок этиб келмоқда, унинг олий ўқув юртларида молия, иқтисод йўналишлари бўйича таълим олаётган шогирдлари етакчи ўринларни эгаллашганини айтиб ўтиш жоиз.
Саодат Боранбоева ўқитувчилик нақадар кенг кўламли, изланишларга бой касб эканини ўз фаолияти орқали амалда исбот эта олган фидойи инсонлардан. Унинг соҳадаги хизматлари алоҳида эътироф этилиб, “Меҳнат шуҳрати” ордени билан тақдирланган. “Халқ таълими аълочиси”, “Халқ таълими фидойиси” ва яна қатор дипломлар, фахрий ёрлиқлар эгаси, танловлар ғолиби бўлган. Энг муҳими эса, унинг илғор қарашлари, ўз касбига янгича ёндашувлари юзлаб шогирдлари тақдирида акс этган. Янги Ўзбекистон ижтимоий-сиёсий, маданий-маърифий ҳаётининг турли жабҳаларида улар устоз изидан бориб, сидқидилдан меҳнат қилишмоқда. Энг нуфузли олий ўқув юртларида таълим олиб, турли соҳаларда ҳалол фаолият юритишмоқда.
– Саодат Ҳасановна чуқур билимли, юксак салоҳиятли мутахассис, – дейди унинг шогирдларидан бири, Ибн Сино номидаги ихтисослаштирилган мактаб география фани ўқитувчиси Гулсара Очилова. – Ўз билимини ёшларга ўргатишдан чарчамайдиган жонкуяр устоз, нафақат география, балки иқтисод фанининг ҳам билимдони экани биз шогирдларида ҳамиша ҳавас уйғотиб келган.
Бундай эътирофлар, миннатдорчилик сўзларини юзлаб, минглаб шогирдлари қалби тўрида эъзозлаб сақлашини ҳис этиш Саодат Боранбоева ҳаётининг мазмунини ташкил этишини яхши билади.