June 8, 2023

ГУЛ-ГУЛ ЁНГАН БАҲОРИНГМАН

Назокат АТАҚУЛОВА

Кетайлик дейди

Ҳар оқшом чертади

Деразамни ишқ,

Тур дейди, юр дейди,

Кетайлик дейди!

Ғанимдай поралаб

Ўч олаётган

Соғинчнинг шивири

Қалбимни ейди!

Ойнинг ўртаниши

Самода гирён,

Бедорлик кўйлагин

Кийган бир нафас!

Телба кўнгиларо

Бўлар тўполон,

Шивир-шивир изғир,

Маҳзун куй абас!

Саболар тонг чоғи

Чайқалар беғам,

Гулбарралар узра

Беҳолдир йўлак.

Ғуборлар барчаси

Йиғилишиб жам,

Илинж чўққисига

Бўлгандек тиргак!

Соғинчнинг ҳар они

Фараҳбахш ёғду,

Қалб аро нурлардан

Ошёну бир тахт!

Руҳимга ингандек

Бир ёруғ туйғу,

Соғиниб кутганим

Балки, шудир бахт!!

Баҳорингман

Борлиққа яшиллик кийдириб келган,

Қаршингда гул-гул ёнган баҳорингман!

Адаштириб қўйса кимсасиз йўллар,

Қалбингни забт этган бир наҳорингман!

Нигоҳим боғланди, демагил зинҳор,

Лутф айлаб талпинган беғуборингман!

Муҳаббатнинг йўли айласа душвор,

Мағрурлигим ила хокисорингман!

Анинг анбар мушки етмас деса ҳам,

Айлайин садқайи жон нисорингман!

Изтироби тўла кўнгил мулкининг

Шукрким баридан устуворингман!

Баланд тоғга етиб бўлмаса бу йўл,

Хаёлан йўқлаган дилда борингман!

Ғазабланиб шошиб келганда ҳам дўл,

Дайдиган довулдек бир хуморингман!

Нафосат-ла ифор сочса жийдазор,

Орзули аршларда қолган ёрингман!

Суви лим-лим бўлиб оқмоқда анҳор,

Йўл бошида маъюс интизорингман!

Сукут

Кимсасиз манзилга чорасиз қочиб,

Ўнгдаги ҳижронлар тушга айланди!

Йўлларни тиконлар қўйдими ёпиб,

Кескир нигоҳларда соғинч сарғайди!

Қушларга тўлганди зангори осмон,

Келганди ҳайқириб бирпасда булут!

Майсалар эгилиб, тўлғониб тўлқин,

Айрилиқ онларни сақлайди сукут!

Беҳолгина шовуллар кимсасиз боғ,

Ястаниб ётади йўллар-чи, сўнгсиз!

Сароблар пинҳона қолдиради доғ,

Чекилар изтироб, азоблар ҳадсиз!

Худди шу кун зулмат, отмагандай тонг,

Юрак излагайдир Илоҳдан нажот!

Илинж чўққисида турибди аранг,

У ошён аршида ўчмас хотирот!

Йўллар ҳам тугайди, тугар бу тун шам,

Дардкашсиз ўкирар шафқатсиз тўфон!

Ҳижронлар ашкида девонадир ғам,

Тугаган сабрлар алдайди ҳар он!..

Шайдойинг келди

Сумбул кокилларин чиройли тараб,

Меҳрини яширмай шайдойинг келди.

Ҳайрон муҳаббатни кўксига қамаб,

Эшигинг ёнига гадойинг келди.

Қаҳрингга бир назар солади секин,

Маломат айлаган садойинг келди.

Бедард ишқ бағрига ўзини отган,

Гул ғариб, ул сарсон адойинг келди.

Кун аро тонгу шом оғриқни топган,

Оромидан кечиб жудойинг келди.

Орият айтгани қўймайди лекин,

Бемажол суяниб фидойинг келди.

Истаклар қучоғи тун эмас, офтоб,

Ғамгин дилга малҳам, ул боринг келди.

Бир хато тортиғи бўлди минг азоб,

Сенга ошиқ бўлган дилдоринг келди.

Жон риштасин тортиб келганда байтлар,

Қадри баланд ўшал дил торинг келди.

Сабр лаҳзасига тобелик пайтлар,

Сочига гул таққан гул ёринг келди...

Эй ёр, кутиб олгин шайдойинг келди…

Бир сўз айтинг

Бир сўз айтинг муҳаббатдан, чалинсин тор,

Келди баҳор, табаррукдир унинг йўли.

Соғинч билан олам гўзал, дил фусункор,

Очилсин барг, новдаларнинг ўнгу сўли.

Бир сўз айтинг, ифоридан топай малҳам,

Бойчечакдан офтоб менга кўйлак бичсин.

Субҳидамда тушларимни айлайин жам,

Лолазору майсаларни шабнам қучсин.

Бир сўз айтинг, гулзорлару гулшан бўлиб,

Турфа куйлар оғушида юрсин хаёл.

Толим-толим ой нурлари бошин қўйиб,

Зулматларни ёритгувчи бўлсин ҳилол.

Бир сўз айтинг, сеҳри шунча тошқин бўлсин,

Сирларидан ой огоҳдир, юлдуз огоҳ.

Соғинтирган сабзазорлар садо берсин,

Ҳайрат ила фидо бўлсин тоза нигоҳ.

Бир сўз айтинг, боғу баҳор, гулзор бўлсин…

Назокат АТАҚУЛОВА