September 22, 2023

БЕНЬКОВ МАКТАБИНИНГ ДАВОМЧИСИ

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, Ўзбекистон халқ рассоми, педагог, маиший жанр устаси Зинаида Михайловна Ковалевская 1902 йили Россиянинг Вольск шаҳрида туғилган. Зинаида Михайловнанинг рассом бўлиб шаклланишида оиладаги ижодий муҳит ижобий таъсир кўрсатган. Ковалевскийлар хонадонига рассом Павел Беньков, Марказий Осиё санъатининг таниқли тадқиқотчиси, профессор Борис Денике, санъатшунос Пётр Корнилов, тарихчи-библиограф Пётр Дульский каби ўз даврининг таниқли зиёлилари тез-тез келиб туришарди. Улар Ўрта Осиёнинг тарихи, санъати ва этнографиясини ўрганган олимлар эди.

Қозон рассомлик мактабини тугатган Ковалевскаянинг касб маҳоратини эгаллашида ўқитувчилари Н.И.Фешин ва П.П.Беньковнинг ҳиссаси катта бўлган. Талабалик даврида яратган “Болалар боғчаси”, “Олтин эритувчи”, “Кир ювувчи татар қиз”, “Пионер”, “Колхозда ғалла янчиш” каби асарлари Қозон ва Москвадаги кўргазмаларда намойиш этилган.

1930 йил ёзида З.Ковалевская Самарқандга, Ўзбекистон давлат илмий-тадқиқот институтининг этнография бўлимига рассом сифатида ишга таклиф қилинади. Бу даврда рассом туманларда ижодий саёҳатларда бўлиб, халқ ҳунармандлиги ва миллий безакларни, орнаментларни ўрганди, “Aёллар меҳнати” бадиий каштачилик артели учун каштачилик эскизлари, дўппи ва сўзаналарга эскизларини чизди. Рассомнинг акварель эскизлари ва чизмалари кейинчалик картиналарга айланди. 1930-йилларда Ковалевс­кая ўзбек халқи ҳаётига бағишланган “Ҳунарманд”, “Ёшлар бригадасида”, “Октябр”, “Ложада” каби ҳикояли картиналарни яратди.

Иккинчи жаҳон уруши бошланганида, 1941 йилнинг кузида Самарқандга санъат муассасалари кўчирила бошланди. П.Беньковнинг маслаҳати билан деярли 40 ёшида З.Ковалевская Ленинград рассомлик, ҳайкалтарошлик ва архитектура институтига ўқишга кирди ва 1943 йили институтнинг рангтасвир бўлимини вақтидан олдин тамомлади. Уруш йилларида “Ёш нишонлар”, “Ғалаба билан қайт”, “Ярадорларни кўрган болалар” каби юксак даражадаги картиналарини чизди. Жумладан, “Янги оилада” картинасида ўзбек халқининг эвакуация қилинган болаларга нисбатан ғамхўрлигини, инсонпарварлигини акс эттирган.

Урушдан кейинги йилларда рассом манзаралар, портретлар, натюрмортлар, кундалик лавҳалар ва жанрли картиналар устида ишлаган. У меҳнаткашлар ҳаётини кузатиб, картиналарида тўқувчи ва каштачи аёллар образларини тасвирлаган. Урушдан кейинги машҳур асарлари орасида 1948 йили Париждаги кўргазмада намойиш этилган “Халқ санъати усталари”, “Помидор терими”, “Пахтакорларга мукофот”, “Эътиборли пахтакорлар қурултойида” кабилар алоҳида эътиборга лойиқ. Рассом Самарқанд вилоятининг энг гўзал жойи, тоғли ҳудуди Ургутга тез-тез ташриф буюрган.

Самарқанд рассомлик билим юртида дарс бераётган пайтида республика ва бутуниттифоқ кўргазмаларида қатнаша бошлаган. Рассомнинг ижодий фаолияти Ўзбекистонда “Беньков мактаби” рангтасвирининг ривожланиши билан боғлиқ. Санъатнинг турли жанрларида ижод қилган З.М. Ковалевская ички ёруғлик ва оптимистик мазмунга тўла асарлар яратади. Унинг картиналарида ўша давр одамларининг маиший, кундалик ҳаётидаги ўзига хос хусусиятлар тасвирланган.

1949 йили Самарқанд рассомлик техникуми Тошкент рассомлик техникумига бириктирилиб, республика пойтахтига кўчирилди. З.Ковалевс­кая Самарқанддан кетмади, умрининг охиригача шу шаҳарда яшади. Чунки унинг шогирдлари, севимли жойлари ва асарлари Самарқандда эди. У ўзининг индивидуал хусусиятларидан келиб чиқиб, устози ва умр йўлдоши П.Беньков рангтасвири тамойилларига таянган ҳолда асарлар яратган. Рассом асарларида манзара ва маиший жанрларни уйғунлаштиришга ҳаракат қилган. “Эски шаҳар кўчалари”, “Ҳовли”, “Ўзбек ҳовлиси”, “Ўқувчи қизлар”, “Бодом гуллади” каби картиналари шу жараённинг маҳсулидир. Уларда инсоннинг табиат билан уйғунлиги намоён бўлган. Бу картиналарнинг композицияси импрессионизм анъаналарига мувофиқ очиқ бўлиб, ифодавийлик кўп жиҳатдан картинанинг ёруғ ва сояли қисмларига асосланган. З.Ковалевская бу асарларда халқ ҳаётига хос хусусиятларни қамраб олади. Бу жиҳат асарларининг ўзига хос поэтик жозибаси, уларнинг миллийлиги ва ҳаққонийлигида намоён бўлади. Бетакрор рассомнинг энг машҳур дастгоҳли асарларидан бири “Павел Петрович Беньков” портретидир. Мазкур портретда кўнг­ли кенг, қалби ёруғ, келишган рассом тасвирланган. Aсарда ёруғликка, нур ва соя ўйинига урғу берилгани, тафсилотлар озлиги, шунинг­дек, картинанинг оқилона ранг схемаси портретга ихчамлик ва идрок этиш қулайлигини беради. Беньков образи оч яшил халатда, стулда бироз ўнгга эгилиб ўтирган ҳолда, қўлида кичик эскиз билан тас­вирланган. Кўйлакнинг оқ ёқаси уста сиймосига олижаноблик бахш этиб туради. “П.Беньков портрети” картинасидаги деталларнинг танланиши тасодифий эмас, барча унсурлар рассомнинг ақл-заковати ва бадиий маҳорати юксаклигидан далолат беради. Полотнода жуда кўп жой ва фазовий бўшлиқ бор, рассом атрофидаги муҳит худди рассом­нинг характери каби сокин ва мувозанатли. Хотиржам ҳолатида ҳам П.Беньковни ижодкорлик ва санъат ҳақидаги ҳис-туйғулар, кечинмалар тарк этмайди. Суратда рассом тийнатидаги донолик ва қатъият акс этиб туради.

Рассомнинг юксак тасвирий маданияти унинг моддий оламнинг гўзаллиги ва хилма-хиллиги лирик-поэтик тарзда идрок этилган натюрмортларига ҳам хос. Зинаида Михайловна томонидан портретларга киритилган натюрмортлар ифодали ва қатъий кўринишга эга. Худди манзараларда бўлгани каби, рассом бунда ҳам ижодий концепциясига содиқ, яъни ҳаётни ўзаро муносабатларнинг мураккаблигида диалектик идрок этар экан, воқеликнинг ҳаяжонли лирик талқинини, ўзига хос вазминликни сақлаб қолади.

Зинаида Михайловна Ковалевская ижод билан бирга, педагогик фаолиятни ҳам самарали олиб борди. У 20 йил Самарқанд бадиий мактабида дарс берди. Ўзбекистоннинг дастлабки рангтас­вирчи рассомлари П.Беньков ва З.Ковалевскаянинг шогирдларидир.

Ўзбекистон тасвирий санъатида ёрқин из қолдирган рассом З.М.Ковалевс­кая 1979 йили Самарқандда вафот этган.

Умида АҲМАДХЎЖАЕВА,

Камолиддин Беҳзод номидаги

Миллий рассомлик ва дизайн инс­титути таянч докторанти