December 8, 2023

ТЕАТР: ДРАМАТУРГИЯ ВА РЕЖИССУРА

Шу йил 1-2 декабрь кунлари қадимий ва ҳамиша навқирон Самарқанд шаҳридаги вилоят мусиқали драма театрида “Янги Ўзбекистон театр санъати: драматургия ва режиссуранинг долзарб масалалари” мавзусида республика илмий-амалий анжумани бўлиб ўтди. Анжуманда республикамизда фаолият кўрсатаётган театрларнинг директорлари, режиссёрлари ҳамда рассомлари, соҳанинг таниқли мутахассислари, драматурглар иштирок этишди.

Тадбирни Президент Администрацияси Ижтимоий ривожланиш департаменти маданият ва санъатни ривожлантириш шўъбаси мудири Нодирбек Сайфуллаев очиб берди. Шундан сўнг сўзга чиққан Маданият вазирининг биринчи ўринбосари Авазхон Тожихонов юртимизда маданият ва санъат соҳаларига эътибор ҳамда уларда олиб борилаётган ислоҳотларга тўхталди.

Анжуманнинг ялпи мажлисида санъатшунослик фанлари номзоди, профессор Омонулла Ризаев “Ўзбекистон театр санъатининг ривожланиш жараёнлари”, филология фанлари номзоди, профессор Шуҳрат Ризаев “Театр санъатида анъаналар ва замонавий тенденциялар”, фалсафа фанлари номзоди, профессор Маъмур Умаров “Режиссурада таҳлил ва талқин масаласи” каби мавзуларда маъруза қилдилар. Маърузаларда кўтарилган масалалар муҳокама қилиниб, таклиф-мулоҳазалар билдирилди.

Куннинг иккинчи ярмида анжуман қатнашчилари “Театр драматургияси муаммолари” ва “Театр режиссураси ҳамда сценографияси муаммолари” мавзуларини қамраб олган иккита шўъбада таклиф этилган мавзулар борасида фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашдилар.

“Театр драматургияси масалалари” муҳокама қилинган шўъбада Эркин Аъзам, Усмон Азим, Қўчқор Норқобил, Абдуқаюм Йўлдошев, Гулчеҳра Умарова, Бахтиёр Яқубов, Шоҳрух Абдурасулов ва бошқа таниқли ёзувчи, драматурглар, соҳа мутахассислари, ёш тадқиқотчилар бугунги давр драматургияси, драматургияда замон ва макон, ўзбек драматургиясини даврлаштириш ва тадқиқ қилишнинг долзарб муаммолари, асар танлаш, яхши адабий асарларни инсценировка қилиш, театрда актёрлар гуруҳларини шакллантириш, театршуносларнинг спектаклларга муносабатлари, ҳозирги ўзбек театрларида жаҳон мумтоз драматургиясининг саҳнавий талқинлари каби мавзуларда фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашдилар.

“Театр режиссураси ва сценографияси муаммолари” хусусида сўз юритилган шўъбада Олимжон Салимов, Валижон Умаров, Бахтиёр Тўраев, Гўзал Холиқулова, Фахриддин Абдувоҳидов, Шорустам Обидов, Тоҳир Дўстмуҳамедов каби таниқли режиссёрлар, соҳанинг билимдон мутахассислари театрларда режиссёрга муносабат, театр режиссурасининг кечаги куни ва бугуни, юртимиз театрларида сценография санъатининг ютуқ ҳамда муаммолари, саҳна нутқи, режиссёрлик талқинларининг ўзига хослиги, режиссёр, сценограф, либос рассоми ҳамкорлигининг аҳамияти каби муҳим масалалар юзасидан фикрлар ўртага ташланди.

Ҳар икки шўъба йиғилишида бугунги кун ўзбек театр санъатининг ютуқлари эътироф этилди ва ечимини кутаётган долзарб масалалар ҳам ўртага ташланди. Жумладан, ҳар қандай асар қаҳрамонининг ўзига хос тили бўлишига эътибор, ёш ижодкорларнинг китоб ўқишга муносабати, режиссёрнинг мавқеи, актёрлар нутқи, театр санъати ҳақидаги тадқиқотларнинг амалиётда татбиқ этилиши, замон қаҳрамони образини яратиш борасидаги сусткашлик, бирёқламалик каби муаммолар ўртага ташланиб, уларнинг ечими борасида ҳам тўхталиб ўтилди. Тадбир доирасида Паркент ижод уйида бўлиб ўтган “Нигоҳ” ижодий семинарида ғолиб деб топилган Аббос Хуррамовнинг ижодий лойиҳаси асосида саҳналаштирилган “Устозим” деб номланган спектакль тақдимоти бўлиб ўтди.

Қизғин баҳс-мунозаралар, ижодий мулоқотларга бой бўлган анжуманда жўяли таклифлар, жумладан, театр драматургияси базасини шакллантириш мақсадида жадидчилик, шўро ҳамда мустақилликнинг ке­йин­ги йилларида яратилган сара драмаларни жамлаб, уч жилдли китоб тарзида чоп этиш ва театрлар ҳамда маданият муассасаларига бепул тарқатилишини таъминлаш, икки йиллик драматургия ва режиссёрлик курс­ларини ташкил қилиш, талабаларнинг хориж давлатларида амалиёт ўташи ва таълим олиши масалаларини ўйлаб кўриш, давлат буюртмаси асосида саҳналаштириладиган спектаклларга малакали театршуносларни маслаҳатчи сифатида бириктириш каби таклифлар ўртага ташланди. Айни пайтда, ёш режиссёрлар томонидан экспериментал спектакллар яратиш, мусиқий жанрдаги спектакллар, мюзикллар саҳналаштириш, театрларда ижодий устахоналар ташкил қилиш, назария билан шуғулланиб келаётган театршунослар, драматурглар, режиссёрлар фаолиятини бевосита амалиёт билан боғлаш каби таклифлар ҳам кўпчиликка маъқул бўлди.

Шунингдек, анжуман қатнашчилари Самарқанднинг диққатга сазовор жойлари, жумладан, “Боқий шаҳар” мажмуасида бўлиб, муқаддас қадамжолар билан танишдилар. Мароқли кечган сайрдан сўнг Самарқанд вилоят мусиқали драма театрида саҳналаштирилган “Лайли ва Мажнун” (режиссёр Асқар Холмўминов) спектаклини томоша қилдилар.

Анжуман якунида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси маданият ва санъатни ривожлантириш шўъбаси мудири Нодирбек Сайфуллаев, “Ўзбеккино” Миллий агентлиги Бош директорининг биринчи ўринбосари Шуҳрат Ризаев, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби Олимжон Салимов бошчилигида давра суҳбати ўтказилди. Мулоқотда театрлар репертуарини шакллантиришда савияли асарларга, миллий ва жаҳон мумтоз асарларига мурожаат қилиш, тарихий шахслар образлари акс этган саҳна асарлари сонини ошириш, миллий адабиётимизнинг сара намуналарини инсценировка қилиш, миллий драматургияда долзарб мавзуларни қамраб олиш, замондош қаҳрамонлар образларини яратиш юзасидан таклифлар берилди.

Икки кун давом этган анжуман якунида маъруза билан қатнашган соҳа мутахассислари ва фаол иштирокчиларга ташаккурномалар топширилди. Танқидий ва таҳлилий руҳда ўтган ушбу театр анжумани келгусида ўзининг ижобий натижаларини кўрсатади, деб ўйлаймиз.

Турсуной ФАЙЗУЛЛАЕВА,

театршунос