АРТЮР РЕМБО
1985 йили Франция президенти Франсуа Миттеран Париж марказида Артюр Рембо ҳайкали очилишида иштирок этади. Аслида бу ёдгорликнинг қўйилишида Президентнинг ўзи ташаббускор бўлган эди. 20 ёшга тўлмай истеъдодли шоир сифатида танилиб, шеъриятда ўзига ҳайкал қўйган Рембо кейинчалик қурол ва одам савдоси билан шуғулланади, аммо тарихда оташин шоир сифатида ном қолдиради.
Рембо ҳаётлигида буюк шоир бўлишни орзу қилган, аммо бу орзу XX асрга келиб ушалди. Яъни 100 йиллиги нишонланган йили унга ёдгорлик ўрнатилди. 37 йил яшаган шоир умрининг тўрт йилидагина ижод қилиб, ўзига хос асарлар ёзиб қолдирган ва бу асарлар жаҳон адабиётига сезиларли таъсир кўрсатган.
Йирик француз шоирлари Г.Аполлинер, Л.Арагон, П.Элюар ва бошқалар Рембони ўзига устоз деб билган. Унинг шеърларини И.Анненский, В.Брюсов, Н.Гумилев, Ф.Сологуб рус тилига таржима қилган.
Рембо тахминан 7-8 ёшидан лотин тилида шеърлар ёза бошлайди. У ўқувчилик пайтида замонавий француз шеъриятини – Малларме ва Верлен ижодини ўрганган, Бодлерга ҳавас қиларди.
Рембонинг анъаналарга муносабати ўзига хос: у шунчаки эркин бўлишни эмас, ҳаётда ҳам, адабиётда ҳам мутлақо эркинликни хоҳлайди, анъанавий шеърий шакллар ва қоидаларга амал қилмайди. Унинг шеъриятида барчаси: оҳанг, товуш, тил, сўзлар боғланиши, меъёр, ўхшатиш ва рамзлар ўзига хос тарзда юзага келади.
Рембо атоқли шоирларни тан олмаган, адабиёт оламидаги дўсту душманларига сурбетлик билан муносабатда бўлган дейишади. Бир куни ёш Рембони французларнинг пешқадам шоири машҳур Виктор Гюгога таништиришади. Адиб Рембонинг шеърларини ўқигач: “Ҳа, бу кичкина Шекспир экан-ку”, дейди ва унинг бошини силайди. Аммо Артюр ўзини илкис четга тортиб: “Бу қари мижғовни кўрсам кўнглим озади”, дейди ва уни қоғозбозликда айблайди.
1871 йили 16 ёшида Рембо “башорат назарияси”ни ишлаб чиқади, бунинг воситасида поэзияни тубдан янгилаш, жафокаш шоир, башоратчи бўлиб, шеърият орқали дунёни ўзгартиришни ражалаштиради. Рембо шеърларида реалликдан хаёлий тасаввурга ўтиб, жафокашлик туйғулари орқали реалликка қайтади.
У асарларини 15-19 ёш орасида, яъни 1869 – 1873 йилларда ёзган. Машҳур “Адашган кема” ва “Унлилар” шеърларини 17 ёшида ёзади.
Тадқиқотчилар Рембо ижодини қуйидаги даврларга бўлишади:
1869 йил охири – 1871 йил баҳори: 15 – 16,5 ёш.
1871 ёзи – 1873 баҳори: 16,5 – 18,5 ёш. Шартли равишда “символизм” даври; асарлар: “Адашган кема” ва “Унлилар” , “Яшнаш” тўплами.
1873 йил баҳори ва ёзи: 19 ёш. “Дўзахда бир унутиш” тўплами.
“Дўзахда бир унутиш” асаридан кейин Рембо бир сатр ҳам ёзмайди. Унинг ҳаётида сўнгсиз дарбадарлик бошланади. 1880 йилгача – етти йил мобайнида испан, рус, итальян ва олмон тилларини турли даражада ўрганади. Голланд мустамлакачи қўшинлари сафида Суматрага боради, Скандинавия сайёр циркида ишлайди, Европанинг катта қисмини яёв кезиб чиқади, Александрия ва Венада, Штутгарт ва Стокгольмда бўлади. Рембо узоқ вақт Африкада, Харарда яшаб тери маҳсулотлари, пахта ва қурол сотиш билан шуғулланади.
1891 йили Францияда госпиталга ётқизилади. У суяк саркомаси касаллигига чалинган эди. Шифокорлар унинг оёғини кесишади, аммо касаллик танага тарқалиб бўлган эди.
Касалхона китобидаги ёзув: “1891 йил 10 ноябрда катта савдогар Рембо 37 ёшида вафот этди”.