June 15, 2023

АФҒОНИСТОНДА НАВОИЙШУНОСЛИК: ТАРИХИГА БИР НАЗАР   

Афғонистонда Алишер Навоий ижодий меросини ўрганиш узоқ тарихга эга эмас. Матбуотда улуғ шоир исми илк бор 1950-йилларда келтирила бошланди. Унга қадар Навоий асарларининг эски ёзувдаги нусхалари хонадонларда ва уй мактабларидагина ўқилган. Айрим шоирлар томонидан Навоий ғазалларига ёзилган мухаммаслар ёхуд бошқа кўринишдаги шеърлар яратилган бўлса-да, нашр этилмаган. Аслида Афғонистон тарихида ўзбек тилида чоп этилган биринчи асар бу Султон Ҳусайн Бойқаронинг шеърий девонидир. Афғонис­тонда илк босмахона 1869 йили ташкил топган бўлса, мазкур девон, шу босмахона ташкил этилганидан 94 йил ўтиб, 1963 йили нашр қилинган.

Умуман, ўтган асрнинг 60-йилларидан бошлаб афғонистонлик олимлар навоийшуносликка ўзига хос ҳисса қўшиб келмоқдалар. Булар қаторида Муҳаммад Яъқуб Воҳидий Жузжоний, Абдулҳаким Шаръий Жузжоний, Абдулҳай Ҳабибий, Абдулло Руин, Саид Муҳаммад Олим Лабиб, Саид Тожуддин Тош­қин Баҳоҳий, Нурулла Олтой кабиларнинг номини қайд этиш ва мазкур рўйхатни давом эттириш мумкин. Бу мамлакат навоийшунослигининг бош хусусиятларидан бири мазкур олимларнинг эски ўзбек ёзуви ва дарий тили, араб ёзувига бутун умр давомида таълим ва кундалик фойдаланишда яқинлик­ла­ри­дир. Яъни Навоий давридан бери давом этиб келаётган эски ўзбек тилининг матн ва сўзлашув анъанасининг Афғонис­тонда сақланиб қолгани бу юрт навоийшуносларини Навоийга, жумладан, араб ёзувидаги Навоий асарлари қўлёзмаларига ҳар жиҳатдан яқинлаштиради.

1968 йили Алишер Навоий таваллудининг 525 йиллиги нишонланган эди. Афғонистонда шу даврдан бошлаб навоийшунослик жонланди, дарий ва ўзбек тилларида тадқиқотлар чоп этила бошланди. Айниқса, Навоий асарлари нашрига катта эътибор қаратилди. Ўтган асрнинг саксонинчи йиллари бошидан Навоий асарлари минг нусхадан кам бўлмаган ададда нашр қилина бошланди. Ноширлик фаолиятида навоийшунос Абдулла Руин пешқамдам. 2008–2017 йиллар давомида ўзи ва фарзандларини Навоий асарларини эски ўзбек тилида нашр қилиш ишига жалб этиб, улуғ шоир асарларини чоп эттирди. Бошқа навоийшунслар ҳам бу ишларга ўзларининг ҳиссаларини қўшдилар.

Афғонистонда Навоий даври анъаналари ҳозирга қадар давом этиб келмоқда. Ёшу қари шеър ёзади, кўплаб шеърларни ёд билади, нутқини шеър билан безай­ди, фикри­ни Шарқ мумтоз адабиёти намояндалари қарашлари, шеърларидан парча келтириш билан асос­лашга интилишади. Чунки Афғонис­тон мактабларидаги таълим тизимида, ўрта аср мусулмон шарқида бўлганидек, шеърнинг ўрни беқиёс. Шу боис бу юрт шоирлари, шеър ёзганда Алишер Навоийга ўхшашга уринади, унинг шеърларига назира боғлайди. Бунинг натижаси ўлароқ, Афғонис­тондаги ўзбек зиёли­лари Навоий­ни кўп ва хўб ёдлайди. Шундай шоир­лар қаторида Домла Бедил, Муҳаммад Олим Лабиб, Мир Муҳаммад Амин Қурбат, Муҳаммад Амин Матин ­Андхўйи, Муҳаммад Яҳё Ҳафизий Жузжоний, Зикрилла Ишонч, Ғуломсаҳий Вакилзода кабиларни эслаш жоиз. Афғонистонлик ўзбек шоирларининг Алишер Навоий шеърларига мухаммаслари, жавоблари ва унга эргашиб ёзган шеърларини тўпласак бир катта китоб бўлди. Айни пайтда мана шундай китобни тайёрлаш устида иш олиб боряпмиз.

1978–2021 йилларда ўзбек тилида нашр этилган “Юлдуз” газетаси, гарчи нашри мунтазам амалга оширилмаган бўлса-да, афғон ўзбекларининг ўзига хос минбари бўлиб келган. Мазкур газетада Навоий ҳақида ўнлаб илмий мақолалар нашр этилган. Ушбу нашр 1991 йили Кобулда ташкил этилган “Амир Алишер Навоий маданий анжумани”нинг расмий нашрига айланган. Шу муносабат билан Навоийнинг асарлари ва уларга оид тадқиқотлар газета орқали китобхонлар қўлига етиб борди.

Айни вақтда Афғонистондаги Алишер Навоий ижоди тарғиботи билан боғлиқ юксак минбар сифатида шоир таваллудига бағиш­лаб давлат миқёсида ўтказилган халқаро конференцияларни қайд этиш мумкин. Афғонистон навоийшунослиги учун уларнинг аҳамияти катта. Улардан биринчиси Кобулда 1991 йили Алишер Навоий таваллудининг 550 йиллигига бағиш­ланган тадбир бўлди. Унда йигирмадан зиёд маъруза ўқилди. Аммо, афсуски, бу мақолалар тўп­лам тарзида нашр этилмади.

Иккинчи халқаро анжуман билан биринчиси ўртасидаги давр 25 йилни ўз ичига олади. Ниҳоят, 2016 йили мутафаккир шоир таваллудининг 575 йиллигига бағиш­лаган халқаро симпозиум пойтахт Кобул, Мозори Шариф ва Ҳирот шаҳарларида бўлиб ўтди.

Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллик юбилейи Ҳиротда халқаро миқёсда кенг нишонланди. Анжуман “Алишер Навоий тафаккурларини ўрганиш” номи остида 2021 йил 7-9 апрель кунлари ўтказилди.

Бу конференцияда олти давлатдан навоийшунос олимлар қатнаш­ди. Ўзбекистонлик навоийшунос олимлар иштироки салмоқли бўлди. Улар Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таб­рик сўзлари ўрин олган, Тошкентда нашр этилган беш жилддан иборат эски ўзбек ёзувида тайёрланган Навоий “Хамса”сини совға сифатида тақдим этишди.

“Алишер Навоий тафаккурларини ўрганиш” номи остида ташкил этилган халқаро семинар муносабати билан 2021 йили “Озодий” давлат нашриётида чоп этилган “Мақолалар тўплами”дан қирқ саккиз номдаги мақолалар ўрин олган.

Азизуллоҳ АРАЛ,

Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва

адабиёти университети доценти.