September 22, 2023

СЎЗДАН ГЎЗАЛ ҚАСРЛАР ЯРАЛУР

Яҳё ТОҒА

ЛАЗГИ

Яйрагай жону дилинг

Лазги жаранглаганда.

Сайрагай хон булбулинг

Лазги жаранглаганда.

Олакўз, гал бари ҳай,

Қоракўз, гал бари.

Файзи ортар базмнинг,

Лабларга инар ханда.

Ул азим Хоразмнинг

Лазгиси янграганда.

Олакўз, гал бари ҳай,

Қоракўз, гал бари.

Сел бўлар дўсти надим,

Пошшолар бўлар банда.

Халқимизнинг энг қадим

Лазгиси янграганда.

Олакўз, бўй-бўйи ҳай,

Қоракўз, бўй-бўй.

“Сўйла менга, эй санам

Кимнинг севар ёрисан?”

Ошиғингдирман манам,

Шайдо дил хуморисан.

Олакўз, гал бари ҳай,

Қоракўз, гал бари.

Шайдо дил хуморисан,

Чақмоғисан, норисан?

Белимнинг зуннорисан-ай,

Бўйнимнинг тумморисан.

Олакўз, гал бари ҳай,

Қоракўз, гал бари.

Лолу ҳайронманов ман,

Йўлингда гадо бўлдим.

Раҳматжон Қурбоновман,

Кўйингда адо бўлдим.

Олакўз, гал бари ҳай,

Қоракўз, гал бари.

Тошиб тўлғай

Озодбек,

Аму бўлғай,

Сир бўлғай.

Тўлқин Жаббор,

Бунёдбек,

Оғабек Собир бўлғай.

Олакўз, гал бари ҳай,

Қоракўз, гал бари.

Омон-омон, омон-а,

Тузоқ қўй тўрт томона.

Шарманда этма, лекин,

Мени яхши-ёмона.

Олакўз, гал бари ҳай,

Қоракўз, гал бари.

Бир бор кўриб тушида

Қалби чилпарчин бўлди.

Яҳё Тоғанг ҳушидан

Айрилгани чин бўлди.

Олакўз, гал бари ҳай,

Қоракўз, гал бари.

ЖАВДАРИ НАСИҲАТ

Ёввойи гул бўлма,

Арпа бўл,

Сули бўл.

Ўпкада ўсганча,

Юракнинг кули бўл.

Отангнинг ули бўл,

Давранинг гули бўл.

Номарднинг

Бийи бўлма,

Жўмарднинг қули бўл.

ЗИЁФАТДАН СЎНГ

Меҳмонларнинг

Ярми қанд еб,

Ярми панд еб қайтишди.

Мезбон

Дўкай эдими ё,

Роса

Раҳмат айтишди.

Бировнинг

Бўлмади иши,

Ким нима,

Нечта еди...

Чақирилмиш ўн киши,

Қанд эса,

Бешта эди.

ОСМОННИНГ УСТУНИ

Осмоннинг устуни йўқдур,

Кангулнинг бутуни йўқдур.

Ҳажрингда оҳлар урарман,

Оҳимнинг тутуни йўқдур.

Каккунинг ўз ини бўлмас,

Ошпичоқнинг қини бўлмас.

Диёнат сўраб ўтирма,

Имонсизнинг дини бўлмас.

ОТАМ ҚАРИБ ҚОЛИБДИ

(Ўтган асрда битилган

достондан парча)

Кечагина икки қоп унни

Ердан шартта узволадиган,

Сал мундоғроқ деворни

Битта урса бузворадиган,

Отам қариб қолибди.

Ҳар кўкламда ток кўкартириб,

Ҳар кўкламда шафтоли эккан,

Беш йил дайди ўқни оралаб,

Урушдан ҳам соғ-омон чиққан,

Отам қариб қолибди.

Бир арава пичанни

Яккаш ортиб келавергувчи,

Ҳанггиси ҳориб қолса,

Ўзи тортиб келавергувчи,

Отам қариб қолибди.

Билмай курорт, “балниса” нима,

Бизнинг ғамимизни еб юриб,

Болаларим рўшнолик кўрсин,

Улар одам бўлсин, деб юриб

Отам қариб қолибди.

Баъзан ичда қўзғолар кулги,

Қаранг, ўғлим отамдан дароз.

Умр – дарё! дегани шулми,

Кўҳна минор нурабди бироз,

Отам қариб қолибди.

Қарибди-ю, сўзлари дадил,

Бизга ҳазил-ҳузул гап қилар.

Мен эшитиб ўтираману...

Бир изтироб ични кемирар:

Отам қариб қолибди.

Отам, отажоним...

Қариб қолибди.

Яҳё ТОҒА