ДАДАМНИНГ ДАРСХОНАСИ
Отам, архитектура фанлари доктори, профессор Додо Нозиловни хотирлаб
Дадамнинг дарсхонаси... у қадар катта эмас, шинамгина ва дадамнинг ниятлари, ўйлари, орзулари каби ёруғ ва файзли. Чор атрофи китоблар билан тўла, китоб жавонларига бўйини бўйига қилиб тахланган, сиғмай қолганлари, газета, журналлар бир чеккага чиройли қилиб, устма-уст қўйилган. Ўртадаги катта стол устида ҳам устма-уст тахланган луғатлар, меъморчиликка оид қўлланмалар, қомуслар, ёзиб, устидан ўчирилиб тўғриланган, қалам билан бежалган қоғозлар... Стол устидаги шиша ойна тагида эса расмлар, дадам учун азиз бўлган инсонларнинг турли йилларда тушган турли суратлари...
Дадамнинг дарсхонаси... худди дадамнинг ўзидек ихчам, лекин ичига катта оламлар сиғиб кетгудек улкан. Бу хонада менинг ҳам энг яхши, энг мазмунли кунларим ўтган, отамнинг қалбидек катта ҳудуд. Хотирамда сақланиб қолган гўзал манзара: қачон бўлмасин, мактабдан, кейин институтдан, ундан сўнг болаларимни етаклаб ота уйимга келганимда, кундузми, тунми, кўзларимни ишқалаб, сувсираб уйқумдан уйғониб кетганимда ҳам дадам дарсхонасининг чироғи ёниқлигига кўп бор гувоҳ бўлганман. Дадам берилиб, гўё дунёдан узилгандек нималарнидир берилиб ёзарди, эшикдан мўралаб турганимни кўпинча кўрмасди. Мен болаларча: “Одам ширин уйқусидан, халоватидан воз кечиб, шунчалик берилиб дарс қилиши мумкинми?” деб ўйлардим. Дадам умрининг кўп қисми мана шу хонада ўтган. “Келдингми қизим, ҳозир мана шу бетни охирига етказиб қўяй, чиқаман”, “Кел, Шабилу, ўзи менга жуда керак эдинг, мана бу матнни таҳрир қилиб бергин, китобимга қўшаман”, “Қара, бу янги китобимга киритиладиган расмлар, биласанми, бу нима? Зардуштийлик давридаги шоҳ саройи, археологик қазилма чоғида топилган хонақоҳни қайта тикладим...” Ўз-ўзидан суҳбатимиз айни дамда дадам шуғулланаётган муҳим ишларга уланиб кетарди, ошхонадан мени чорлаётган ойимга “ҳозир” дердим, лекин дадамнинг ёнидан кетгим келмасди. “Бор, қизим, ойинг барибир қўймайди, овқатингни еб, кейин келасан, менга ёрдаминг керак”, дерди дадам мийиғида кулганча. Дадам кулганларида чиройли юзлари ёришиб кетарди.
Дадамнинг дарсхонаси... у кишининг нафаслари сезилиб туради. Гўё ҳозир ҳам қандайдир бир ишлар билан куймаланаётгандек туюлади менга. Қимирлаб турадиган суянчиқли креслога ўтирганча китоб ўқиётган суврати кўз ўнгимда жонланади. Умрини илмга бағишлаган, асосий вақтини шогирдларига сабоқ бериш, китоб ёзиш, ўқиш-изланишларга сарф этган, туну кун хаёллари мақола, китоб режалари билан банд бўлган отамни мана шу китоблар биздан кўра кўпроқ кўргани рост. Давлатлар қолмади, дадам сафар қилмаган. Шаҳарма шаҳар, қишлоқма қишлоқ дам пою пиёда, дам отда кезиб, бўлғуси илмий ишлари, китобларига материал йиғишга кетаркан, мен, эркатой қизалоқлари дарров уларни соғиниб қолардим. Сафар тараддудларини кўра бошласа кетишларини истамай, хархаша қилганларим ёдимда. Кўпинча ўзимни уйқуга солиб туриб, чиқишлари билан секин орқаларидан йўлга тушганман ойимдан беркиниб. Баъзида дадам раҳми келармиди, унча узоқ бўлмаган жойларга ўзлари билан бирга олиб кетарди. Йўл-йўлакай шеърлар айтсалар, мен такрорлардим. Гўзалликни кўра билишни бизга дадам ўргатган, табиат овозини тинглашни қалбимизга жойлаган. Бузилиб ётган эски биноларни ўлчаб, чизиб, бир нималар қилаётган маҳал мен бир чеккада ўтирганча кузатардим, зерикардим, тошларни йиғиб ўйнардим, кейин боғдан териб олганим ёнғоқларни чақиб ердим. “Бузилиб ётган уйнинг нимасини бунча берилиб ўлчайди?”, деган ўй келарди хаёлимга. Лекин бу ишлар илмда янгилик эканини, дадам биринчи бўлиб тоғ меъморчилигига асос солганини кейин тушундим. Қум-лой кечиб, совуқ, иссиқ демай тоғу тошларни кезган. Қоронғи тушганини сезмай қолиб, бўри, айиқлар яшайдиган дараларда ҳаётини хавф остига қўйиб қандай тунаганини гапириб берганида ўша қўрқинчли манзарани кўз олдимга келтирардим, яхшиям айиқлар дадамга бирон зиён етказмаган, дердим ичимда. Шундаям “қийналдим” ё “бошқа бормайман, шу охиргиси”, деб нолиганини эшитмаганман. Дадам бошқача яшашни билмаган, мана шу илмий изланишлар, сафарларсиз унинг ҳаёти том маънода ўз мазмунини йўқотган бўларди. Шаҳар инсонга берадиган барча қулайликлар, шароитлардан воз кечиб илм қилган, нуқул кабинетда ўтириб китоб ёзмаган. Асл олим шундай бўлиши керак, деб биламан.
Дадамнинг дарсхонаси... ёруғ ва кенг, унинг тафти билан нурлангандек бўларди гўё. Бетоблигидаям ўзини сал яхши ҳис қилиши билан яна дарсхонасига кириб оларди, толиқиб қолгунигача нималарнидир қоралашни бошларди. Йигирма йиллик меҳнатлари самараси бўлган “семиз” китобни чиқаришга шошилди, гўё умрлари сўнгига етиб бораётганини ҳис қиладигандек дақиқаларни ҳам шунчаки ўтказиб юборгиси келмасди. Ҳатто жим турганларида ҳам илм ҳақида ўйлар, керакли деталларни топар, мулоҳаза қиларди. Ўша китоб чоп бўлди, дадам худди муҳим ишни бажарган одамдек енгил тин олганини четдан туриб сездим, кўнглим бузилиб кетди. Лекин охирига етказилмаган яна бир нечта китоби қолиб кетди, саксон ёшга яқинлашиб қолган бўлса ҳам, ҳаётдан умидлари кўп эди, орзулари бир олам эди...
Дадамнинг дарсхонаси... болаларча қалбимга ўрнашиб қолган энг серфайз, энг ёруғ ва азиз хона. Дадамнинг ўзидек содда ва беғубор. Ҳеч нима ўзгармаган, фақат олдин дадам ўқиб, қалам билан белги қўйган, очиқ турган, ёйилиб ётган китоблар энди бўйига бўй қилиб чиройли тахланган, стол усти ҳам ораста, йиғиштирилган. Ҳаммаси худди олдингидек, фақат энди бу уйда менга азиз ва қадрдон бўлган инсон – дадажоним йўқ.
Ҳаммаси ўз йўли билан кетавераркан, ўлим ҳақ. Кўнглимга бир фикр илиқлик бағишлайди. Дадамнинг таъбирлари билан айтадиган бўлсам, “Ижодкор, олим одамлар ўлмайди. Улар ўз китоблари, яратган асарларида яшайди”. Бу китоблар келажак авлод учун маёқ бўлади, юрт фарзандларига асқотади. Дадам шунинг учун ҳам ўз ҳаловатларидан кечган, кун келиб, албатта, юзага чиқиши, одамлар эътирофига сазовор бўлишига ишонган. Мен ҳам шу ҳақиқатларга ишонаман.