ТУРМУШГА ЧИҚМАГАН ҚИЗ
Кроссвордни ким ўйлаб топган бўлсаям!.. Ҳозир қаёққа қарама одамлар кроссворд ечиш билан овора. Бошқа ишлари йўқдай!.. Ҳатто бошлиғимиз ҳам эшикни ичкаридан қулфлаб олиб, кроссворд ечиб ўтиради. Билмаган нарсасини котибадан, котиба эса хонама-хона юриб биздан сўраб-суриштиради. Саволлари осон бўлса экан! Қайси куни “Саломнинг жавоби”ни излаб кунимиз ўтди. Охири, бу саволга қоровулдан жавоб топдик. Саломга жавоб – “алик” экан! Тавба! Шунга шунча бошимиз қотибди. Бошлиғимиз билмагандан кейин, бизга йўл бўлсин...
Ишда-ку, майли, аммо уйдаям кроссворддан тинчлик йўқ. Худога шукр, хотиним бунақа нарсалардан ўн чақирим олисда юради. Мактабни “круглий уч”га битирган. Фақат “ашула”дан “беш” олган. Ашула муаллими унинг овозидан қутилиш учун “беш” қўйиб берган бўлса керак. Кроссвордни эса, эндигина саккиз ёшга тўлган эгизларимиз – Ҳасан-Ҳусан ечади. Тағин ҳар икки саволдан бирини мендану онасидан сўраб безор қилишади. Қаердан олишаркин-а, кроссворд газетасини десам, пистачи хотин пистасини кроссворд тўла “кулёк”ларда сотаркан. Эгизаклар ўша “кулёк”ни текислаб, жавоби топилмай қолган саволларни ечишга қизиқаркан. Айтдим-а, булар кейинги пайтда пистапули сўрайвериб жонга тегишди деб. Писта мағзининг мияга фойдаси бор деб, пул бераверибман, мен содда!
Мана бугун ҳам ана шунақа тутуруқсиз саволлардан бири –“Турмушга чиқмаган қиз”ни топишолмай ҳар доимгидек ошхонада куймаланаётган оналарининг олдига боришди.
– Бошимни қотирмаларинг! Ҳеч қандай қиз-пизни билмайман! Муштдай бошларинг билан турмушга чиқмаган қиз қидиряпсанми! Мактабда нимани ўргатишяпти ўзи!
– Ойижон, бизга қиз керакмас, кроссвордда шундай ёзилган: “Турмушга чиқмаган қиз” деб, олтита ҳарфдан иборат. Охирги ҳарфи “а”, – дейишди эгизларимиз, – Жон ойижон, айта қолинг! Ахир, сиз ҳам бир пайтлар қиз бўлгансиз-ку!
– О-о-о! – овозини чўзишига қараганда, хотиним ашула дарсидан олган “беш”ини эслади шекилли. – Қиз бўгандаям-чи-и, унча-мунча қиз эмасди-им! Ҳар сочимга биттадан йигит ошиқ! Қани ўша сочиму, қани ўша ошиқлар! Эс-сиз ёшлигим...
Эгизаклар онасидан жавоб ололмасликка кўзлари етиб, газета парчасини кўтарганча менинг қошимга келишди. Болаларнинг саволларига жавоб беришдан қочиш – уларнинг келажагидан қочишдир, деган қоидага амал қилганча, ўттизга кирсаям турмушга чиқмай юрган котибамиз эсимга тушиб қолди. Рақамини териб, қўнғироқ қилгандим, уйидаям котибалигини давом эттириб, дарров гўшакни олақолди.
– Яхшимисиз, кечирасиз-да бемаҳал безовта қилаётганимга, – дедим унинг кўнглини оғритиб қўймаслик учун юмшоқроқ гапириб. – Мана сиз, шу пайтгача турмушга чиқмагансиз. Шунга нима дейишади?
– Ким, масалан?! Ойим ачинал-ла, дугоналарим бўлса ажаб қиласан, эрга теккандан қаро ерга теккан яхши дейишади! – деди котиба бамайлихотир. – Нима, бирортасини тавсия қилмоқчимисиз?!
– Йўғ-а, ўзим шунчаки... – дедим мақсадга кўча қолиб. – Кроссвордда савол бор экан: “Турмушга чиқмаган қиз”, ўзи олти ҳарфли, охирги ҳарфи “а”! Шуни сўрамоқчи эдим.
– Эртага ишхонада кўрсатиб қўяман сизга одамни масхара қилишни! – бирдан қутирган котиба гўшакни жаҳл билан жойига қўйганда бошимга бир мушт тушгандек бўлди...
Шунга айтаман-да, кроссвордни ким ўйлаб топган бўлсаям... деб! Мабодо, сиз билмайсизми? “Турмушга чиқмаган қиз”?! Ўзи олтита ҳарф, охиргиси “а”?