ЛОФЛАР
“Мумтоз сўз” нашриётида чоп этилган кекса ижодкор Жаҳонгир Пирмуҳамедовнинг “Изли сўқмоқлар” номли китобида муаллифнинг беғубор ёшлиги, катта ҳаёт қозонида қайнаган даври, таниқли ижодкорлар билан мулоқотлари, одамийликка ундовчи ўгитлари жамланган. Қуйида ушбу тўпламдан жой олган “Лофлар” эътиборингизга тақдим этилаётир.
Эзмаликда қишлоқда ном чиқарган Шоди лофчи шаҳарлик эзма Ҳоди лофчиникига меҳмонга келибди.
– Э, келинг, Шодивой. Қандай шамоллар учирди? Шундай жазирамада терлаб-пишиб нималар кўтариб олдингиз?
– Ҳа, буми, тўрва халтам. Унда бир ҳафтага етгулик овқат олиб келганман. Суҳбатимиз чўзилиб кетиши мумкинлигини ҳисобга олдим-да.
Бу гапни эшитиб Ҳоди лофчи ичкарига кириб, устига қалин чопон, оёғига иссиқ маҳсини кийиб чиқибди. Уни қиш кийимида кўрган Шоди лофчи ҳайрон бўлиб сўрабди:
– Ия, тинчликми? Саратонда бунчалик қалин кийимда юриб бўларканми?
– Билиб бўладими? Мабодо суҳбатимиз қизиб кетса, қиш келиб, совқотиб қолмай дедим-да, – дебди Ҳоди лофчи.
Шаҳарлик лофчи қишлоқлик лофчи билан “бир беллашиб келай” деб келибди. Эшикни тақиллатса, лофчининг хотини чиқиб:
– Ассалому алайкум, келинг айланай. Кимни сўраб келдингиз? Хўжайин уйда йўқ эдилар, – дебди.
– Ундай бўлса манави гилам (10х5м) уйингизда турсин. Мен хўжайинингиз келгач, кейин келиб нархини гаплашарман, – деб кетаётган экан, қишлоқлик лофчининг хотини унга:
– Ҳа, майли, гиламчангизни ташлаб кета қолинг! Бизнинг ҳам бир гиламимиз бор эди, бир чеккасига чўғ тушиб куйиб қолди. Гиламчангиз жилла қурса шунга ямоқ бўлар, – дебди.
Шаҳарлик лофчи: “Хотиники шу гапни айтди, эрига бас келиб бўлмасов”, деб шаҳарига жўнаб қолган экан.
Нурота тоғлари бағрида яшаб ижод қилган машҳур бахши Эргаш Жуманбулбул ўғлининг эшигини бир лофчи бахши келиб тақиллатибди.
– Ассалому алайкум, келинг мулла ака, чолим уйда йўқ эдилар, – дебди.
Машҳур бахши билан бир айтишув қилиб келай, деган ният билан узоқ йўлдан келган бахши кампирга гап қотибди:
– Ҳай майли, бошқа пайт келарман. Энди сиз менга айтинг-чи, шу баланд тоғларнинг ёши нечада экан?
Кампир ҳам содда кампирлардан эмас экан, меҳмонга қараб:
– Агар тоғларнинг ёшини билмоқчи бўлсангиз, оғзини очиб, тишини кўринг! – дебди бўш келмай.
Шунда меҳмон “Ёпирай! Устоз бахшининг хотини шу жавобни қилди, менга йўл бўлсин у киши билан айтишувга” деб йўлига равона бўлган экан.
– Бунақаси дунёда фақат менда бўлса керак. Туш кўратуриб, бирдан кўзимни очиб юбораман. Беш-ўн дақиқадан кейин кўзимни юмсам, худди кино тасмаси узилган жойидан қайта улангандек тушим келган жойидан яна давом этиб кетаверади, – дебди мақтаниб.
– Ва-а-а, шуям туш бўлдими. Мана мен бутун тун бўйи кўзларимни юммай, шифтга бақрайиб ётган ҳолда туш кўраман. Мана буни туш деса бўлади, – дебди керилиб.