ҲАССОС ШОИР ПОРТРЕТИ
Кўм-кўк тусдаги осмон... ўнг томонда қуёш нурлари ёритиб турган оқиш туйнукдан оқ кабутар оҳиста қанот қоқиб парвоз этмоқда. Шоирнинг ўйчан ва маъюс нигоҳи олисларга қадалган, у хаёлот оламига ғарқ бўлган. Вақт шамоли унинг оқариб кетган сочларини енгил тортқилайди. Эгнида енглари шимарилган оқ кўйлак, бўйнида тўқ қизил ранг қора чизиқли бўйинбоғ... Мусаввира Азиза Маматова мўйқаламига мансуб ушбу бадиий асар Ўзбекистон халқ шоири Рауф Парфи портретидир. Асар Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Алишер Навоий номидаги давлат адабиёт музейи экспозициясининг тўртинчи қаватида жой олган.
Маълумки, рангтасвир санъатида табиат манзаралари асар композициясида ўзгача тасвирий маъно касб этиб, томошабинга тугал ғоявий-бадиий мазмунни тақдим этади. Мазкур асарда пурвиқор қизғиш тоғлар орқа планда, портретнинг қуйи қисмида, олисда тасвирланган. Асарда асосий тасвир маконини шоирнинг сиймоси ва бепоён осмон эгаллаган. Осмон ранги ўзгача аҳамият касб этган. Сабаби, кўк ранг туркий халқларда орзу-умид, эзгулик, ижод ҳамда муқаддас осмон ва мардлик рамзлари ҳисобланади.
Муаллиф асар қаҳрамонининг ташқи қиёфаси орқали ички дунёсини очиб беришда қуйидаги унсур ва рамзларга мурожаат этган: яъни оқ кўйлак – қалб ва ният поклиги; кўйлак юқори тугмасининг қадалмагани – ижод учун эркин нафас олиш, руҳий эркинликка ишора; бўйинбоғ – зиёлиликнинг бир белгиси; кўйлак енгларининг букилиб шимарилгани – ижод меҳнати ва машаққатига ҳамиша тайёр туриш. Осмондаги муаллақ илҳом ва умид кабутари шоирнинг умид-орзулари, амалга ошмаган режалари борлигидан нишонадир.
Портретдаги Рауф Парфи руҳий ҳолатининг акс садоси, инъикосини унинг музейда сақланаётган шахсий архив ҳужжатларидан ҳам қидириб топиш мумкин. Шоир архивининг илмий тавсифини каталог тарзида Адабиёт музейи бош архивариуси Раҳима Шарафутдинова 2022 йилда амалга оширган. Олима каталог муқаддимасида қуйидагиларни зикр этади: “...Шоирнинг таъкидлашига кўра, санъатнинг бош вазифаси бу инсонни ҳимоя қилиш, инсондаги одамийликни, маънавий-ахлоқий хислат-фазилатларни ардоқлаш, Аллоҳ жамолига етишишдир. Рауф Парфи шеърларида бу ҳақиқатларни очиқ айтиб, ақл ўргатмайди, балки ўз руҳиятидан ўтказиб ифодалайди. Шоир умрининг сўнгги йилларида Аллоҳга кўп мурожаат қилди. Дунёга келди, кўрди, юрди ва шукурки Аллоҳни таниди. У чин дунё сари Пайғамбар ёшида кетди”.
Ҳассос шоир Рауф Парфи ҳаёти, ижоди билан ўзбек адабиёти тарихи тараққиётида ўзига хос ўчмас из қолдирди ва унинг сиймоси мухлислари қалбида абадий маънавий маёқ бўлиб порлайверади.