ЭСКИ КОМЕДИЯНИНГ ЯНГИЧА ТАЛҚИНИ
Ўзбек миллий театри дарғаларидан бири Баҳодир Йўлдошев ўзига хос ижодкор шахс, юксак маҳорат ва профессионал нуқтаи назарга эга ёрқин cанъаткор эди ва шундай қолади. У Ўзбекистон театр санъати тарихига номи катта ҳарфлар билан ёзилган ҳақиқий Уста эди. Б.Йўлдошевни театр саҳнаси тарбиялади, у болалигидан парда орти тахталарининг ҳидини туйиб, саҳна кенгликларини кўриб-билиб катта бўлди, театрнинг сеҳр-жозибасини, сирини, нафасини, моҳиятини тушунишга ҳаракат қилди. Унинг олдида касб танлаш муаммоси бўлмаган – режиссёр бўлишини аниқ билган.
Театр санъати институтида ўзбек театрининг бетакрор ижодкори Тошхўжа Хўжаев устахонасидаги ўқиш даври, Ленинграддаги Катта театрда Г.Товстоногов қўлида малака ошириши, собиқ Ҳамза номидаги театрда режиссёр-педагог Александр Гинзбург билан ишлагани Б.Йўлдошевда ижодий ўзига хосликнинг юзага келишига замин ҳозирлади. У 28 ёшида Ўзбекистоннинг етакчи театрига бош режиссёр этиб тайинланди. Касбий шаклланишда Б.Йўлдошевнинг ўз йўли бор эди: ҳар бир постановкаси янгилиги, кутилмаган шакли билан ажралиб турарди. Зеро, Б.Йўлдошевда кўплар ҳавас қилса арзийдиган бир хислат бор эди. У театрга мос шаклни, саҳна композициясини, ҳеч бир муболағасиз, айнан ҳис қилар, саҳна кенглигини сезарди, эскилик, сийқаси чиққан қолиплар унга тўғри келмасди. Суҳбатларимиздан бирида унинг учун тўсиқларни енгиб ўтиш афзаллигини айтганди. Бутун ижодий фаолияти фикримизнинг тасдиғидир. У ҳамиша янги ғоялар, мавзулар, муҳими, янги шакллар устида изланарди ва излаганларини топарди. Ижодкор шахс учун ҳавас қилгулик фазилат бу!
Б.Йўлдошев етмишинчи йиллар бошида ўзбек театридаги мавжуд европача “тўртинчи девор”ни бузди. Лекин бу мавжуд нарсаларни шунчаки инкор қилиш эмас. У катта ва ўрта авлод саҳна усталарининг ватанимиз театри табиатига, маданиятига хос қадриятларни сақлаб қолди. С.Аҳмад асари асосидаги “Келинлар қўзғолони” спектакли билан бирга, саҳнага анъанавий халқ театри кириб келди. Саксонинчи йилларда майдон томошаси тарзида қўйилган Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий асари асосидаги “Майсаранинг иши” спектакли Олмаотада бўлиб ўтган театр фестивалида Гран-прига сазовор бўлди. Бугун ўша йиллар театр амалиётига назар ташласангиз, ушбу танлов бежиз бўлмаганини, ўз меросига, анъанасига қайтганини аниқ кўрасиз. Устоз режиссёр тўқсонинчи йилларда биринчилардан бўлиб театрнинг нафис ҳаракатларга асосланган оғзаки нотадаги мусиқий воситаларига мурожаат қилиб, “Ипак йўли” номли гўзал ва мазмундор спектаклни яратиб, ўзбек театри режиссурасида яна бир йўналишни очиб берди. У Навоий, Бобур, Нодира, Увайсий, Зебуннисо каби машҳур шахсларни саҳнада гавдалантириш орзусини ўзи узоқ йиллар бадиий раҳбар бўлиб ишлаган “Дийдор” театр-студиясида амалга оширди. Бугунги кунда жамоа, устоз ишлаган давридагидек, куч-ғайрат, шижоат билан мухлисларга янги-янги саҳна асарларини тақдим этмоқда.
Ҳозир Баҳодир Йўлдошев номи билан аталадиган “Дийдор” театр-студияси навбатдаги мавсумини улуғ санъаткор туғилган кунда унинг спектакли билан очди. Томоша бошланишиданоқ диққатни тортади. Залга киришни кутиб турган мухлисларга труппа бошлиғи Озодбек Олимовнинг кириш йўлини очишни илтимос қилган овози эшитилади. Томошабинлар бир-бирини қувиб ўтаётган, шу аснода ноқулайлик учун мухлислардан узр сўраб залга шошаётган актёрларга йўл берадилар. Актёрлардан сўнг залга кирган мухлислар ўриндиқларга жойлашадилар. Ижрочилар эса “Маърифатчилар келур, томошани кўрсатур”, дея машҳур қўшиқ мусиқасига рақс тушган ҳолда, кийимларини тартибга келтиришда бир-бирларига ёрдамлашадилар, реквизитлар ва бутафорларни жойлаштирадилар.
Шўхлик қилиб, мухлисларни кулгили томошага чорлаётган актёрлар ижроси томошабинни спектаклни кўришга тайёрлайди. Б.Йўлдошевнинг нияти ва ечимига эргашган ҳолда, майдон томошаси усули ва принципларидан фойдаланган саҳналаштирувчилар воқеаларни моҳиятан ёрқин ва комик саҳналарда пластик ва пантомимали интермедиялар, миниатюралар, қўшиқ-рақслар орқали кўрсатадилар. Актёрлар эркин импровизация (бадиҳа) асосида халқ театрининг бой ифода воситаларидан фойдаланган ҳолда ёрқин, ишонарли характерларни яратадилар. Аниқ комик ҳолатлар, кўпмаъноли ҳаракатлар, кулгили, ифодавий имо-ишоралар орқали соддагина урф-одатларни кўрсатишга муваффақ бўладилар. Актёрлар ижроси нутқининг бийронлиги, қовушимлилиги ва ишонарлилиги билан томошабинни ҳайрон қолдиради. Ойхон – Севинч Далабоева мафтуркорлиги, ўзига хос инжиқлиги, қайсарлиги, ноз-истиғнолари билан, Ҳидоятхон – (Нурмуҳаммад Иброҳимжонов) мазмундорлиги ва таннозларга хос ғамзалари билан томошабинни ҳайратга солади. Отабек Искандаров эса паришон ва бахтсиз рашкчи Чўпон образини кутилмаганда кесатиқ, масхаралаш услубида талқин этган. Қози ролидаги Ҳасанбой Мамашарипов ночор, қўрқоқ, айни пайтда, эпчил, эҳтиёткор, топқир шахс образида намоён бўлади.
Иккиюзламачи, таъмагир, шаҳвоний ҳисга берилганларни фош қилиш ғояси ташаббускори, ташкилотчиси Майсара, шубҳасиз, спектаклнинг асосий персонажи бўлиб, бу ролни театр-студиянинг иқтидорли ёш актрисаси Ирода Қосимова ижро этган. Ўзига берилган ролни саҳнада ишонч билан, қалбан ҳис қилиб ижро этган актриса товламачи ва такасалтангларни чув туширишни уддалаган оқила, айёр, куюнчак, ёқимтой аёл Майсара образини қиёмига етказиб ўйнашга муваффақ бўлган. Бузуқилик, товламачилик, жоҳиллик каби иллатлар фош қилиниб, жазолангач, театрнинг труппа бошлиғи О.Олимов шошганича саҳнага кириб келади ва сайёр актёрларга талабчан оҳангда “Тезроқ бўлинглар, ҳали бизни Чилонзорда ва Эски шаҳарда ҳам кутишяпти”, дея барчани йўлга чорлайди. Томошабинлар эса Б.Йўлдошев номидаги “Дийдор” театр-студиясининг актёрлари билан кейинги учрашувгача хайрлашадилар.