«САККИЗ, ТЎҚҚИЗ, ЎН...»
1995 йили Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 50 йиллигига бағишлаб, Ҳамза номидаги ўзбек давлат академик драма театри (ҳозирги Ўзбек Миллий академик драма театри) Саид Аҳмаднинг “Уфқ” романи асосида спектакль саҳналаштирмоқчи бўлди. Спектаклни саҳналаштиришни менга ишонишди. Бундан олдин ҳам спектакль саҳналаштириш учун мени бу театрга бир неча бора таклиф қилишган.
Саҳналаштириладиган пьесалар маъқул бўлмагани туфайли уларни рад этгандим. Лекин ўзбекнинг энг катта театрида спектакль саҳналаштиришга иштиёқ жуда-жуда катта эди. Рост, ўша пайти ёш режиссёр эмасдим. Қўқон, Фарғона театрларида унча-мунча “ишларни қилиб” қўйганим учун, бироз танишарди.
Саид Аҳмаднинг “Уфқ”и билан эса яхши таниш эдим, романни мактабда ўқиб юрган пайтларимдаёқ ўқиганман, институтни битириб Қўқон театрига келганимда, бу театрнинг энг юксак спектаклларидан бири “Уфқ” эди. Бу спектаклни машҳур актёр Занжирали Мирзатов ижросидаги Икромжон ролида бир неча бор кўрганман.
Хуллас, спектаклни саҳналаштиришга дарров кўндим. Иш бошланиб кетди. Роман асосида ёзилган пьесани Саид Аҳмаднинг ўзлари театрга келиб ўқиб бердилар. Академик театрда ишлайдиган актёрлар бари жам бўлди. Ҳаммани сиғдирадиган жойнинг топилиши қийин, доимо ярми бўш турадиган репетициялар хонасида ҳар бир стулда икки кишилаб ўтириб пьесани тинглашди. Ўша пайтда, актёрларнинг ўзлари айтишларича, анча вақтлардан бери кўришмаган касбдошлар шу куни кўришишибди. Шу аснода роллар тақсимланди. Талабгорлар жуда ҳам кўп. Ҳар бир ролга икки, уч актёр дублёр тарзида тайинланди. Роль тегмаган актёрлар анчагача директор ва менга роль сўраб мурожаат қилиб юришди. Кейинчалик ҳам, спектаклдаги энг “қиёмига етган” ролларни, ролларга расман тайинланганлар эмас, талабгор бўлиб роль олганлар ижро қилишди.
Икромжон ролига Ёқуб Аҳмедов, Пўлат Саидқосимов, Эркин Комилов, Муҳаммадали Абдуқундузов; Жаннатга Тўти Юсупова, Римма Аҳмедова; Тоғага Тўйчи Орипов, Обид Юнусов; Турсунбой, Зеби, Рисолат ва бошқа ролларга ҳам театрнинг энг иқтидорли, тажрибали актёрлари ва ёшлар тайинланди. Иш жуда қизғин бошланди. 9 май кунига атиги 28 кун қолган эди. Мен театр учун, айниқса, “корифей” актёрлар учун нотаниш, “тухумидан энди чиққан режиссёр” эдим. Улар репетициялар пайти “қани, нима каромат кўрсатар экан”, деб мени синашарди. Бир, икки синовдан ўтганимдан сўнг репетициялар жуда ҳам унумли ўта бошлади, ҳамма мутлақо ижодий жараён билан қайнаб ишлади.
Обид ака Юнусов мендан биринчи бора, спектаклга қандай мусиқалар танланишини сўраганида, “Спектаклга махсус мусиқа ёзилади” десам, хафа бўлгандай бўлди. У “махсус мусиқага” норози бўлди. Атоқли бастакор, ўзбек мусиқасининг дарғаси бўлмиш Юнус Ражабийнинг ўғли бўлгани учунми, у аввалдан спектаклга, айниқса, энг муҳим саҳналарга ўзича мусиқалар танлаб қўйган бўлиши керакки, бошқа мусиқани, ҳали унинг қандай мусиқа эканини билмай туриб ҳам рад этди.
Спектаклга мусиқа ёзиш учун бетакрор композитор, менинг ва театр ижодкорларининг энг яқин дўсти Анвар Эргашевни таклиф қилган эдим. Анварга ишонардим. У мен саҳналаштирган бир неча спектаклларга мусиқа ёзиб улгурган эди. Анваржон спектаклга мусиқани ёзиб олиб келганида, Обид ака: “Мусиқани эшитиб кўрайлик”, деб туриб олди. Жамоани йиғиб, бор мусиқаларни бирин-кетин эшитдик. Мусиқа Обид акага ёқмади. Бошқалар ҳам “оҳ” дейишгани йўқ. Фақат Римма Аҳмедова Анваржоннинг олдига келиб: “Молодец! Менга жуда ҳам ёқди!” деди. Агар шу гап ҳам бўлмаганида, Анваржон ёзган мусиқасини олиб қайтиб театрга келмаган бўлармиди...
Обид ака олдимга келиб, анчагача гапиролмай, охири ёрилди:
– Олимжон, ахир, ўзимизнинг миллий мусиқаларимиз бор-ку?! Нолаларимиз, най, танбур, сато... Қанча истасангиз топиб олиб келиб бераман! Бу “диринг- диринг” мусиқа бўлмайди, ука!
Мен индамадим. Индамаганим Обид акага яна таъсир қилди. У шумшайиб олди. Ҳа деганда саҳнага чиқавермади. Асосан Тўйча ака Орипов репетиция қила бошлади. Обид ака театр томоша залида репетицияларни томоша қилиб ўтираверди. Лекин бирорта репетицияни қолдиргани, ҳатто бирор марта кеч қолиб келгани ҳам йўқ. Охири бир бора, саҳнада репетицияга тайёр турган Тўйчи акани томоша залига ўтқазиб, саҳнага Обид акани таклиф қилдим: “Чиқинг Обид ака, саҳнага!” деб анча қатъият билан айтдим. Обид ака саҳнага чиқди. Икромжоннинг урушдан бир оёқсиз қайтиб келгани ва дўсти, колхоз раиси Тоға билан учрашадиган саҳна. Икромжон – Ёқуб Аҳмедов, Тоға – Обид Юнусов. Саҳнада қўлтиқтаёққа таянган Икромжон аёли Жаннат билан гаплашиб турибди. Тоға кириб келади:
– Тоға! (Қучоқлашиб кўришади. Икромжонни қўлтиғидан таёғининг бири ерга тушиб кетади. Тоға уни олиб Икромнинг қўлтиғига суяйди).
Шу кўриниш бир-икки бора қайтарилди. Назаримда, Обид ака дўсти билан жўнгина қучоқлашди, шу саҳнани яна қайтарганимда ҳам худди шундай бўлди.
– Обид ака, Икромжон сизнинг қадрдонингиз, болалигингиздан бирга ўсган дўстингиз. Унинг урушдан тирик қайтгани сиз учун жуда катта қувонч. Мен уни бағрингизга анчагача босиб туришингизни истардим. Маҳкам қучиб, анчагача қўйиб юборманг...
– Қанчагача қўйиб юбормай? – “танбеҳим” Обид акага ёқмади.
– Қучоғингизга босиб туринг анча.
– Қанча босиб турай, деб сўраяпман-ку, аниқ айтинг, қанча?!
– Қучиб олиб, ўнгача сананг! – менинг ҳам асабим дош бермади. – Ўндан кейин қўйиб юборинг! Марҳамат, яна бир бор киришингиздан қайтарамиз!
Обид ака эшикдан кириб, Икромжонни кўриб, эшик олдида тўхтайди, “Икром!” деб келиб қучоқлашишади. Бир фурсат қучоқлашиб тургач, Обид ака: “саккиз, тўққиз, ўн” деб Икромжонни қўйиб юборади. Ҳамма, айниқса, Тўти опа Юсупова анчагача ўзини тўхтатолмай кулди. Томоша залида томоша қилиб турганларни айтмаса ҳам бўлади. Уларнинг таъбирича, жуда қизиқ ҳодиса юз берди. Менинг таъбиримча, репетицияга, бинобарин, менга беписандлик, ҳурматсизлик бўлиб туюлди. Шу кунги репетициямиз кулгили вазият билан тугади.
Мен, рости, Обид акага унча ҳам аҳамият бермай қўйдим. Репетициялар Тўйча ака билан давом этаверди. Обид ака репетициянинг бир дақиқасини ҳам қолдирмай, театр залида ўтираверди. Мен унинг ўз ролини ўйнашга интилишини, катта истагини, унга ҳар бир ташлаган назаримда яққол ҳис қилардим. Бир куни эрталаб репетицияга келсам, саҳнада олти-етти нафар қиз бир бурчакда ўтириб олиб, доира чалиб ашула айтишияпти:
Меҳрибоним кетдию, ҳижрон ўти ҳеч кетмади,
Меҳрибонимдан кейин, ҳеч ким мени ёд этмади...
Бу спектаклнинг прологи, оналар, аёллар, қизлар ўз ўғиллари, эрлари, ёрларини урушга кузатадиган саҳнанинг бошланиши эди. Шу ашула билан қизлар йигитлари билан видолашадилар. Мен жуда ҳайратда қолдим. Анчадан бери шу манзарани, шу қўшиқ, шу драматизмни ахтариб юрган эдим. Мени кўриб Обид ака югуриб олдимга келди:
– Олимжон, мана шу ашула роса тушаркан-да. Кечаси билан ўйлаб шуни топдим. Бир эшитиб кўринг. (Қизлар ашулани жуда мунгли, таъсирчан қилиб яна бир бора қайтаришди).
– Бўлади, Обид ака, бўлади, жуда ҳам жойига тушибди. Раҳмат!
Ҳамма репетицияга йиғилди. Спектакль прологида қизларнинг бу ашуласини эшитиб, қўпчилик қарсак чалиб юборди. Шу ашулага Анварнинг мусиқаси боғланиб кетади. Йигитлар елкаларига тугунларини осиб олиб, аввал оналари, кексалар билан хайрлашадилар. Саҳнанинг қоқ ўртасида эса, уларнинг урушдан қайтишларини кутишга аҳд қилган қизлар, нигоҳлар нигоҳлардан узилмай, сув оққандай оқиб ўтишади. Йигитлар йиғилиб бир ҳолатда қотишади, қизлар улардан кўзларини узишмайди. Саҳна айланиб, поезднинг қичқириғи эшитилади. Кейин бомбаларнинг портлаши, уруш даҳшати...
Бу сўзсиз пролог бутун драматик ҳолатнинг, одамлар кечинмаларининг, уруш даҳшатининг фақат мусиқа билан ифодаланиши эди, холос. Ўша Обид акага ёқмаган мусиқа билан, унинг ўзи топиб келган мусиқа уйғунлашиб, жуда таъсирли эмоционалликни ярата олган эди.
Пролог тугаши билан Обид ака олдимга кўзларида жиққа ёш билан келди. Ўзини тутиб туролмай:
– Олимжон, мени кечиринг ука, бу зўр мусиқа экан. Мен уни аввал қабул қилолмагандим. Ҳозир саҳнада актёрлар билан кўриб... Жуда зўр! Қойил... қойил...
– Обид ака, сизнинг топиб келган ашулангиз зўр! Бутун ҳолатни ифода қилиб турган шу ашула, воқеаларнинг ривожига аввал ашула имкон яратиб беряпти. Минг раҳмат сизга!
– Э, қўйинг, арзимайди! Мен шунчаки бир... яхши бўлсин дедим-да. Бу ашулани дадам ўргатган эдилар... Сизга маъқул бўлган бўлса, хурсандман... – бироз сукутдан кейин, – Олимжон, энди эртадан мен ҳам репетиция қиламанми? – деди.
Обид ака ўз ролини ҳар доимгидай катта эмоционаллик билан, юксак маҳорат билан ўйнади. Худди ўша Икромжон билан учрашув кўринишини ҳар сафар кўрганимда кўзимдан тирқираб ёш оқади.
Ҳа, Обид Юнусов бетакрор ижодкор эди. Ўз принципига, ўз фикри, ҳеч кимга ўхшамас ўз феъл-атворига, ҳеч ким такрорлай олмайдиган ижро услубига эга бўлган буюк актёр эди.