December 8, 2023

ГАБРИЭЛ ГАРСИА МАРКЕС  

Нобель мукофоти савриндори Габриэл Гарсиа Маркес 2014 йил 17 апрелда 78 ёшида ҳаётдан кўз юмди. У 1967 йил қирқ ёшида “Юз йил танҳоликда” номли асарини нашр эттирди. Бу асар адабиётда янги бир даврни бошлаб берди.

Маркес 1927 йил 6 март куни Колумбиянинг шимолида жойлашган Аракатака шаҳарчасида туғилди. Хаёл ва рўёлар дунёсида бир олам ҳасрат ва армон билан яшаб келаётган содда ва қашшоқ одамлар орасида воя­га етди. Уни бувиси ажойиб ва ғаро­йиб эртаклар айтиб тарбиялади. Маркес қиссанавислик санъатини айнан бувисидан ўрганди. Ёзувчининг ўзи бу ҳақда шундай ёзган эди: “Юз йил танҳоликда”ни баён этиш услуби бўйича кўп йиллар ўйлаб юрдим, лекин достонни ифодалаш йўлини тополмадим. Узоқ изланиш­лардан сўнг шундай хулосага келдимки, уни ёзиш учун энг яқин услуб бувимнинг ўша услуби бўлиши керак. Бу кампир кишини ҳаяжонга солувчи ажойиб ва ғаройиб воқеаларни айтиб беришда шундай бир табиий услубга эга эдики, албатта, сиз унинг айтганларига ишонар эдингиз”.

У. Фолькнер, А.Кристи асарларини ўқиб, ижоднинг модерн йўналиши билан яқиндан танишган Маркес бувисининг ривоят услубидан илҳомланиб, хаёлий тўқималарни ҳақиқий услубда баён қилишни санъат даражасига кўтарди. Тадқиқотчилар фикрича, у каби воқелик ва хаёл чегараларидан осон, маҳорат билан чиқиб, турли замонлар орасида кўп­рик боғлаш имкониятига эга ёзувчилар камдан-кам учрайди.

Маркес “Юз йил танҳоликда” романи билан катта ютуқларга эришди. 2007 йил Испания қироллик академия­си ва испан тили академияси бу асарнинг оммабоп нашрини эсдалик сифатида тарқатди. Негаки, бу асар асрлар оша испан тилида сўзловчиларнинг мумтоз адабиёти наму­наси­га айланган эди. Асарни қайта кўриб чиқиш, таҳрир ишларини шахсан Маркеснинг ўзи бажарди.

Гарсиа Маркес бир ёзувчи сифатида, ўзига хос услуби ва сиёсий қарашларини ифодалаш бўйича бош­қа­лардан ажралиб туради. 1982 йил “Юз йил танҳоликда” романи ва бош­қа асарлари учун халқаро Нобель мукофотига сазовор бўлди. Бу роман ҳозиргача 30 миллион нусхада нашр этилган.

Маркес ва Куба раҳбари Фидел Кастро дўстлиги адабиёт ва сиёсат дунёсида катта шов-шувларга сабаб бўлган. Адиб қалам билан Лотин Америкасида миллий демок­ратик ҳаракатларни қўллаб-қувватлаган инсонларни ҳимоя қилувчи ёзувчилардан бири эди. Кубада юз берган ўзгариш­ларнинг моҳиятига тушунган ҳолда, Маркес Куба инқилобини ҳимоя қилди ва инқилоб йўлбошчисининг самимий дўсти бўлиб қолди.

У бир интервьюсида Кастро билан унинг орасидаги муносабат, асосан, адабиёт соҳасига тааллуқли, деб таъкидлаган эди: “Бизнинг орамиздаги алоқалар фикр алмашишдан бошқа нарса эмас. Кастро юксак салоҳиятли инсон эканлиги кўпчиликка маълум бўлмаслиги мумкин. Биз учрашганимизда кўпинча адабиёт ҳақида суҳбат қиламиз”.

Маркеснинг адабий мероси бош­­қа китоблари қаторида романлар, қиссалар ва кичик ҳикоялардан ибо­рат бўлиб, уларнинг кўп қисми денгиз, Лотин Америкаси маданияти таъсири ва ёлғизлик каби мавзуларни ўз ичига олади.

Шаръий ЖУЗЖОНИЙ,

профессор