October 20, 2023

ҲУРРИЯТ ШАВҚУ САФОСИ  

Исмоил МАҲМУД

* * *

Бўлди бахтим дастхати – ўзбек тилим, давлат тилим,

Бўлди қалбим раҳмати – ўзбек тилим, давлат тилим.

Халқ аро тенг ичра тенгдир, берди Истиқлол шараф,

Бўлди кўнглим шавкати – ўзбек тилим, давлат тилим.

Ифтихор бирла ҳамиша сўзларим дунё аро,

Бўлди руҳим қудрати – ўзбек тилим, давлат тилим.

Бўйласам минбарда фикрим етти иқлимга етар,

Бўлди қадрим неъмати – ўзбек тилим, давлат тилим.

Барча тиллар ҳам гўзалдир, бир-биридан кам эмас,

Бўлди фикрим санъати – ўзбек тилим, давлат тилим.

Бу жаҳон майдонида ул ўзлигим, ўзбеклигим,

Бўлди ақлим талъати – ўзбек тилим, давлат тилим.

Толеим шукрида, Маҳмуд, шеър битарман ишқ аро,

Бўлди умрим роҳати – ўзбек тилим, давлат тилим.

* * *

Ҳуррият шавқу сафоси дилда – иймонда яшар,

Бу улуғ тақдир зиёси фикру виждонда яшар.

Қудрати ишқи биланким топди эл чин матлабин,

Бу муҳаббат шиддати ҳар онда, достонда яшар.

Кенг жаҳон майдонида ким топди ишқидан шараф,

Бу мақом ичра ҳамиша дил шараф-шонда яшар.

Аҳли дониш суҳбатидан бўлди кўнгил файзиёб,

Бу саодат ифтихору нури ҳар жонда яшар.

Эл аро халқим шижоат бирла топди азми шаън,

Дилраболар ҳар нафас, ҳар дамда бўстонда яшар.

Ҳақ назар этган бу юртнинг эртаси бундан буюк,

Чўнг зафар қучган ҳар ишда, марди майдонда яшар.

Бу ҳидоят ичра, Маҳмуд, ҳар нафас шукрин қилур,

Чунки олам ичра танҳо Ўзбекистонда яшар.

* * *

Ҳар киши етгай муродга, бўлса тартиб-интизом,

Мақсади бирла ҳаёти ичра гар тузса низом.

Оқилу доно киши қўйгай қадам ҳиммат билан,

Тадбири дил ичра ҳардам эҳтиёт айлаб калом.

Илму ҳикмат бирла кўнгил топгуси ҳусни ажр,

Ажратиб олса ҳаётда не ҳалолдир, не ҳаром.

Аҳли дониш суҳбатида бўлса дил зийнат топар,

Кўргуси охирда ҳам ул икки дунё эҳтиром.

Айласа ҳардам иродат тоза ўй, фикри билан,

Етгуси матлабга бир кун ул топиб юксак мақом.

Ҳақ ризосин олмаганлар бўлдилар хору залил,

Бу хатосига дилида этмайин ҳеч эҳтимом.

Маҳмудо, ҳоли ҳаётда интизоми Ҳақда бўл,

Топгуси руҳинг камолу ул куни ишқ ичра ком.

* * *

Топмагай файзу барокат дилда ёри бўлмаса,

Ишқ аро ҳар бир кўнгилнинг иқтидори бўлмаса.

Чиқмагай рўёбга ҳаргиз кимда йўқ аҳду вафо,

Шавқи ҳикмат ичраким шахту қарори бўлмаса.

Файзиёб бўлгай кўнгил ёр ишқи бирла ҳар нафас,

Зил кетар бир кун иморат пойдевори бўлмаса.

Қудрату фазли билан ишқ ичра хас, бил, гул бўлур,

Дашт бўлгайдир гулистонлар хумори бўлмаса.

Ишқи борлар, бил, фасоҳат ичраким майдондадир,

Индамаслар ичра бўлгай ифтихори бўлмаса.

Икки олам раҳматин топгай кўнгил ибрат билан,

Бўлмагай ҳеч ишда илдам ихтиёри бўлмаса.

Маҳмудо, ибрат кўзи бирла ҳаёт саҳнига боқ,

Топди ким чекмай риёзат дилда зори бўлмаса.

Исмоил МАҲМУД