December 1, 2023

ДЕВОР  

Моҳира ЭШПЎЛАТОВА

Кутилмаганда қаршисида девор пайдо бўлди.

Деворнинг ғиштлари кўчага ётқизилган тупроқ билан бир хил эди, шунинг учун пайқамади. Йўл гўё тик кўтарилиб, унинг олдини тўсиб чиққандай эди.

Девор хийла баланд, ундан ошиб, боши берк кўчанинг нариги тарафига ўтиб бўлмасди.

У ҳайрон бўлиб, анча вақт жойида туриб қолди.

Ортга қайтсаммикин, деб ўйлади, аммо бунинг иложи йўқ. Чунки узоқ йўлни босиб ўтиб қўйган. Бунинг устига, бу кўчага аниқ мақсад билан кирган, мабодо мақсадига эришолмай ортга қайтиб кетадиган бўлса, одамлар нима дейди?

Йўлнинг охиригача боришга кучи етмабди-да, демайдими? Дейди!

Йўқ, шу деворнинг тагида ўлса ўладики, ортга қайтмайди. Қарори қатъий. У энди нима қилиши кераклиги ҳақида ўйлай бошлади.

Бир кун ўйлади, бир ҳафта ўйлади, эҳтимол, бир ойлар чамаси вақтини ўйлаб, ҳеч нима қилмай ўтказгандир. Вақтини аниқ айтиб бўлмасди, зеро, унинг учун вақт тушунчаси ўз маънисини йўқотиб, чексизликка сингиб кетган эди.

Энди уни ҳисоблашнинг, тақсимлашнинг ҳожати йўқ эди. Ахир, бир ўзинг­га тегишли бўлган нарсани бўлишдан, ҳисоблашдан маъни йўқ-ку! Шундай эмасми?

У кимдир шу кўчага киришини, баланд девор остида ёлғиз ўзи ўтирганини кўриб, юпатишини, қучоқлаб, кўз ёшларини артишини, қўрққанларини гапириб берганда тинглашини истади. Ўша кимнидир узоқ кутди.

Ҳеч ким келмади.

У ўйлаб, сиқилиб, кутиб, ўзига эрмак ҳам топди. Кичкина бир чўпни олиб, девор ғиштлари орасини чуқалай бошлади. Бироздан кейин ғиштларнинг орасидан бир уюм тупроқ тўкилиб тушди. У англадики, бу ғиштлар мўрт, деворни бузишнинг иложи бор. У чўпни кафтида маҳкам сиқиб ушлаб, катта куч ва иштиёқ билан ишини давом эттирди. Бир неча соат астойдил уринишлардан сўнг биринчи ғиштни жойи­дан кўчириб олди.

Унинг ўша пайтдаги ҳолатини сўз билан ифодалаб бўлмасди. Телбага ўхшарди, чангга беланган қўлидаги ғиштни боши узра кўтарганча қийқириб куларди. Атрофида унинг ишига қойил қоладиган, мақтайдиган одам йўқ, аммо шунга қарамай, у гўё олқиш олаётгандай мамнун эди.

Бироздан сўнг шашти сўнди. Ҳатто бироз ранжиди ҳам. Барибир, гоҳ умидсиз, гоҳ хурсанд – қуроқ кайфиятда девордан ғиштларни кўчириб ола бошлади.

У ишидан ички қониқишни ҳис қилар эди. Девор ораларида митти, чиройли гуллар униб чиққан экан, у деворни бузаётиб гулларни томири билан кўчириб олди. Жарроҳ беморининг ичак-чавоғини қорнидан чиқариб, обдaн томоша қилганидай у ҳам томирларини диққат билан кўздан кечирди. Сўнг йўл четига экиб қўйди.

Бир ёмғир ёғиб, янги ўтқазилган гулларнинг жонига оро кирди. У ёмғирга юзини тутганча девор остида узала тушиб ётди. Ўша пайтда ўзини жуда бахтли ҳис қилди. Ёзнинг қуёшли кунларида девор соясида ўтирар, соя сурилган сари у ҳам сояга қараб силжир, шундай жазирамада жон сақларди.

У фасллар алмашаётганини ҳаво ҳарорати, деворда гуллар, ўтлар униши, қуриши, девор соясининг қисқариб боришига қараб белгиларди.

Бир куни эса, унинг уринишлари битта ғиштнинг кўчанинг нарига тарафига тушиши билан якунланди. Ғишт ерга тушганда жаранглаган овоз эшитилди. Бу жуда узоқ кутилган садо эди. Қалин девордан тешик очилиб, кўчанинг нариги тарафини кўриш мумкин бўлди.

Унинг бутун вужуди кўзга айланиб тўртбурчак тешикдан қаради. Нариги томонда нима бор?

У томонда деворнинг айнан ўзи яшаётган тарафидагига ўхшаш кўчани, осмонни, у ёқдан-бу ёққа тинмай ўтаётган машиналар ва одамларни кўрди. Шу пайтгача нималарни кўриб, билиб яшаган бўлса, улардан бошқа ҳеч нимага кўзи тушмади.

Моҳира ЭШПЎЛАТОВА