September 8, 2023

ҚАЛБИМ КАЪБАСИ БИТИКЛАРИ

Афзал Рафиқов

Ўзбекистон халқ артисти Афзал Рафиқовнинг кўнгил кечинмалари

Ижодий қобилият Худо томонидан берилади. Албатта, “Бу нарса менга Худодан берилган”, деб меҳнат қилмасдан, ўз устингизда ишламасдан юрсангиз, бу бебаҳо инъом иш бермайди. “Сендан ҳаракат, мендан баракат” деганидай, ишлаш керак.

Ҳар бир одам, аввало, равон гапиришга ҳаракат қилиши лозим. Бунинг учун кўпроқ китоб ўқиш, иложи бўлса, овоз чиқариб ўқиш керак. Илгари мактабда ифодали ўқиш дарси бўларди. Худди пьесадаги ролларни ўйнаб-ўйнаб ўқигандай-да. Мана шунга ўхшаган машқларни бажариш, албатта, зарур. Шу билан бирга Худо берган истеъдод бўлмаса, натижа сиз ўйлагандай, сиз кутгандай бўлмайди. Лекин, барибир, ҳар бир ютуқнинг тагида меҳнат ётади. Бир пайтлар бир олим айтганидай инсонни меҳнат яратган эмас, назаримда, инсон меҳнат учун яралган. Меҳнат деганда, албатта, фақат кетмонни олиб ер чопишни назарда тутмаяпман. У, аввало, маънавий, руҳий меҳнат. Хусусан, нотиқлик санъати ҳақида гапирадиган бўлсак, бу борада машқ катта роль ўйнайди. Лекин тўтиқушга ўхшаб қолмаслик учун мияда ҳам шунга яраша билим, маънили тафаккур “юк”и бўлиши керак. Чунки овоз тафаккурингиздаги бор нарсани “сотиб” қўяди. Сўзлай бошлашингиз билан тингловчи ўша заҳоти савиянгизни, фикрлаш даражангизни, дидингизни англайди. Овознинг ана шундай хусусиятлари бор.

Сўз эгасини топиши учун сўз айтаётган одам унинг маъносини, таъсирини идроклаб ифода этиши шарт. Агар бирор-бир сўзни мен юрагимдан, ақлимдан ўтказиб айтмасам, тингловчига таъсир қилмайди. Биров ёзган сўзни ўзингизникидек қилиб етказишингиз керак. Сўзни аниқ-тиниқ етказишнинг асосий омили – тафаккур ва қалб-кўнгил уйғунлиги.

* * *

Дубляж деганда нимани тушунамиз? Дейлик, бу бошқа тилда суратга олинган фильмни ўзбек тилига ўгириш жараёни. Илгари дубляж қилинган фильмларда тас­вир, мусиқа, шовқин, актёрлар овози ёзилган кинотасмалар алоҳида сақланар ва алоҳида ёзиларди. Оригиналдаги актёрлар овози ўчирилиб, ўрнига ўзбек актёрлариники ёзиларди. Бу чинакам, соф дубляж бўлади. Фильм­ни кўраётган томошабин картина ўзбек тилида суратга олинган деб ўйлаши – ўзбек дубляжи­нинг энг юксак ютуқларидан бири. Ўзбекис­тонда дубляж санъат даражасига кўтарилган бир пайтда “Ўзбекфильм”да йилига камида олтмишта фильм ўзбек тилига ўгириларди. Бадиий жиҳатдан барча фильмлар сифати жуда юқори бўлган. Ўша пайтларда Москва ёки Ленинградда Бутуниттифоқ дубляж фильмлар фестивали ўтказиб туриларди. Бизнинг фильмлар ҳеч қачон биринчи, иккинчи ёки учинчи ўринлардан тушмаган. Сабаби, ўзбек дубляжининг ўзига хос мактаби бор эди. Бу мактабни яратишда Абдулла Қаҳҳор каби атоқли адиблар иштирок этган. Режиссёрлар ҳам жуда маҳоратли бўлган. Зеро, дубляж режиссёрлиги бошқа режиссёрлик ишларидан фарқ қилади. Режиссёрдан овози экрандаги характерга айнан мос тушадиган актёрни топа билиш талаб этилади. Фильм муваффақиятининг 60-70 фоизини тўғри тақсимот ҳал қилади. Илёс Ёқубов, Софа Имонқулова, Эсон Каримов, Собит Саидов каби режиссёрлар бу борада ғоят тажрибали эди. Улар танлаган овозлар экрандаги қаҳрамонларнинг ҳам ботини, ҳам зоҳирига мос тушарди.

Телевизион дубляжда оригиналдаги овоз эшитилиб туради. Шунинг учун буни кадр ортидан синхрон таржима дейилса, тўғри бўлади. Бу иккита ҳолатда актёрлар олдида турадиган вазифа қарама-қарши. Соф дубляжда актёр бор вужуди билан ролга кириб кетиши керак бўлса, телевидение дубляжида вазифа бутунлай бошқача. Назаримда, телевизион дубляжда томошабинга фильмни кўришга халал бермаслик керак. Таржима вақтида етказиб бериб турилса бўлди. Томошабин фильмнинг ичига кириб кетса, қайси тилда эканини унутса, айни муддао. Телевизион дубляжнинг энг юксак чўққиси ҳам шунда. Баъзилар ўйлаганидек, телевизион дубляж осон эмас, аксинча, анча мураккаб. Бунда бир актёр баъзан бир фильмда ҳаммага овоз беришига тўғри келади. Масалан, “Морена Клара” сериалида барча эркакларга бир ўзим овоз берганман. Дуб­ляжнинг бу усулида овозга қўйиладиган талаб жуда юқори бўлади. Инсоннинг чеҳраси кинотасмада, фототасмада ҳар хил кўринганидек, овозлар ҳам турлича. Микрофонга тушадиган ва тушмайдиган овозлар бор. Вақти келиб дубляжга эҳтиёж йўқолганидан кейин овозлаштириш жараёни телевидениега кўчди. Биринчи овозлаштирилган фильм “Маҳобҳорат” эди. Кўплаб талабгорлар орасидан Ҳожиакбар Нурматов, Римма Аҳмедова, Ойбарчин Бакирова ва мени чақиришди. Бизнинг овозимиз нейтрал овоз, соддароқ айтганда, тўрталамизнинг овозимиз универсал суюқлик, яъни сувга ўхшайди. Доим ичилади, лекин меъдага тегмайди.

Сергей Герасимов суратга олган “Лев Толстой” фильми дубляжида сўнгги кунларини яшаётган чолга овоз беришим керак бўлган. 37 ёшда эдим. Биз кутган натижа ҳеч чиқавермади-да. Бир пайт миямга қаердандир буйруқ келди, билмайман, тик туриб гапираётган одам ўз-ўзидан тиззаларим букилди. Шундай ҳолатда ўзимни гўё қари чолдек ҳис қила бошладим. Ёнимдагилар ҳам бу ҳолатни тўғри қабул қилиб, микрофонни пастлатди. Шу тарзда Толстойга овоз берганман. Уйга қайтишда ҳам тиззаларимни букиб кетаётганимни билмай қолардим. Оила даврасида ҳам Толстойнинг оҳангида гапириб юборардим. Анчагача шу роль таъсирида юрганман.

* * *

Қайси тамаддун вакили эканинг­ни эсдан чиқармаслик тилни билишдаги мувозанатнинг бузилиб кетмаслигига имкон беради. Навоийни ўрганганимга қадар менда иккиланиш ниҳоятда кучли эди. Ўзаним, илдизим қаерда, деган саволни ўзимга бераверганман. 1990 йили театрдан бўшаш учун ариза ёзиб кетаётгандим. Навоийни ўрганганим мувозанатни сақлаб қолишга ёрдам берган. Унгача театрда ишлаб, ўйнаган ролларимнинг номини айтсам ўзингиз тушуниб олаверасиз: Волков, Плужников, Долгов, Виктор, Прохор. Баҳодир Йўлдошевга раҳмат, ҳазрат Навоий ролини беришлари мени театрда олиб қолди. Бирорта ўзбек қаҳрамони бўлса бўлди, дегандим. Баҳодир ака эса ҳазрат Навоий ролини ишониб топширдилар. “Афзалдан қан­дай Навоий чиқади?..”, деб истеҳзо қилганлар ҳам топилди. “Осилсанг, баланд дорга осил”, деганди ўшанда устозим. Рости, ҳеч ким Навоий ролини ижро этишимни тасаввур қилмаган-да. Бундай юксак ишонч­дан куч олиб, бутун вужудим билан Навоий сиймосини гавдалантиришга киришдим. Чорсудаги китоб дўконида “Хамса”нинг беш достони ҳам бор экан. Баҳодир Йўлдошев ҳозирги Ўзбекистон Миллий университетидан арузшунос олим Анвар Ҳожиаҳмедовни таклиф қилди. Биз актёрлар мактаб ўқувчиси сингари дафтар тутиб, доскага ёзиб, Навоий асарларини аруз қоидаси бўйича ўқишни ўргандик. Болалигимда рубоб чалганим учун ҳам сўз оҳанрабосидаги оҳанглар мусиқа чалиш жараёнидаги тактларга уйғун келишини, аруздаги товушлар арифметик ҳисобга ҳам яқинлигини билиб олдик. Алишер Навоий шеъриятида оҳанрабо, сеҳр бор.

1991 йилнинг 21 мартида премьера бўлди. Назаримда, каминадан баъзилар ўйлаганидек эмас, туппа-тузук Навоий чиқди. Армоним ушалди. Ҳазрат Навоий асарлари туфайли ўзлигимга қайт­дим, ҳаётим бутунлай бошқа томонга ўзгарди. Навоий шеъриятидан ижроим­­­ни илк бор эшитган ҳамкасбларим, “Яхши ўқидингиз” де­йиш ўрнига, “Қандай ёдладингиз?” деб сўрашди. Ўзим ҳам қандай ёдлаганимни билмайман. Гап шундаки, ҳазрат Навоий шеърияти бутун вужудим, шууримни эгаллаб олганди. Навоийнинг қудрати шу қадарки, агар унинг бир байтини беш адабиётшуносга таҳлил қилиш учун берсангиз, беш хил жавоб бўлади, ва энг қизиғи, бешала жавоб ҳам асос­ли, мантиқли.

Ҳазрат Навоий ижодига қизиқиш “Хамса”дан парчаларни симфоник оркестр жўрлигида ижро этиш иштиёқини уйғотди. Дўстим, Ўзбекистон халқ артисти Исмоил Жалилов билан маслаҳатлашиб, ижрони симфоник оркестрнинг жаҳон мусиқа дурдоналари ижросидаги мусиқа ва сўз жўровозлигида амалга оширдик. Тошкент консерваториясининг катта залида ҳазратнинг 570 йилликларига бағишланган тадбирда “Хамса”нинг беш достонидан парчалар томошабинлар эътиборига ҳавола қилинди. 2011 йил кузида Навоийнинг 570 йиллигига бағиш­ланган Халқаро симпозиумда ушбу концерт такроран намойиш этилди.

Тақдир тақозоси билан 2014 йилдан бери Рус академик драма театрида фаолият олиб бормоқдаман. 2016 йили “Дегонимни улусға марғуб эт...” (“Иди, моё творение в народ...”) деб номланган спектакль режиссёр Бахтиёр Ҳамидов томонидан саҳналаштирилди. Спектакль саҳнада бир вақтнинг ўзида ҳам ўзбек, ҳам рус тилларида жаранг­ларди: “Хамса”дан лавҳаларни Навоий тилининг аслиятида ўқиб бўлгач, ҳамкасбларим айнан шу лавҳани рус тилида ўйнаб беришарди. Ҳазратнинг 580 йиллигига режиссёр Валихон Умаров “Ҳайрат ул-­аброр”ни рус тилида саҳналаштирди. Томошабин тушунмаса керак, дидактик асар бўлса, панд-насиҳат кимга ёқади, деб ўйлагандим. Не ажабки, томошабин жуда яхши қабул қилди. Албатта, бу буюк аждодимиз сатрлари замиридаги оҳанрабодан бўлса керак.

Овозим хаста бўлиб қолганига қарамай, Навоий асарларини тарғиб этишдан асло тўхтамайман. “Авваламбор, сўз пайдо бўлган...” деган машҳур ибора бор. Дарҳақиқат, сўз инсонларни Ер юзидаги жамики мавжудотлардан ажратиб турувчи сифатдир. Сўз идрок маҳсули бўлгани боис, уни айтиш масъулиятлидир. Рус мактабида ўқиган бўлсам ҳам раҳматли отам ўзбек тилини эсдан чиқаришимизга йўл қўймаганлар. Таржима қилиш истаги Ҳамза номидаги (ҳозирги Миллий академик) театрда ишлаб юрган пайтларим пайдо бўлган. Уйғуннинг “Абу Али ибн Сино” пьесасини илк бор рус тилига ўгирганман. “Иштаҳа танаввул пайти келади” деганларидек, бу асар наз­мда эканига ҳам аҳамият бермаган эканман. Аброр Ҳидоятов номидаги драма театрида фаолият олиб борган пайтларим Габриэль Гарсиа Маркес қа­ла­мига мансуб “Пол­ковникка ҳеч ким ёзмайди” асарини ўзбек тилига таржима қилганман. Спектакль “Ёзилмаган мактуб” номи билан ўзбек ва рус тилларида қўйилган. Унда полковник ролини ижро этганман. Таржимада мени завқлантирган жиҳат: битта сўзни тўғри таржима қилиш учун баъзан кунлаб, баъзан ҳафталаб манбаларни қидиришга тўғри келишидадир.

* * *

Актёрнинг театрдаги фаолияти кўп омилларга боғлиқ. Актёрлик касби режиссёрнинг, театр директорининг хоҳиш-иродасига қарам касб. Ўзимиз ҳеч нарсани ҳал қила олмаймиз. Актёрнинг ролдан ролга ўсишида бош режиссёрнинг, театр маъмуриятининг таъсири катта. Актёр босқичма-босқич тарбиялаб борилади. Шундан сўнг­гина етук актёр тарбияланади, яъни шахс юзага келади. Актёр шахс бўлмоғи даркор. Шуни айтиш жоизки, актёр умр бўйи тарбияланади. Етишдим, етук бўлдим, деган ижодкор ўша куни тамом бўлса керак.

Нигора УМАРОВА ёзиб олди.