МУТОЛААДАН СЎНГ
Атоқли ёзувчи Саид Аҳмаднинг “Сароб” ҳикоясидаги “Ота қарғиши мисоли ўқ — у охиратда эмас, шу дунёнинг ўзида нишонга тегади”, деган жумла ҳар қандай китобхонни ўйлантириб қўяди. Ҳа, айни ўша “ўқ” тегмай қолмади: аслида ҳам кимлигини унутган Кимсанбойга тегди ўша “ўқ”. Китобхоннинг кўнглидан: илму маърифатли Олимжон домла қаерда хато қилди, шундай ўқимишли одам-а, деган ўй ўтиши табиий.
Айни шундай саволларга бадиий асарлардан ўзидан жавоб топиш жараёнида умуминсоний муаммоларга ёзувчилар доимий равишда мурожаат қилиб туришини кузатамиз.
Шундай асарлардан бири устоз адиб Абдулла Қаҳҳорнинг “Бемор” ҳикоясидир. Ҳикояда ёзувчи Сотиболдининг бемор аёли тимсолида аслида ўша даврда жамиятнинг ўзи хасталигига ишора қилади. “Сароб”да ҳам бунга ишора бор. Мактабда директори хонасига Кимсанбойнинг чақирилишидан бошланган фожиа директорнинг лоқайдлиги, отанинг ўғлига эътиборсизлиги, ҳатто жараёнлар давомида Кимсанбойга тилла соат совға этилганида оиланинг жим кузатиши, хуллас, фожианинг кескин тус олишига сабабларини кўз ўнгига келтирган китобхон ўйга толиб қолади.
Яна бир улкан адибимиз Одил Ёқубовнинг “Музқаймоқ” деб номланган автобиографик ҳикояси қаҳрамони отасини олиб кетишга келган ходимларга, ўзи билмаган ҳолда, болаларча “ёрдам бергани” ҳам айнан бир хил тақдирларни намоён этади. Отани болага, болани отага тескари қилиб қўйган жамият қиёфасини очиб ташлаган энг даҳшатли Павлик Марозов руҳидаги қаҳрамонлар образлари яратилиши учун муҳитнинг ўзи имкон берганини таҳлил этадиган бўлсак, бадиий сўз қудратини, устоз адибларнинг тарихий ҳодисларни инсонлар тақдири орқали нақадар ҳаққоний очиб берганига гувоҳ бўламиз. Умуман олганда, мустабид тузумнинг асл моҳиятини инсонлар тақдири орқали очиб берган асарлар тарихийлик нуқтаи назаридан жуда қимматли ҳисобланади. Бу мавзуларни ўртага олиб чиққан ижодкорлар эса, ҳаётнинг шафқатсизлигини, муҳитнинг кирдикорларини очиб беришдаги хизматлари таҳсинга лойиқдир. Шу маънода, отаси ҳақидаги барча нарсани бошдан охир ёзиб беришга рози бўлган, бу розилиги отасининг “халқ душмани“ номини олишига сабаб бўлишини билмаган Кимсанбой тақдири ҳам аянчли. Саид Аҳмаднинг “Қоракўз Мажнун” ҳикоясида Бўрибойнинг аянчли тақдири ҳам “Сароб”даги Кимсанбойникига уйқаш эканини кўрамиз.
Саробга айланди ота дуоси, саробга айланди тоза туйғулар, саробга айланди аниқ мақсадлар, саробга айланди асл бир ҳаёт!
Биз бундай асарлар салбий қаҳрамонлардан нафратланишимиз баробарида уларга ачинамиз ҳам, инсон қадрини шу тариқа топтаган тузумни қоралаймиз. Бундай қараганда, “Сароб” ҳикоясидаги Кимсанбой ҳам Павлик Морозов ва “Музқаймоқ”да отасининг кирдикорларини очиб берган қаҳрамон билан бир сафда туради. Ҳаётни реал, ҳаққоний очиб берган адиблар тўғри йўлни танлаганини ҳис этамиз. Вақт ўтиб биз устоз яратган асарлардан ибрат оламиз, тарихий ҳодисаларни энди адабий қаҳрамонларга айланган даврнинг реал одамлари тақдири асносида баҳолаш имконига эга бўламиз. Павлик Морозову Кимсанбой кабиларга суянадиган муҳитни рад этамиз, ташқари жамият ҳаётининг муаммолари ҳақида ўйга толамиз. Адабиётнинг кучи ҳам шунда кўринади.