June 22, 2023

ВАТАННИ РОЗИ ҚИЛМОҚ

Ўн тўққизинчи аср охири, йигирманчи аср бошларида яшаб ижод қилган жадид боболаримиз яратган илмий ва бадиий асарлар ҳақида қанча гапирилса оз. Бунинг учун биргина Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” ва “Меҳробдан чаён” романларини мисол қилиб келтиришнинг ўзи кифоя бўлса керак. “Ўткан кунлар”нинг “Ёзғувчидан” деб номланган асар бисмиллосида адиб “янги даврга оёқ қўйдиқ, бас, биз ҳар бир йўсунда ҳам шу даврнинг янгилик­лари кетидан эргашамиз” дейди ва қўшимча қилади:

“Халқимизни шу замоннинг “Тоҳир-Зуҳра”лари, “Чор дарвеш”лари, “Фарҳод ва Ширин” ва “Баҳромгўр”лари билан танишдиришка ўзимизда мажбурият ҳис этамиз”. Лекин мавзуни “оёқ қўйил­ган янги давр”­дан эмас, “тарихимизнинг энг кирлик, қора кунлари бўлган ке­йин­ги хон замонлари”дан белгилайди. Адиб нега шундай йўл тутади? Чунки юртимизни Чоризм босиб олишига, ватанимизнинг мустамлака бўлишига “кўланкаси майдон” хонликлар сабабчи эканини ёзувчи чуқур ҳис қилган. Буни адиб романларидаги воқеалар ва қаҳрамонлар тақдирида кўрсатиб беради. Бинобарин, ёзувчи “Ўткан кунлар” хотимасида Отабекнинг сўнгги кунлари ҳақида шундай ёзади: “1277-нчи йилнинг куз кезларида бўлса керак, Юсуфбек ҳожи (Қўқон хонларининг бир нечасида амири лашкар лавозимида хизмат қилган, шунингдек, Туркистон вилоятининг ҳокими бўлган) Қаноатшодан бир хат олди. Қаноатшо Авлиё отадан ёзар эди. “Ўғлингиз Отабек яна бир киши билан бизнинг қўшунда эди. Олмота устидаги ўрус билан тўқунишмамизда биринчи сафимизни шу икки йигит олди ва қаҳрамонона урушиб шаҳид бўлди. Мен ўз қўлим билан иккисини дафн этдим…”.

Бир сўз билан айтганда, Абдулла Қодирий юқорида биз номларини тилга олган ҳар икки романи орқали халқимиз тарихидаги хонликлар даврини бамисоли қора курсига ўтқазиб, суд қилади. Ҳукм чиқаришни сиз билан бизга – китобхонга қолдиради. Мақсад – юртимизга Чор аскарларининг бостириб келиши-ю, кейинчалик ўша асосда пайдо бўлган шўро ҳукуматининг илдизини, ўқ томирини халққа кўрсатиш эди. Романлардаги Отабек, Кумуш, Анвар ва Раънолар тақдири, шунинг­дек, улар муҳаббатига алоқадор воқеа-­ҳодисалар юқоридаги адиб мақсади ўқувчига осонроқ сингиши, китоблар қизиқиб ўқилиши учун хизмат қилган десак, кўпчилик ҳайрон бўлмаса керак.

Адибларнинг шўро жамиятига муносабатлари бошқа собиқ иттифоқдош республикаларда, асосан, чет элларга бош олиб чиқиб кетиш асносида ёзилди, тўғрироғи, улар шундай йўл тутишди. (Бу ўринда Иван Бунин, Солженицин ва бошқаларнинг номларини эслаб ўтиш мумкин). Бизда эса, жадидлар (янгиловчи ва янгиликчилар) сифатида халқимиз ва миллатимиз учун хизмат қилиш ниятида, қамалиш-у отилишдан ҳайиқмай, ҳатто Қўқон мухторияти қонга ботирилган бўлса ҳам, ўз жонини сақлаш учун ватандан бош олиб кетишмади. Айтадиган гапларини матбуот саҳифаларида эълон қилди, яъни ижодий жасоратлар кўрсатишди. Жаҳон адабиёти намуналарини она тилимизга ўгириб, халққа етказишди. Янги авлод учун янги дарсликлар ёзишди. Адибларимиз ўтган аср бош­ларида ёзувчи ва шоирликка муал­лим­ликни ҳам қўшиб фаолият юритишди. Яъни эл-юртни янгиликка бошлашди – халқ тараққиётига хизмат қиладиган нарса бўлса, осмонга чиқиб олиб тушишга ҳам тайёр эди улар.

Жадидлар шаҳид этилганидан сўнг иқтидорли шоир ва ёзувчиларимиз, сал бўлмаса, ёппасига “бахт куйчиси” бўлиб кетай деди. Лекин имони бутун адиб­лар мус­табид давр ноғорасига ўйнамади, бошқа йўл тутишди. Фақат тарихий мавзулардагина қалам теб­ратди. Масалан, ўтган асрнинг эллигинчи йиллари қатағонини бошдан кечирган Миркарим Осим шундай қилди. Бу жараён адабиётимизга кейинги йилларда ўлмас асарлари билан ҳисса қўшган Мақсуд Шайхзода, Одил Ёқубов, Пиримқул Қодиров, Абдулла Орипов, Муҳаммад Али сингари ёзувчиларимиз ижодида ҳам давом этди. Баҳонада, халқимиз тарихининг ўзига хос манзараси юзага келди.

Адибларнинг баъзилари барибир имкони борича тимсоллар ёрдамида шўро жамияти қонун-қои­да­лари ва расм-русумларини замонавий асарларида ҳам фош эта олди. Эркин Воҳидовнинг “Донишқишлоқ латифалари” туркумидаги “Матмусанинг уйланиши” асарини олинг. Унда мус­табид даврда расм бўлган “беш йиллик режани уч йилда”, “етти йиллик режани беш йилда” бажариш ҳақидаги кўрсатма акс этганини ўйласак, юқоридаги гап амалга ошган ва собиқ жамият “башараси”, қайсидир маънода, очиб ташланган бўлади. Ахир, Матмусанинг тўққиз ойу тўққиз кунда туғиши лозим бўлган хотинининг уч ойда кўзи ёрийди. Ва, шармандаи шармисор қилиниши керак бўлган хотинга, унга қўшиб эри – Матмусага ҳам алоҳида ҳурмат-эҳтиром кўрсатилади.

Модомики, нобоп жамиятни ошкора фош қилиш қийин экан, мус­табид даврда эзилган халқимизга маънавий қувват ва далда бериш учун адибларимиз замонни тилга олмасдан, Ватан тўғрисида – Ўзбекистон тўғрисида, унинг шодлик ва қайғулари хусусида ёза бош­лашди. Оташин шоир Усмон Носир юракка қарата шундай деди:

Итоат эт, агар сендан

Ватан рози эмас бўлса,

Ёрил, чақмоққа айлан сен,

Ёрил, майли, тамом ўлсам.

Шу чоққача Худонинг, ота-онанинг, устознинг розилигини олиш ҳақида ўйлашга ва бунинг уддасидан чиқишга уринишга одатланганмиз. Бу – инсоний бурч. Аммо Ватанни рози қилишни ё ўйлаб кўрганмиз, ё мушоҳада қилмаганмиз. Шоир Усмон Носир эса, бу фикрни юқоридагидек, лўнда қилиб айтди. Устоз Эркин Воҳидовнинг “Ўзбегим”и, Абдулла Ориповнинг “Ўзбекистон” асарлари ҳам шу маънода дунёга келди.

Жамиятнинг нобоплигини одам­лар­нинг табиатидаги қу­сур ва камчиликлар орқали кўр­сатишда ёзувчилар олдинги сафларда бўлди. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг ибораси билан айтганда, “олдинда чироқ кўтариб боргувчилар” бўлди. Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Абдулла Ориповнинг “Оломон”, Ўзбекистон халқ шоири шоир Усмон Азимнинг “Чумоли” каби асарлари бу борада китобхонни мушоҳада юритишга чорлади.

Юртимиз Мустақилликни қўл­га киритганидан кейинги давр­да ёзувчи ва шоирларимиз олдида жамиятимизнинг ўзига хос манзараларини тўлақонли акс эттириш долзарб вазифа бўлиб турибди. Яхши бир жиҳатни тилга олиб ўтишни истардим: кўпчилик адиб­лар мус­табид замонда “ёзилмай қолган”, халқимиз бош­дан кечирган қора кунларни, бугунги дориломон давримизга солиштириш учун, қаламга олиб умрбоқий асарлар яратмоқда. Бу ўринда Ўзбекистон халқ ёзувчиси Исажон Султоннинг кейинги пайт­да қўлма-қўл бўлиб ўқилаётган, жадидлар ҳаёти ва фаолияти, фожеалари тўғрисида ёзилган “Маъсума” романини тилга олишни хоҳлардим.

Шу билан бирга, ҳамкасбларимга (гарчанд ижодкорга нимани ёзиш ва қандай ёзишни ўргатиб бўлмаса ҳам) икки оғиз истагим ва талаб­ларим бор (албатта, улар ўзимга ҳам тегишли): дини Ислом ва унга алоқадор ҳақиқатларни теран анг­лабгина, халқимиз ҳаёти тўғрисида китоб қоралаш керак, акс ҳолда илдизи саёз битикларнинг кўпайи­ши­га сабабчи бўламиз. Янги Ўзбекис­тон кишиларининг ёрқин образларини яратиш асосий вазифадир.

Шукур ҚУРБОН