November 3, 2023

ҲАМИША БИРДАМ БЎЛАЙЛИК  

Туркиянинг Анқара шаҳрида бўлиб ўтган Турк дунёси ҳужжатли фильмлар фестивалида ўзбекистонлик киноижодкорлар учта мукофотни қўлга киритди. Озарбайжон Маданият вазирлигининг Озарбайжон киносининг 100 йиллиги муносабати билан таъсис этилган махсус мукофотига Ўзбекистоннинг “Art tv” ва Туркиянинг SMR Yapım ширкатлари ҳамкорлигида тасвирга олинган “Зилзила ва овакентлик ўзбеклар” ҳужжатли фильми (режиссёрлар Ҳусейн Ўзден, Нодира Қайимова) сазовор бўлди. Иккинчи махсус мукофотни “Тирик аскар” ҳужжатли фильми (режиссёр Шерзод Назаров) қўлга киритди. Шу муносабат билан совриндор фильм режиссёрларидан бири Ҳусейн ЎЗДЕНга бир неча савол билан мурожаат қилдик.

– Ҳусейнбей, Ўзбекистонга алоҳида қизиқишингиз борлигини биламиз. Бунинг сабаби нимада?

– Нафақат Ўзбекистон, балки бутун турк дунёсига, хусусан, Моваруннуҳрга алоҳида қизиқишим бор. Чунки мен ҳам ўша ерларнинг бир қисмиман. Турли лаҳжаларда гап­лашсак-да, бизнинг тилимиз бир. Ўзбекистонга борганимда ўзимни худди Онадолида юргандек ҳис қиламан. Юртингизга қадам қўйганимда Ўзбекис­тон ҳақида жуда кам маълумотга эга эканимни билдим. Ҳақиқий маърифатчилик ҳаракати Европадан икки юз йил аввал Ўзбек заминида бошланганини билиб ғурурлансам-да, ўзимизнинг тарихимиз ҳақида яхши билмаслигимдан уялдим. Европада “жодугарлар”­нинг қозонлари қайнаётган бир пайтда Самарқандда Улуғбек ҳазратлари ўз расадхонасида юлдузларни текшириш билан банд эди. Турк дунёсининг маъмурий пойтахтлари ҳар хил бўлса-да, фан, маданият ва санъат соҳаларида иккита муҳим пойтахти бор. Шарқда – Самарқанд, ғарбда – Истанбул. Бу икки шаҳар ўртасидаги севги кўп­риги неча асрлардан бери мавжуд. Айтиш жоизки, Самарқанд ҳамиша Истанбулни илм-фан ва санъат соҳасида қўллаб-қувватлаган. Масалан, Усмонлилар империясида математика фанларининг асосчиси самарқандлик Али Қушчи эди. Алишер Навоий асарлари Усмонли шоир ва санъаткорларнинг йўлини ёритиб турган. Менинг ҳам Ўзбекистонни севишимга асосий сабабчи бўлган шахс Алишер Навоий. Ўзбекистонга муҳаббатим айрича.

– Айтинг-чи, Туркияда бўлган зилзила ҳақида ҳужжатли фильм суратга олиш ғояси қандай пайдо бўлди?

– Зилзилалар инсониятга доимо зарар келтирадиган табиий офатдир. Туркиянинг зилзилалар ўчоғи эканлигини биламиз. 6 февраль куни Қаҳраманмарашда содир бўлган зилзила атрофдаги ҳудудларга жиддий зарар етказди ва минглаб инсонлар ҳалок бўлди. Дунё мамлакатлари ёрдамга шошилди. Албатта, ёрдампарвар давлатларнинг биринчиси Ўзбекистон эди....

Истанбулда Ўзбекистон билан боғлиқ тадбир, учрашув бўлса, мени таклиф қилишади. Шундай учрашувларни ташкил этадиган, айни миллатнинг бир қозонда қайнашига улкан ҳисса қўшаётган ўзбек турклари талайгина. Шундай йигитлардан бири Саиджон Очиловдир. Саиджон Овакентга биринчилардан бўлиб келган фидойи инсон. 1980 йилдан кейин Афғонистондаги тартибсизликлардан жабр кўрган турк миллатига мансуб бир гуруҳ одамлар Туркияга олиб келинганини билардим. Онадоли ҳамиша қувғинга учраган одамлар учун хавфсиз бошпана бўлган. Мени ўйлантирган масала, урушдан кейин икки марта мажбурий миграцияга учраган бу одамлар Ҳатайнинг Овакент шаҳарчасида аср фалокати саналган зилзила остида қолиб, янги жароҳатни бошидан кечирганлари бўлди. Мақсадим, уларнинг зилзиладан кейинги ҳолатини ҳужжатлаштириш эди. Ўша кунги учрашувда ўзбекистонлик журналист ва режиссёр, “Art tv” фирмаси раҳбари Нодира Қайимова билан танишдим ва бирга ишлашга қарор қилдик. Нодира хоним ҳам мен каби Саиджоннинг ҳикояларидан қаттиқ таъсирланди. Бир ҳафта ичида сценарий ёзилди ва йўлга тушдик. Ҳатайнинг аҳволи жуда оғир эди....

– Овакентлик ўзбекларни суратга олиш майдончасида кўриб, суҳбатлашдингиз, улар ҳақида қандай фикрдасиз?

– Аслида, улар менга жуда таниш, жонга яқин инсонлар эди. Улар мен Самарқандда, Тошкентда, Бухорода яқиндан кўрган одамлардан фарқ қилмасди. Кўп азоб-уқубатларни бошдан кечиришса ҳам, дадил ва жасур, ўта самимий эдилар. Биз улар билан жуда осон мулоқот қилдик. Деярли барчалари ўзбек тилида гаплашишади. Икки режиссёр ва икки оператор иккига бўлиниб ишладик. Шароит оғир, аммо одамлар чиндан-да содда ва самимий эдилар. Бу ишимизни енгиллаштирди.

– Суратга олиш жараёни қанча давом этди, қийинчилик­лар бўлдими?

– Биз жабрдийдалар билан бир ҳафта яшадик, ҳар бир луқмани, муаммоларни баҳам кўрдик. Уларнинг аҳволини тасвирга олар эканмиз, гоҳ ғамгин, гоҳ умидвор бўлдик. Фильм реал шароитда суратга олинди. Фильмнинг Турк дунёси ҳужжатли фильмлар фестивалига киритилиши катта аҳамият касб этди. Бу фильм ҳар икки давлат кино саноатига катта таъсир кўрсатади, деган умиддаман.... Биз ҳақиқат қандай бўлса, тасвирларга шундай михладик. Хаёлий ёки бўрттирма нарса йўқ. Фильмда кўрган тасвирларингиз, кесишган нуқталар, жумлалар бизнинг ҳис-туйғуларимиз эмас, ҳақиқатлардир.

Турк дунёси ҳужжатли фильмлар фестивали жуда муҳим воқеа. Биз учун зилзила ва унинг инсонларга таъсирини ҳужжатлаштириш ўта муҳим эди ва бу ишни уддаладик. Ушбу фильмимиз тарихчилар фойдаланадиган манбага айланиши, шубҳасиз.

– Халқимизга тилакларингиз билан ўртоқлашсангиз.

Ўзбекис­тон менинг ота ватаним. Уруғим, ота-боболарим, момоларим – илдизим шу ерда. Барча ўзбекистонликларга ҳурматимни ва саломларимни йўллайман. Биз тили, дини, қадриятлари ва ўтмиши бир миллатмиз. Ҳамиша бор бўлайлик, бирдам бўлайлик.

Раъно ҲАКИМОВА суҳбатлашди.