June 1, 2023

ТАБИАТНИ БИРГАЛИКДА АСРАЙЛИК

Тошкент Фотосуратлар уйи­да очилган “Табиатни биргаликда асрайлик” деб номланган кўргазма Халқаро болаларни ҳимоя қилиш кунига бағишланди. Тадбирда Ўзбекистонда Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти халқ дипломатияси маркази директори Қобилжон Собиров, ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Мунир Мамедзаде, Беларусь Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Леонид Маринич, Мактабгача таълим агентлиги директорининг ўринбосари Оятилло Раҳматуллаев сўзга чиқиб, бу каби тадбирлар ўсиб келаётган ёш авлодда экологик онг ва маданиятни шакллантиришга, экологик тарбияни ривож­лантиришга хизмат қилишини таъкидлашди.

Мактабгача таълим ёшидаги тарбияланувчиларнинг ушбу кўргазмада иштирокидан асосий мақсад, уларда тасвирий санъатга қизиқишни, табиатни асраш тушунчасини шакллантиришдир. 2023 йилда бутун республика бўйлаб мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчиларининг уч юздан ортиқ ижодий ишлари ушбу кўргазмага келиб тушди.

Тожикистонлик ўқувчилар Омина Қурбонова, Абдуллозода Жалолиддиннинг табиат манзаралари, тошкентлик боғча тарбияланувчилари Солиҳа Холбоева, Имона Акбарова, Нагима Абдусатторованинг атрофмуҳитни покиза сақлашга чақирув каби композицияларида болаларнинг беғубор қалби ифодасини кўрасиз.

Ҳакамлар ҳайъати ғолибларни аниқлаб, уларга “Энг яхши мактабгача таълим муас­сасаси”, “Энг яхши ёш қатнашчи”, “Энг фаол устоз”, “Энг яхши қорақалпоғистонлик қатнашчи”, “Энг фаол вилоят”, “Энг яхши мавзуга оид расм” номинациялари бўйича мукофот ва дипломлар топширилди.

Тадбир доирасида Тошкент шаҳридаги бир қатор давлат мактабгача таълим ташкилоти тарбияланувчилари, Тошкент шаҳрининг “Баркамол авлод” болалар мактаби ўқувчилари ҳамда Тошкент шаҳридаги “Свитанак” беларусь миллий-маданий маркази қошидаги “Ветрик” болалар театр-студияси жамоаси томонидан мусиқа ва рақс дас­турлари намойиш этилди.

С.ҚОСИМОВА тайёрлади.