December 1, 2023

ИЛМ-ФАН ЖАМИЯТГА НУР, ЗИЁ ТАРАТАДИ  

Оқил САЛИМОВ,

академик

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 9 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ташкил топганлигининг 80 йиллигига бағишланган юбилей тадбирларини ўтказишнинг ташкилий чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгилаб берилган вазифаларни амалга ошириш мақсадида юртимизда катта амалий ишлар олиб борилмоқда. Мазкур тантаналарни республика ва халқаро миқиёсда нишонлаш арафасида турибмиз.

Илм-маърифатга юксак эътибор келажакка пойдевор қўйишнинг муҳим омилидир. Таълимга кўп нарса боғлиқлигини ҳаётнинг ўзи кўрсатиб турибди. Дунёнинг илғор ва етук илмий муассасалари билан алоқаларни йўлга қўйиб, ҳамкорликда иш юритаётган Ўзбекис­тон Фанлар академиясининг фаолияти кенг қамровлидир. Илмий тадқиқот институтлари, олий таълим муассасаларининг илмий фаолияти билан бир қаторда ишлаб чиқариш корхоналари ҳам бор. Инсон илм қадрини меҳнати туфайли англайди. Илм-маърифат давлат, жамият ва одамларга хизмат қилсагина аҳамият касб этади.

Давлатимиз раҳбарининг 2016 йил 29 декабрдаги “Ўзбекистон Рес­публикаси Фанлар академиясининг академиклари фаолиятини янада такомиллаштириш ва рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонининг биринчи бандида “Ўзбекис­тон Республикаси Фанлар академия­си, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2017 йил 1 январдан Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоларини Ўзбекистон Респуб­ликаси Фанлар академияси Ҳайъати ва тегишли фан ихтисосликлари бўйича фаолият кўрсатган ҳақиқий аъзоларининг тавсия­сига асосан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланиши тартибини жорий этиш” ҳақидаги таклифи маъқулланиб, Ўзбекистон Рес­публикаси Президентининг 2017 йил 29 декабрдаги “Ўзбекистон Рес­публикаси Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоларини тасдиқлаш тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ, Ўзбекис­тон Рес­публикаси Фанлар академия­сининг ҳақиқий аъзолигига фанлар бўйича: физика-математика (7та), кимё (4та), биология (3та), техника (3та), қиш­лоқ хўжалиги (1та), тарих (2та), иқтисодиёт (2та), филология (2та), юридик (1та), педагогика(1та), тиббиёт (6та), санъатшунослик (1та) – жами 32 нафар олимимиз академиянинг ҳақиқий аъзоси этиб тасдиқланди. Илм-маърифат аҳли ва халқимиз буни самимий қабул қилди.

Юртимиз азалдан илм-маърифат мас­кани, дунё илм соҳиблари назаридаги ўлка. Фаннинг тараққиёт томирлари кенг илдиз отиб, Шарқ ва Ғарбни лол қолдирган Юсуф Хос Ҳожиб, Маҳмуд Кошғарий, Абу Райҳон Беруний, Ибн Сино, Ал-Розий, Ал-Хоразмий, Ат-Термизий, Аҳмад Фарғоний, Алишер Навоий, Камолиддин Беҳзод, Заҳириддин Муҳаммад Бобур сингари ватандошларимиз жаҳон илм хазинасига муносиб улуш қўшгани ҳеч кимга сир эмас.

Марказий Осиё ҳудудида бир маҳаллар гуллаб-яшнаган улкан илм-маърифат, аждодларимиз мероси ўз қадр-қимматини Янги Ўзбекистон шароитида қайтадан топиб, илмга қизиқиш қайта уйғонгани ўз натижаларини бера бошлади. Минтақамизда математика, геомет­рия, география, астрономия, кимё, физика, тиббиёт, тарих, адабиёт ва бошқа соҳалар Биринчи ва Иккинчи Ренессанс даврларида беқиёс ривожланган. Қадим юртимиз билан Рум, Юнонистон, Шом, Ироқ, Бағдод, Ҳиндистон ўртасида илмий-маърифий, маданий алоқалар мунтазам йўлга қўйилган. Буюк бобомиз Мирзо Улуғбек расадхонаси ҳамон жаҳон халқи ва илм-маърифат аҳлининг ҳамда илмсевар ихлосмандларнинг диққат-эътиборини тортиб келади. Баъзан хаёлимдан илмпарвар, улуғ шоир Фурқатнинг: “Кимки, илм-фандан хабардор бўлса, уни халқ қадрлайди ва ҳурмат қилади. Жаҳон илм-фан нурлари билан ёруғ бўлади. Кўнгил билим билан соф бўлади. Кимнинг қўлида шамчироқ бўлса, унинг йўли қоронғида ҳам хатарли бўлмайди”, деган сўзлари ўтади. Ҳа, бу ҳақ гап экани бугунги кунда 80 йиллигини нишонлаётган Фанлар академияси мисолида ҳам ўз тасдиғини топмоқда.

Ўзбекистон ҳудудининг турли жойларидаги расадхона, обсерватория, илм муассасаларида илм-маърифат йўналишида олиб борилаётган ишлар кўлами бугунги кунда жуда кенгайиб кетганини кўриш мумкин. Йиллар ортидан йиллар ўтиб, илм-маърифат соҳасида илмий тадқиқот муассасалари тармоғи ва илмий марказлари шаклланди. Илмий мутахассисларнинг сони кўпайиб бормоқда. Одамларнинг илм-маърифатга қизиқиши кучайиши билан олимлар масъ­улияти ҳам ошиб бориши давр тақозосидир.

Академия ташкил этилишига назар ташланса, ўша пайтларда респуб­ликада илмий тадқиқот ишлари бўйича масъулият ягона ташкилотга бирлаштирилиши ҳамда мувофиқлаштирилиши зарур эди. Буни инобатга олиб, 1932 йил респуб­ликада Фан қўмитаси таъсис этилди. Орадан саккиз йил ўтиб, 1940 йилда собиқ иттифоқ Фан қўмитаси Ўзбекис­тон филиали ташкил қилинди. Ўзбекистон Рес­публикасининг илмий тадқиқот маркази вужудга келтирилди.

Унинг тизимига гео­логия, кимё, ботаника, сув хўжалиги муаммолари ва вақт ўтиб билан нергетика, тил ва адабиёт, тарих ва археология инс­титутлари, шунингдек, тупроқшунослик, зоология, физика-математика секторлари, Тошкент астрономия расадхонаси, Қашқадарё вилоятидаги (Китоб кенг­лик станцияси билан ҳамкорликда) иқтисодий тадқиқотлар ва харитаграфия бюроси киритилди. Респуб­ликамизда 1943 йили 4 ноябр­да ЎзФАН асосида Ўзбекис­тон Фанлар академияси (ЎзФА) ташкил килинди. Оғир йиллар бўлишига қарамай, илм-фанни ривожлантириш учун ҳукумат томонидан жиддий эътибор қаратилди.

Юртимизда математика мактабига асос солган олим Т.Н.Қори-Ниёзий Ўзбекистон Фанлар академияси раҳбарлигини бошлаб берди. Академиянинг илк йиғилишида Т.Н.Қори-Ниёзий президентликка сайланди. Ўша даврнинг манбаларида қайд этилишича, академиянинг таркибида 11та ҳақиқий, 18та мухбир, учта фахрий аъзо бўлган. Шунинг­дек, мавжуд 19та илмий тадқиқот институти, 23та илмий марказ, 11та музей ва 6та бош­қа илмий ташкилот ва муассасаларда икки юз ўн нафар илмий ходим, шу жумладан, йигирма саккиз нафар фан доктори, саксон нафар фан номзоди илмий фаолият олиб борган.

Ўзбекистон Фанлар академияси илмий муассасалари тадқиқот тармоқлари бўйича асосан 5та бўлим бирлаштирилиб, мунтазам фаолият юритган. Булар: физика-математика фанлари; механика ва бошқариш жараёнлари; информатика; кимё-технология ва ер тўғрисидаги фанлар; биология фанлари; ижтимоий-гуманитар фанлари бўлимларидан иборат бўлган. Шу жумладан, Ўзбекистон Фанлар академияси тизими таркибида Қорақалпоғистон филиали фаолият кўрсатади. 1959 йилдан бошлаб академия таркибида 3та ишлаб чиқариш бирлашмаси, 38та илмий тадқиқот муассасаси, шундан 34таси пойтахт Тошкентда бўлиб, марказий кутубхона, 6та лойиҳалаш ташкилоти, битта ихсослашган хўжалик ҳисобидаги институт, 3та тажриба корхонаси ва “Фан” нашриёти изчил фаолият юритган. Академия йил сайин ички имкониятлардан келиб чиқиб, тараққиёт сари одимлади. Мус­та­қилликка эришилган йилдан бош­лаб, 1991 йилги манбалар бўйича Фанлар академия­си таркибида 48 нафар акдемик, 95 нафар мухбир аъзо ҳамда 4055 нафар илмий ходим (358 нафари фан доктори, 2047 нафари фан номзоди) фаолият юритганини манбалар орқали биламиз. Фанлар академия­сида ўша даврда 11та илмий ва битта илмий-оммабоп журнал чоп этилган.

Академия ташкил этилиши билан ўзимиздаги ва унинг чет эллари­даги аъзолари, шунингдек, унинг таркибидаги илмий ходимлар ва соҳа мутахассислари бир жойга тўпландилар. Уларнинг олдига қўйилган аниқ мақсад ва вазифалар мамлакатимизда халқ ва қишлоқ хўжалиги, илм-маърифат, фан-техника йўналишига тааллуқли бўлган соҳаларда давлат сиёсатини амалга оширилишини ҳар жиҳатдан таъминлашдан иборат эди.

Айниқса, давлат ва жамият тараққиётини ҳамда халқ фаровонлигини кўзлаб, соҳани олис истиқболли режалар бўйича фундаментал илмий тадқиқот ва етук технологиялар билан мустаҳкамлаш ҳамда ривожлантиришнинг устувор стратегиясини аниқ белгилаб, амалий ишларни юритиш долзарб масалага айланди. Республикамизда халқ ва қишлоқ хўжалиги, чорвачилик, тиббиёт, маданият, энергетика ва автоматика, математика, химия, Ўрта Осиё геология ва минерал хом ашёси, ўрмон хўжалиги, деҳқончилиги ва бошқа соҳаларга боғлиқ институтлар фаолияти йўлга қў­йил­ди. Ўша даврдан бошлаб халқ ва қишлоқ хўжалиги соҳалари ҳамда ишлаб чиқариш саноати фаолиятига муносабат ўзгариб, муаммо ва ечимларга илмий жиҳатдан ёндашишга киришилди. Академия ташкил қилиниб, орада ўтган йиллар мобайнида нафақат ўзимизда, балки жаҳон фан-техникасининг турли соҳаларида улкан ютуқларга эришган академик ва илм-маърифат соҳибларимиз етишиб чиқди. Т.Н.Қори-Ниёзий, Т.А.Саримсоқов, Т.З.Зоҳидов, Ҳ.М.Абдуллаев, У.А.­Орифов, О.С.Содиқов, П.Қ.Ҳабибуллаев, М.С.Салоҳитдинов, Ш.Салихов каби фидойи олимларимиз Фанлар академиясига етакчилик қилдилар. Ҳозирги кунда академик Беҳзод Йўлдошев Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Президенти лавозимида самарали фаолият олиб бормоқда.

Ўша даврдаги дунё тан олган олимларимизнинг ихтиро ва ишланмалари ҳозирги кунга қадар давлат ва жамиятга хизмат қилиб келаётгани ҳамамизга маълум. Уларнинг қаторида яна кўплаб номларни тилга олиш мумкин. Собиқ иттифоқ даврида ҳам Фанлар академияси қошида йирик илмий-амалий ишлар амалга оширилгани ҳам сир эмас.

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси академиклари, академия мухбир аъзолари фаолиятига эътибор берсак, уларнинг буюк хизматлари нафақат жамият, давлат ва халқ учун, қолаверса, инсоният учун фойдали илмий ишлар эканини биламиз. Ўзбекистонлик Фанлар академиясининг аъзолари ҳозиргача 180 нафардан зиёд эканини манбалар тасдиқлайди. Ўзбекистон Фанлар академияси фидойилари ҳар бир даврда илм-фанга қўшган ҳиссалари билан жаҳон майдонида ўз мавқеига эга бўлганини дунё илм аҳлидан тортиб, илм қадрини биладиган оддий инсонларгача эътироф этиб келганлар.

Собиқ иттифоқ даврида илм-фан соҳасида ўзбек олимларининг ўзига хос нуфузи ва мавқеи дунёда сарбаланд эди. Уларнинг ҳар бирининг номи жаҳон минбарларида баралла янграб турганини инкор этиб бўлмайди. Орадан йиллар ўтди. Ҳар бир республика ўз давлат мус­тақиллигига эришди. Маълум муаммо ва инқирозлар юз берди. Бошқа респуб­ликаларда ҳам Фанлар академия­лари инқироз ва қийин­чиликларга дуч келди. Жумладан, бошқа соҳалар каби республикамиз Фанлар академиясида ҳам шундай ҳолат рўй берди. Бунинг олдини олиш учун кейинги йилларда давлатимиз раҳбари эътибори билан маълум чоралар кўрилиб, жиддий ишларга киришилди. Бугун орамизда илм-фан соҳасида фаолият олиб бораётган академикларни ҳам дунё олимлари ҳурмат билан тан олиб келишмоқда. Академия таркибидаги илмий муассасалар ўша даврларда Қозоғис­тон, Қирғизистон, Туркманистон, Тожикис­тон, Россия, Украина, Беларусь, Арманистон, Грузия, Озар­байжон каби собиқ республикалар ва АҚШ, Япония, Германия, Англия, Франция каби хорижий давлатлар фанлар академия­лари, таълим муассасалари билан мунтазам илмий, техника йўналиш­ларида ҳамкорлик қилиб келган. Айни пайт­да Ўзбекистонда хорижий мамлакатлар билан халқаро илмий ҳамкорликни ривожлантириш, халқаро миқёсда республикамиз илм-фани нуфузини юксалтириш учун амалий ишлар қилинмоқда. Мамлакатимизда фидойилик билан меҳнат қилаётган олимлар ёш авлодга илм-маърифат, илму зиё тарқатиб келмоқда. Акаде­миклар С.Искандаров, ­Ш.Аюбов, Р.Мўминов, С.Неъ­матов, А.Аляви, ­Т.Арипова, Ф.Иноятова, Н.Юсуп­беков, С.Баҳ­ромов, Қ.Аллаев, А.Мама­­да­лимов, Қ.Абдураҳ­монов, А.Саъдул­­лаев, А.Асқаров, С.Зайно­бид­динов, Б.Зари­пов, А.Аъзамов, А.Саидов, Р.Жў­раев, Ф.Назиров, Х.Игамбер­диев, М.Мир­саидов, А.Эгам­бер­диев, И.Абду­­раҳ­монов, С.Ғу­ло­мов, Р.Қур­­­бонов ва бош­қа­лар­­нинг илм саҳ­на­сида ўз ўринлари бор.

Юртимизда турли соҳадаги илм соҳибларининг номларини ҳурмат билан эътироф этиш фахрлидир. Илм соҳиблари бўлган дўстларим билан гоҳида учрашиб, гоҳида телефон орқали суҳбатлашиб тураман. Суҳбатимиз дунё ва юртимиздаги шиддатли ўзгаришлар, юксалиш босқичи, илм-маърифат, маданият ва бошқа мавзуларда кечади. Бу академикларимиз илм-фан ривожини таъминлаб, инновацион жараёнларни ҳаётга татбиқ этиб, амалга оширилаётган ислоҳотларнинг теран маъно ва моҳиятини, бугунги даврдаги илм-фан ва технология ютуқларини ёшларга етказишда муносиб хизмат қилиб келишмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 30 декабрда мамлакатимиз илмий жамоатчилиги вакиллари билан учрашувидаги маърузасида фахр-ифтихор билан: “Мен доимо зиёли, олим, ижодкор инсонлар билан суҳбатлашишга интиламан ва бундай мулоқотларни ҳамиша соғинаман. Нега десангиз, олимлик Аллоҳ нурини солган улуғ бир мартаба. Бу мартабадан жамиятнинг бутун вужудига нур, зиё таралади. Олимларнинг суҳбатидан инсон ўзига беқиёс маънавий бойлик олади, қалб кенгликларини, тафаккур теранлигини ҳис қилади”, деган пурмаъно сўзлари ҳар қандай кишини тўлқинлантириб юбориши табиий.

Юртбошимиз мазкур йиғилишда республика ижтимоий-иқтисодий ривожида илм-фаннинг беқиёс нуфузи ғоят юксак ва аҳамиятли эканини таъкидлаб, бу борада ҳукумат биринчи навбатда Фанлар академия­си ҳамда салоҳиятли олим­ларга ишониб, уларга таяниши, фан ва ишлаб чиқаришда ҳамкор­лик нақадар зарурлигини қайд этиб ўтганди.

Кейинги йилларда Янги Ўзбекистонда илм-фан соҳаларига кенг кўламли йўллар ва имконият эшиклари очиб берилди. Фанлар академияси қайта жонланди. Бугун республикамизда математика, физика, астрономия, кимё, география, геология, биология, қишлоқ хўжалиги, тиббиёт, иқтисодиёт, фалсафа, педагогика ва психология, тарих, адабиётшунослик, тилшунослик, ҳуқуқшунослик, санъатшунослик сингари фанлар, шунингдек, истиқлол даври адабиёти қисқа давр ичида барча фан ва соҳалар қаторида ривожланиб бормоқда. Айниқса, фундаментал, амалий тадқиқотлар ва инновацион ишланмалар, илмий лойиҳалар амалга оширилиб келинаётганига гувоҳи бўлиб турибмиз.

Фанлар академияси таркибидаги ташкилот, муассасалар илмий ишлаб чиқариш корхона, илмий текшириш муассасалари билан ҳамкорликда иш олиб бориши самарали натижаларга йўл очди. Шунинг­дек, ёш тадқиқотчи ва олимларимиз халқаро илмий ҳамкорликдаги ло­йи­ҳа­ларда фаол иштирок этиб, улкан ютуқ ва натижага эришиш учун интилаётир.

Президентимизнинг Фармони билан тасдиқланган Ўзбекистон Рес­публикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси муҳим аҳамиятга молик. Унда таълим хизматлари турларини кўпайтириш ҳамда уларнинг сифат ва самардорлигини ошириш, таълимда инклюзив жараёнларни ҳар жиҳатдан ривожлантириш, адаптив технологияларни жорий қилиш каби масалалар ҳам назарда тутилган. Ўз навбатида, концепцияни амалга оширишнинг йиллик “Йўл хариталари”да муҳим кўрсаткичлар эътиборга олинган. Юртбошимиз ҳар бир нутқида таълим, илм-маърифат ва тарбия хусусида сўзлаганида, албатта, биринчи галда сифат, самара ва натижадорлик эътиборга олинади. Ҳар бир қилинган саъй-ҳаракатнинг натижаси, реал ютуғи, яъни самараси сифатга боғлиқлигига урғу берилади.

Таълим сифатини ошириш Янги Ўзбекистон тараққиётининг ягона тўғри йўлидир. Республикамизда таълим жамият, давлат ҳамда инсон капитали ресурси тараққиётининг муҳим ва теран пойдевори ҳисобланади. Мамлакатимизда илм фидо­йиси бўлган мураббий-ўқитувчилар, изланувчан олимлар, илм соҳиблари келажакда илмий тадқиқот йўналишлари доирасида респуб­ликамизда ўз билими ва малакасини ошириб, ҳаётий тажрибани қўлга киритади.

Ўзбекистон Республикаси ­Президентининг 2019 йил 30 август­даги “Ёшларни илм-фан соҳасига жалб этиш ва уларнинг ташаббус­ларини қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”, 2023 йил 3 июлдаги “Маъмурий ислоҳотлар доирасида олий таълим, фан ва инновациялар соҳасида давлат бош­қарувини самарали ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорлари билан Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳузурида Ёшлар академияси фаолият юрита бошлагани улкан манзиллар сари йўл очади. Ёшлар академиясига ўзларининг инновацион лойи­ҳалари ва ғояларига эга иқтидорли ёшлар ва талабалар, 40 ёшгача бўлган олимлар ва тадбиркорлар жамоа шаклида танлов асосида қабул қилинади. Ёшлар академияси платформалари “Ғоялар генераторлари”– Ёшлар академиясининг асосий йўналиш­ларига тегишли бўлган маълум бир муаммонинг ечимига қаратилган инновацион ғояга эга жамоа­лар платформаси ҳисобланади. “Стартаплар”, “Бизнес вакиллари”, “Бўлажак академиклар” шулар жумласидандир. Шу ўринда айтиш жоизки, салоҳияти етук ёшлар академия аъзолигига қабул қилиниши ўрнатилган тартиб ва қоидаларга асос­ланиб амалга оширилади.

Янги Ўзбекистонда Учинчи Ренессанс пойдеворини яратиш замонавий ишлаб чиқариш ва илм-фан ҳамда технологиялар яратиш, рақобатбардош, сифатли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ривожлантириш билан бевосита боғлиқ. Бу олимларимиздан катта масъулият талаб этади. Инсонни изланиш, меҳнат қилиш янги манзилларга чорлайди. Барча муас­са­саларга босқичма-босқич янги технология кириб келиши тараққиётнинг миллий юксалишидан дарак бермоқда. Эски тизимни даврнинг шиддатли оқими инкор этишини ҳаётнинг ўзи кўрсатди. Янги илмий ишлар порлоқ келажакка фақат ундаб қолмай, фаровон яшаш учун муҳим омил бўлиши шубҳасиздир.

Мамадали ЭРОНОВ ёзиб олди