ДАНТЕ АЛИГЬЕРИ
Данте Алигьерининг таржимаи ҳолида, одатда, уни шоир деб ёзадилар, аслида эса, унинг адабиёт тарихидаги ўрни бундан юксакроқдир. У моҳиятан, замонавий итальян адабий тилининг асосчиси ҳисобланади. Унинг тўлиқ номи қуйидагича – Дуранте дельи Алигьери.
Данте Алигьери ҳаёти ва ижодий фаолияти давомида кўплаб асарлар яратган, аммо улар орасида энг машҳури, шубҳасиз, “Илоҳий комедия”дир. Муаллифнинг ўзи уни шунчаки “Комедия” деб атаган. “Илоҳий” сўзи эса, машҳур адиб Жованни Боккачо томонидан қўшимча қилинган.
Шоирнинг на туғилган санаси, на таълим олган жойи маълум эмас. Аммо Данте Алигьерининг ёшлигида антик ва ўрта асрлар адабиётини, аниқ фанларни синчиклаб ўқиб-ўргангани аниқ. Шунингдек, у илоҳиётдан, ўша давр Италиясида мавжуд бўлган кўплаб диний қоидалар ва бидъатлардан хабардор бўлган.
Шоирнинг, фаол сиёсий арбоб сифатида, душманлари ҳам етарлича бўлган. У аъзо бўлган партия навбатдаги сайловларда мағлубиятга учрагач, Флоренциядан қувғин қилинади. Флоренцияликлар қўлига тушса, қатл этилиши расман маълум қилинади. У узоқ йиллар Европа бўйлаб саргардон кезади ва ҳеч қачон она шаҳрига қайтолмайди. Ўзининг “Илоҳий комедия”сини ҳам ғурбатда ёзган эди.
Дантенинг пинҳона муҳаббати соҳибаси Беатриче Портинари бўлган, аммо бу қизнинг хаёлига ҳам келмаган. Шоирнинг тасдиқлашича, у қизни гоҳида кўриб қолар ва ҳаётда у билан фақат икки мартагина суҳбатлашган – 9 ва 18 ёшлигида. Ўз ҳиссиётларини сездириб қўймаслик учун шоир бошқа хонимларга кўпроқ эътибор қаратган. Беатриче бошқа йигитга турмушга чиқади ва эрта вафот этади, аммо унинг қиёфаси “Илоҳий комедия”га сезиларли таъсир кўрсатган.
Шоир ҳисоб-китоб билан оила қуради ва учта фарзандли бўлади. Данте Алигьери Флоренциядан қувғин қилинганда хотини ортидан бормайди, болалари билан уйида қолади. Эр-хотин орасидаги муносабатлар совуқроқ бўлгандир, эҳтимол, чунки шоир хотинини бирор асарида ҳатто эслаб ҳам ўтмаган.
“Илоҳий комедия”га кўра, Дантенинг назарида энг оғир гуноҳ – сотқинликдир. Унинг асаридаги дўзах тасвиридан кўринадики, ҳатто қотиллик ҳам сотқинликдан кўра енгилроқ гуноҳ.
Ўша даврда Италия бир неча князлик ва республикаларга бўлинган эди, уларнинг ҳар бирининг ўз шеваси бўлган. Данте Алигьери Тосканияда туғилгани учун у тосканча шевада асрлар ёзган. Айнан шу асарлар замонавий итальян тилига асос бўлган.
Данте Алигьери бир умр зоҳидона ҳаёт кечирган. “Илоҳий комедия” ва бошқа асарларида муаллиф судхўрлардан нафратланади, уларнинг қарз бериб, устама олишларини қоралайди.
Флоренция ҳукумати 2008 йилда Дантенинг умрбод қувғин қилинганини, гарчи орадан 890 йил ўтган бўлса-да, расман бекор қилиш ҳақида қарор чиқаради. Жамоатчилик бу қарорга норозилик билдиради – буни сайёҳларни жалб этиш учун тижорий ўйин, деб баҳолайди.