June 15, 2023

«ЁҒОЧГА НАҚШ ЭТИБ...»

Ўзбекистон Бадиий академиясининг “Академия” галереясида очилган Абдуғани Жумаевнинг “Ёғочга нақш этиб боқий сир, маъво” деб номланган кўргазмаси Ўзбекистон халқ рассоми Ортиқ Файзуллаевнинг ёрқин хотирасига бағишланди. Унда устанинг ҳаёти ва ижодини тараннум этувчи элликка яқин фотосуратлар намойиш этилмоқда.

Уста умрининг қарайб етмиш йилини ёғоч ўймакорлиги санъатига бағишлаган. У мамлакатимизда барпо этилган кўплаб биноларни ёғоч ўймакорлиги йўналишида безашда иштирок этди. Зеро, ёғоч ўймакорлиги соҳасининг ривожида, дунёга танилишида Ортиқ Файзуллаевнинг катта ҳиссаси бор. У ислимий ва паргорий нақшлардан кенг фойдаланиб, миллий анъаналарга содиқ қолган ҳолда хонтахта, чорпоя, сандиқ, ширма ва лавҳлардан иборат буюмлар ишлади. Уста меҳр билан яратган лавҳлар тўплами ёш усталарга мактаб вазифасини ўтайди. Устани ижод устида ёки шогирдлари даврасида, шунингдек, турли ракурсларда суратга туширган фотограф меҳнати эътирофга лойиқ. Мазкур кўргазма ёш авлодни нафақат таниқли уста ҳаёти билан таништиради, балки фотографнинг одамларга чексиз меҳр-муҳаббатини ҳам кўрсатади.

Сарвара ҚОСИМОВА