ТАРАҚҚИЁТ АСОСИ ИЛМ ВАҚАТЪИЙ ИНТИЗОМДА
– Гапни бизга яратилган шарт-шароитлардан бошлайлик, ана шунда ҳаммаси аниқ-равшан бўлади, – деди устоз технология хоналарини бирма-бир кўрсатар экан. – Бизга ажратилган синфхоналар учта. Бири қизларнинг ҳунар ўрганишига мўлжалланган.
Шароитни кўриб лол бўлиб қолдим.
– Илгарилари ихтисослигимиз “меҳнат ўқитувчиси”, деб белгиланган, – тушунтирди домла. – Биз ўтадиган “меҳнат дарслари” эса, устоз-шогирдлик анъаналарига кўра ўтиларди. Муайян дарслик ёки қўлланма бўлмаган. Мустақилликдан кейин “меҳнат” бу шунчаки оддий ҳунарлар мажмуаси эмас, балки кичик тадбиркорликнинг, демакки, тараққиётнинг мустаҳкам пойдевори сифатида ҳам “илм”, “фан” сифатида қабул қилинди.
Синфхоналарни кўздан кечирамиз. Таъмирлашга халақит бермаслик учун ўртага жамланган парталар устида турли ўлчамдаги ҳар хил буюмлар... Улар орасида қамчи, эгар, бешик, лавҳ, чолғу асбоблари сингари одатдагидан ташқари ашёлар ҳам борки, ҳайратланасиз: “Наҳотки, пойтахт мактабларининг ўқувчилари шундай нарсалар ясашса?” Ўроқ, болға, болта, кетмон, хаскаш, шоха, дурадгорлик асбоблари дейсизми, жажжи вертолёту самолётчалар... қишлоқ хўжалигини “ипидан-игнасигача” акс этирадиган минг бир ашё... эҳ-ҳе, нималар йўқ дейсиз бу ерда. Қирқ ҳам гапми, нақд етмиш етти ҳунарни ўрганса бўлади. Синфхона деворларига кўргазмали қуроллардан тортиб техника ва санитария-гигиена, устахона тартиб-қоидаларигача, турли хил чизмалару жадвалларгача илинган. “Г” шаклида ўрнатилган устахона жавонларидан ёғоч ва металга ишлов берадиган асбоб-ускуналар жой олган.
– Шогирдлар барака топсин, – дейди Маъмуржон Акрамович, – таътил бўлишига қарамай, парталарни силжитиш, буюмларни тартиб билан жойлаштириш сингари куч талаб қиладиган барча таъмиролди ишларига кўмаклашиб юборишди. Мана, ҳозир электрон доскани ўрнатиш учун шогирдлардан бири ёрдамга келяпти.
– Уста бўлиб қолишибди, – дейман ўқувчилар томонидан ясалган мўъжазгина чолғу асбобларини кўздан кечириб. – Беихтиёр болалигимни эсладим, домла. Сумкамга сиғадиган ихчамгина рубоб ясаб, меҳнатдан “5” баҳо олганман. Дурадгорлик, ёғоч ўймакорлик ишлари жону дилим. Қандайдир уйлар қургим келарди. Журналист бўлмасам, меъморми ё уста дурадгор бўлишим аниқ эди.
– Ҳа, нимасини айтасиз, – дейди домла, – устачилик ҳам ижод, ўзига яраша завқи бор. Ёзги таътилда ўқувчиларимиз маҳалладаги новвойхона, сартарошхона, устахона ё цехларда мактабда олган ҳунарларини мустаҳкамлайдилар. Тадбиркорлар билан ўзаро келишганмиз. Ишлаб чиқариш харажатларидан орттиролса, бир-икки сўм қўл ҳақи беришади. Бўлмаса, ёшларнинг бандлигини таъминлаб, завқини сўндирмай туришади.
Дарвоқе, Чилонзор туманидаги 217-мактабнинг технология фани ўқитувчиси Маъмуржон Рисхиев Хирмонтепа ва Қаъни маҳаллалари ёшлари учун нафақат кекса педегог, балки “дода” ҳамдир. Чунки домла каттаю кичикни бирдек ўзига тенг кўриб муомала қилади. “Болам, бўтам”, дейди. Мактабдан ташқари ҳолатларда – чойхона, тўй-маърака, таъзия... ва ҳатто масжидда ҳам маҳалла-кўй ғамини ейди. Қайси хонадоннинг келини аразлаб кетган, кимнинг боласи бевошроғу уларни кимнинг қўли билан тўғри йўлга солиш мумкинлигини яхши билади. Мактабдаям ўқитувчилар керакли бирор ускунани сўраб келса бермаслиги мумкин, аммо ўқувчиларига доим катта ишонч билдиради. Мабодо бола ёшлик қилиб устозининг омонатини синдириб-нетиб қўйса ҳам ғазаб билан: “Бор, отангни чақир, пулини тўласин!”, демайди. Аксинча: “Хато қилмасанг, қилаётган ишинг хатолигини қаердан биласан, болам. Хато қилишдан қўрқма ва айбингни яширма. Синган бўлса, яхши бўпти. Энди сен билан шу ускунани ясашни ўрганамиз”, дейди. Боланинг рангига қон югуриб, меҳри ортади. Ҳатто энг безори болалар ҳам мактаб деразасини синдириб, ё сув жўмрагини бузиб қўядими, қандайдир харажатталаб иш қилиб қўйса, дарҳол Маъмуржон домла билан ишга киришади. Хатосини тузатиш жараёнида, табиийки, устозини яхши кўриб қолади ва ўз-ўзидан унинг айтган сўзидан чиқмайдиган бўлади.
Ҳа, ўқитувчилик унинг қонида бор. Ўрганганларини ўз тажрибаси билан бойитиб, турли муаммоларга ўзига хос ечим топиши шундан. Масалан, ободонлаштириш бўлими ходимлари билан келишган, маҳалладан чиқаётган темир парчалари, ёғоч бўлаклари ё қалинроқ шох-шаббами, буюм ясашга арзигулик неки учраса, ундан хомашё сифатида фойдаланади.
– Тараққиётнинг асоси маданият, яъни илм ва одоб-ахлоқдан иборат, – дейди домла. – Илм ҳамда одоб-ахлоқнинг асоси эса, қатъий интизомдир. Масалан, Япония тараққиётига асос бўлган япон таълим тизимини олайлик. Бошланғич синфларда ўқувчилар фақат одоб-ахлоқни ўрганадилар. Автобусда юриш-туриш, кексаларга иззат-ҳурмат кўрсатиш, орасталик одоби ва экологик маданиятга оид минглаб муаммолар дарсда саҳналаштириб кўрсатилади. Инсон хулқ-атворидаги арзимас нуқсонлар юзага келтириши мумкин бўлган беҳисоб майда-чуйда муаммолар болаликданоқ йўқ қилинади. Шунинг учун ҳам арзимас муаммолар кейинчалик япониялик ҳаётида умуман учрамайди. Одоб-ахлоқ, тартиб-интизом кўникмаси шакллангач, ҳар қандай мураккаб илмни ўқувчининг қулоғига осонгина қуйиб қўядилар-да.
Бу жиҳат Маъмуржон Рихсиевнинг иш услубида ҳам кўзга ташланади. Аммо қатъий тартиб-интизом ўрнатиш учун керагидан ортиқ қаттиққўллик ҳам, кўнгилчанлик ҳам қилмайди. Чунки иккала ҳолат ҳам акс натижа беришини у жуда яхши билади ва ҳамиша меъёрни – олтин оралиқни маҳкам ушлайди. Хўш, кекса педагог буни қандай уддалайди?
Аввало, бошланғич синфда ўқитган устозларидан ҳар бир боланинг ижтимоий келиб чиқиши, феъл-атвори, алоҳида хусусиятлари ҳақидаги маълумотларни эринмай ўрганади. Айтиб бўладими, бирортасининг касали борми, ё етим-есирми… билиб-билмай, кўнглига тегиб қўйишдан эҳтиёт бўлиш лозим. Шундай ҳоллар учрайдики, боланинг ота-онаси уни бувиси ё холаси, ё бошқа бир қариндошига ташлаб, хорижга ишлашга кетган бўлади. Истайсизми-йўқми, бундай вазиятда боланинг қўлига мўмай пул тегади. Тарбияси ўзгариб, васийларига бўйсунмай қўяди. Энди у ҳамма нарсани пул билан ҳал қилиш мумкин, деган хаёлга бориб қолади. Демакки, мактаб ёшиданоқ бола психологиясида коррупцияга мойиллик шаклланиши мумкин.
Хўш, бундай вазиятда нима қилиш керак? Меҳнат, умуман, ижодий бандлик завқи ҳар қандай иллатнинг илдизини кесишига қатъий ишонган Маъмуржон ака маълумотларни диққат билан ўргангач, эндигина 5-синфга ўтган ҳар бир ўқувчи билан ҳам индивидуал, ҳам жамоавий усулда ишлай бошлайди. Худди шу ёшда қаттиққўллик билан бола кўнглига тўғри йўл топилса, олтинчи синфга келиб улар устознинг тартиб-қоидаларига анча-мунча мослашиб, ўқитувчини ўз отаси ё бобосидай кўра бошлайди. Еттинчи синфга келганда эса, аллақачон ҳунар завқини туйиб, ўзига бу лаззатни туйиш бахтини берган устознинг чинакам дўсти, қадрдонига айланади. Нафақат мактаб даврида, ундан кейин ҳам бундай дўстона муносабатлар бир умр сақланиб қоладики, оддий ўқитувчи – Маъмуржон Рисхиевнинг ҳаётида бунга ўхшаш мисоллар кўп. Хуллас, шогирдларининг кўнглидан чиқиб, уларга ниманидир ўргатиш учун қўлидан келганини қилади. Айни пайтда ҳам кўпқаватли уйларда яшаётган ота-оналар илтимосига кўра, таътилдаги ўқувчилари билан амалий машғулотлар олиб боряпти.
Тирноқ катталигидаги жимит лавҳни кўрсатиб сўрайман:
– Бу нимага ярайди? Каттароқ қилиб ясашса бўлмасмиди?
Маъмуржон ака мийиғида кулади.
– Албатта, олдин каттароғини ясашган. Бундай майда буюмларни ясаш асабийроқ болаларнинг асабини мустаҳкамлашга хизмат қилади. Назокатли, эҳтиёткор, ва албатта, сабр-бардошли бўлишга ҳам ўргатади.
Стол-стуллар, асбоб-ускуналар, буюмлар, синфхонада нимаики бўлса, барчаси рақамланганини кўриб, тағин сўрайман: “Бунинг сири нимада?”
– Болани дўқ-пўписа билан мажбурлаб эмас, беихтиёр интизомга ўргатишнинг энг осон йўли шу, – дейди Маъмуржон ака. – Бола синфга киришдан олдин ўз рақамини билади ва ўша рақамдаги стол-стул, асбоб-ускуналардан фойдаланади. Дарсма-дарс, чоракма-чорак ишлаб чиқилган режага асосан ясалиши кўзда тутилган ашёларнинг ўлчамлари, чизмалари олдиндан тайёрлаб қўйилган. Биров бировга халал бермай, навбатма-навбат ҳар ким ўз ишини бажаришга улгуради. Охирги ўн дақиқада ҳар бир ўқувчи ўз иш ўрнини тозалаб, танаффусга ҳозирлик кўради.
Ўқитувчининг йигирма йиллик иш дастурини кўриб, 2022 йили Президент фармонига асосан Маъмуржон Рисхиевга “Меҳнат шуҳрати” ордени берилгани бежиз эмас экан, деган хулосага келдим. Дарвоқе, домла 1998 йил “Ўзбекистон халқ таълими аълочиси” унвони, 1999 йилда эса “Шуҳрат” медали билан ҳам муносиб тақдирланган. Унинг ўқувчилари кўп йиллардан буён технология фанидан ўтказиладиган “Ёш конструкторлар” кўрик-танловларида фаол қатнашиб келади. Ўтган йили Сирожиддин Зикриллаев мазкур танловнинг “Совуқ металга ишлов бериш технологияси”, Иброҳим Тўлеганов “Ёғочга ишлов бериш технологияси”, Абдуллоҳ Обидов “Электротехника ва электроника” йўналишлари бўйича юқори натижалар кўрсатди. Шоҳжаҳон Самадов ҳамда Нурмуҳаммад Қаюмов сингари шогирдлари айни пайтда Америкада таҳсил олмоқда.
– Илк Европа мактаблари қандай бўлган? Хусусан, Россияда? Биласизми? – кутилмаганда мендан сўрайди Маъмуржон ака. – Сўнг жавобимни кутмай давом этади. – Қизлар пишир-куйдир, тикиш-бичиш, табобат, чорвачилик ва деҳқончилик, умуман, кундалик рўзғор юмушларини ўрганиб, оилавий ҳаётга тайёрланишган. Йигитлар бўлса, камон отиш, чавандозлик, қилич ўйнатишни ўрганишган. Ўша замон талабига кўра, юртни ташқи тажовузлардан ҳимоя қилиш ва кун кечириш зарурати ҳисобланган одатий илмлардан хабардор бўлиш кифоя қилган. Ана шу илмни берадиган масканлар илк мактаблар ҳисобланган. Шарқ халқларида, жумладан, ўзимизда ҳам ёш авлодга диний, дунёвий билимларни ўргатадиган мадрасалар дастлабки мактаблар вазифасини бажарган. Вақт ўтиши билан замон талаблари билан бирга, мактабларнинг ўқитиш мезонлари ҳам, қиёфаси ҳам тубдан ўзгариб, ҳозирги кўринишга келган.
Тан олиш керак, мустақилликкача жисмоний тарбия, меҳнат, яъни технология фани ўқитувчиларига бугунгидек жиддий эътибор қаратилмаган. Тараққиёт тезлашиб, замонавий технология инсон меҳнатини енгиллатгани сари тобора мураккаб технологиялар билан уйғунлашаётган миллий ҳунармандликни ҳам илм деб қабул қилиш, пухта ўрганиш ва ўргатиш зарурати пайдо бўлди. Бошқа соҳа вакиллари каби бу соҳа вакилларига ҳам янгича нуқтаи назар билан, ўрта бизнес ва кичик тадбиркорлик субъектларининг пойдеворини мустаҳкамловчи жамиятнинг муҳим бўғини сифатида қарала бошланди. Миллий ҳунармандлик, дурадгорлик, темирчилик, ҳатто электроникага қизиқадиган аёл ўқитувчилар етишиб чиқди. Маъмуржон аканинг энг ишонган шогирдларидан бири, Чилонзор туманидаги 217-мактабда ўғил болаларга технология фанидан сабоқ бериб келаётган Маҳбуба Исломова ана шундай педагоглардан. У устози ва мактаб ишончини оқлаб, ўз синфидаги ўқувчиларнинг тарбияси билан, керак бўлса, уйма-уй юриб шуғулланмоқда.
Кейинги сафар, албатта, устознинг Маҳбуба Исломова сингари шогирдлари билан суҳбатимизни давом эттирамиз.