“ТАРИХИНГДИР МИНГ АСРЛАР...”
Пойтахтимиздаги Марказий кўргазмалар залида очилган “Тарихингдир минг асрлар...” деб номланган кўргазма рассом Раҳимжон Ризамуҳамедов таваллудининг етмиш йиллигига бағишланди. Рассом устозлар анъаналарини давом эттириб, замонавий тасвирий санъатга катта ҳисса қўшаётган ўзбек рангтасвирининг пешқадам вакилларидан бири. Эзгуликка, инсонийликка даъват рассом ижодининг асосий тамойили, десак муболаға бўлмас. Экспозициядан ўрин олган икки юздан зиёд асар турли йилларда чизилган бўлса-да, ҳали-ҳануз санъат мухлислари эътиборини тортиб келмоқда.
Р.Ризамуҳамедов мойбўёқ ва гуашда бирдек маҳорат билан ишлайди. Унинг ҳар бир асари ўзига хослиги ва чизилиш тарихи билан эътиборни тортади. “Оқтошда олтин куз”, “Бу менинг қўшиғим”, “Олтин Оқтош”, “Кумушконда баҳор” каби асарларида тоғлар, дарё ва атрофдаги яшиллик, тиниқ ҳаво – ҳаммаси тўйинтирилган ёрқин рангларда ишланган. Рассом ижодида портрет ва натюрморт жанридаги асарлар салмоқли ўринни эгаллайди. “Уста Усмон Зуфаров”, “Абдулла Қодирий” сингари портретларида қаҳрамонларнинг самимий нигоҳи, либоси ва ёндош унсурлар орқали давр қиёфаси акс эттирилган.
Устоз рассом Амир Темур ва темурийлар даври тарихига қизиқади ва мамлакатимиз меъморий ёдгорликлари тасвирлари устида тинимсиз самарали меҳнат қилиб, бу борада жиддий муваффақиятларга эришди. Унинг “Гўри Амир. Самарқанд”, “Эски Қаффол Шайх мақбараси”, “Баҳоуддин Нақшбанд” каби асарларида тарихга янгича нигоҳ кўзга ташланади. Тарихий жанрдаги Амир Темур, Мирзо Улуғбек ва Берунийга бағишланган туркум картиналарининг кўлами кенг. “Атилланинг Римга кириб келиши” номли асарида ғарб тасвирий санъатининг таъсири сезилади. Рассомнинг тарихий асарлари Англия, Малайзия, Туркия, АҚШ, Франция, Исроил ва бошқа мамлакатларнинг тасвирий санъат тўпламларига киритилган.
Р.Ризамуҳамедов Миллий рассомлик ва дизайн институтидаги узоқ йиллик устозлик фаолияти давомида тасвирий санъатда кўзга кўринган ўнлаб ижодкорларни тарбиялаб келаётгани эътирофга лойиқ. Кўргазмада Абдуҳаким Каримов, Татяна Фадеева, Носир Ҳусанов, Қодир Аҳмедов, Ринат Бекберганов ва Матлуба Юсупова каби шогирдларининг асарлари ҳам намойиш этилди.