September 29, 2023

ВАҚТДАН ТАШҚАРИДА

Муҳаммад СИДДИҚ, Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти талабаси

* * *

Ҳаяжонми,

Шеърми,

Муҳаббатми у –

Капалакми,

Бунча ёқимли туйғу?!

Юрагимни гул деб ўйлар,

Эҳтимол...

Ва ё

Шамдек кўринаман унинг кўзига –

Балки парвонадир

Куйиб,

Кул бўлмоқни истаган малак?!

О, бунча жонҳалак –

Юргани қўймас,

Жим тургани қўймас,

Тун-кечалар бермас ҳеч уйқу...

Эй, қалбимни забт этган наво,

Эй, томоғим илма-тешик қилган тикан,

Товонимга ҳаргиз чўғ босиб,

Эй, умримга шиддат боғлаган елкан!

Кўрсат –

Уммонларда сузай бетизгин,

Ҳайқирай тўлқинлар аро беҳадик!

Қуёш юрагимга ботсин қизариб,

Бўзариб уфқларга туташиб кетай...

Тўфонми,

Ғалаён,

Қуюнми,

Вулқон –

Қўйнимга беркинган не ғавғодир бу,

Не савдодир бошимга тушган?

Кипригимда қалқиб, қалтираб турган –

Бу не дарёдир?!

Не учун бўғзимга тиқилган бу тош,

Кўксимда пайдар-пай ўсар қамишлар?

Нимага ҳамиша йўлдошдир менга –

Пайконлар, дарралар, найзалар, нишлар?!

Бунча изтиробли,

Бунча долғали,

Бунча пўртанали,

Бунча нолали –

Соғинчми,

Аланга,

Бу қандай қайғу?!

Бағримни ватан деб ўйлар не учун

Ва ё туюламан унга қудуқдек –

Оҳларин тўлдириб ташлар ичимга...

Кимдир чанқаб келса,

Қўлин узатса –

Учиб чиқаверар яна кўнглимдан

Капалакми,

Ёғду,

Муҳаббатми,

Нур,

Ҳаяжонми,

Меҳр –

Ёқимли туйғу...

* * *

Тилларанг далалар...

Тилла сомонлар –

Буғдой ўримидан қолган хазина!

Менга бунча яқин осмон томонлар,

Пойимга

Тўшалган

Бамисли зина –

Булутлар...

Қалбимга дўнган сакинат,

У ёнимда – зийнат,

Бу ёнимда – завқ!

Сиғмас қучоғимга поёнсиз ҳайрат,

Томиримда оқар қатра-қатра шавқ!

Қадим-қадим шиддат кўчган қонимга,

Неча йил долғаси бор товонимда?!

Чексиздир коинот қадар имконим –

Қай фалак тутaшган муштдек жонимга?

Шишаранг қаватлар,

Феруза тахтлар,

Сандалий саройлар,

Зумрад дарахтлар...

Бахмал кенгликларда чопаман шодон,

Дуч келмас бирорта нодон – бадбахтлар!

Вақтдан ташқарида

Не-не замон жам –

Бармоқларим аро айланадирлар...

Зўлдирдек кафтимга жойлашиб бу дам

Сайёралар қайта сайланадирлар!

Дардимга даволар бойланадирлар,

Бағримга наволар жойланадирлар,

Тақдиримни сўзга этдим ҳавола –

Жону жаҳонларим қийналадирлар!

Эй, ким бор бу савдо шарҳини билган,

Куйган юрагимнинг нархини билган?

Баҳоси қанчадир ишқ деган тилнинг,

Жазоси бунча кўп ёр деган дилнинг,

Борми бу ҳижроннинг ажрини билган?!

Ям-яшил қирларим,

Кенг адирларим...

Кел, хушбўй тупроғим –

Қулочим тўлсин!

Бошоқ излаб кетган бу сарсон қалбим

Қиёмат келса ҳам сенинг-ла бўлсин!

Кейин яқин келсин осмон томонлар,

Булутлар

Пойимга

Тўшалсин яна,

Ҳар ёнга сочилсин тилла сомонлар,

Тилларанг хазонлар,

Сим-сим мезонлар...

Ва бутун дунёни кўмсин хазина –

Чинакам маҳзанга етсин инсонлар!

Муҳаммад СИДДИҚ,

Ўзбекистон давлат санъат ва

маданият институти талабаси